Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
СУД АМАЛИЁТИДА ФУҚАРО ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ВА ИШЧАНЛИК ОБРЎСИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 май ва 1998 йил 11 сентябрдаги 24-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситиладиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш суднинг биринчи даражали вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни оммавий ахборот воситаларидан фуқароларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматлари ва ишчанлик обрўсига тажовуз қилиш мақсадида фойдаланишни ман этади.
Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти, бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Бозор муносабатлари шаклланаётган шароитда ташкилотларнинг обрўсини тиклаш, ижтимоий муносабатларда унинг фаолиятига одилона баҳо бериш ҳам катта аҳамият касб этади.
Пленум «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунни суд амалиётида қўллашда, қандай маълумотлар тарқатилганлиги ва улар қадр-қимматга қанчалик путур етказгани каби масалалар юзасидан муаммолар юзага келганлигини таъқидлайди ҳал қилув қарорларида ҳамма вақт ҳам шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларга раддия беришнинг аниқ усули ҳамда раддия берилиши лозим бўлган муддат кўрсатилмайди, суд харажатларини ундириш масаласи муҳокама қилинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ишни кўришни бир неча марталаб қолдириш, иш юргизишни асоссиз ҳаракатдан тўхтатиб қўйиш оқибатида низонинг муҳимлилик моҳияти йўқолиши туфайли даъвогарлар ўз талабларидан воз кечмоқдалар, анчагина аризалар эса кўрилмасдан қолдирилмоқда.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кўпчилик ишларда ҳал қилув қарорининг ижро этилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.
Судлар фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилиш ва келиб чиққан масалаларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддаси ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ юридик ва жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ўзининг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотлар бўйича раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қонунларни тўғри татбиқ этиш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишларига ёрдам беришини ҳисобга олиб, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги ишларни судлар синчиклаб, пухта кўришлари зарур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги талаблар, маълумотлар қандай шакл ва услубда тарқатилганидан қатъи назар, судга тааллуқлидир.
3. Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддасига биноан эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўз раддиясини мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб газеталарда улар келган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортса ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво аризадан у мулкий бўлмагани туфайли энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Айни бир вақтнинг ўзида моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаб ҳам қўйилган бўлса, давлат божи умумий асосларда талаб этилаётган сумма юзасидан ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Судларга тушунтирилсинки, бадном қилувчи маълумотларнинг жавобгар томонидан тарқатилганлиги фактини тасдиқловчи далилларни судга даъвогар тақдим этишга мажбурдир.
Даъво ариза ФПКнинг 149 ва 150-моддалари талабларига риоя қилинмай берилган ҳолларда ҳаракатсиз қолдирилади ва ФПКнинг 154-моддасига асосан камчиликларни бартараф этиш муддати кўрсатилади. Кўрсатилган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Суднинг ҳал қилув қарорлари ва ҳукмларида, тергов органлари қарорларида ва қонунда шикоят қилишнинг ўзгача тартиби кўзда тутилган бошқача расмий ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100-моддасида назарда тутилган тартибда кўриш мумкин эмас.
7. ФКнинг 100-моддаси 2-қисмига асосан манфаатдор шахс шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини бадном қилувчи маълумотлар унинг вафот этган оила аъзолари ёки қариндошларига нисбатан тарқатилганда ҳам уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига доғ туширувчи маълумотлар вояга етмаганлар ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб белгиланган шахсларга нисбатан тарқатилганда, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида қонуний вакиллари (ота-оналари, болаликка олувчилари, васийлари), ҳомийлари ёки ФПКнинг 46-моддаси тартибида прокурор ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни фақатгина ўша шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди.
Ўзининг шаънига ҳақоратловчи маълумотлар айтилган фуқаро, етарли асослар бўлган тақдирда, ҳақорат ёки туҳмат қилгани учун Жиноят кодексининг 139, 140-моддалари ёки Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41-моддаларига кўра гуноҳкорни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида иш қўзғатишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Бадном қилувчи маълумотлар деганда, айрим фуқаролар ёки жамоат фикрида амалдаги қонунларга ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиш нуқтаи назаридан қараганда шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар ҳисобланишини судларга тушунтирилсин.
Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги феъл-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларга шахсни бадном қилувчи маълумотлар деб бўлмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш вақтида тегишли жавобгарларни аниқлаб олиш лозим. Аризада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга раддия бериш талаб этилган бўлса, жавобгар сифатида муаллиф ва тегишли оммавий ахборот идораси жалб этилади. Маълумотлар расмий хабарлардан олинган ҳолларда («Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги Қонуннинг 28-моддаси) суд ёлғон маълумотларни дастлаб тарқатган шахсни ҳам жавобгар сифатида тортиши мумкин.
Агар бадном қилувчи маълумотлар хизмат таърифномаларида кўрсатилган бўлса, бундай даъволар бўйича уни имзолаган шахслар ҳамда таърифномани берган корхона, муассаса ёки ташкилот ишга жавобгар тариқасида жалб этилади.
Бадном қилувчи маълумотлар деворий ёки процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлмаган кўп нусхали рўзномаларда эълон қилинган бўлса, эълон қилинган мақола муаллифи билан бир қаторда мазкур рўзномани чиқарувчи ташкилот жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Суд мажлисида қуйидаги ҳолатлар ҳар томонлама аниқланиши лозим:
а) раддия берилиши талаб қилинаётган маълумотнинг тарқатилган-тарқатилмаганлиги;
б) бу маълумотлар юридик ёки жисмоний шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказган-етказмаганлиги;
в) бу маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100-моддасига асосан даъвогарнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни ҳақиқатга тўғри келишини тасдиқлаш жавобгарнинг зиммасига юклатилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 163-моддасига асосан шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ерга урувчи маълумотларга раддия бериш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Агар шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво билан бир вақтда даъвогар томонидан шу бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги оқибатида етказилган моддий зарарни ёки маънавий зиённи ундириш тўғрисида ҳам талаб қўйилган бўлса, суд бу талабни ФКнинг 985-моддасига мувофиқ ҳал этади.
ФКнинг 1021-моддаси 2-қисмига биноан агар зарар қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қопланишини назарда тутиш лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маънавий (мулкий бўлмаган) зарарнинг миқдорини белгилашда суд фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини оёқ ости қилган, обрўсини тўккан мақоланинг мазмуни ва моҳиятини, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни эълон қилган оммавий ахборот воситаси ёки муайян шахснинг айб даражасини шу мақола билан боғлиқ бўлган бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олади.
ФКнинг 1022-моддасига мувофиқ маънавий зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда судлар жабрланувчига етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига субъектив баҳоси, шунингдек, даъвогарнинг жисмоний ва маънавий азобларининг даражасини тасдиқловчи объектив маълумотлар хусусияти ва ҳақоратловчи ёлғон маълумотлари тарқатилган доирани ҳамда бошқа аҳамиятга молик ҳолатларни эътиборга олишлари керак.
14. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларга раддия бериш усулини кўрсатиши шарт. Раддия айнан шу ҳақиқатга зид маълумотни босиб чиқарган рўзномада ёки бошқа оммавий даврий нашрда эълон қилиниши лозим. Суд ҳал қилув қарорида бериладиган раддия матнини баён қилади ва у эълон қилинадиган муддатни кўрсатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ташкилотлар томонидан берилган ҳужжатларда бўлса, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ташкилот бундай ҳужжатни алмаштириб бериши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳар бир ишнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгарга кўпчилик олдида кечирим сўраш, тарқатилган маълумотларнинг нотўғри эканлигини йиғилишда эълон қилиш, даъвогарни бадном қилувчи маълумот хабар қилинган ташкилотга раддия ёзиб юбориш мажбуриятини юклатиши мумкин.
15. Даъвогарнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларга раддия бериш ҳақидаги ҳал қилув қарорини муддатида бажармаган ёки тегишли даражада бажармаган тақдирда суд ҳал қилув қарорини бажаришдан бош тортган жавобгарга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўради ва ҳал қилув қарорини ижро этиш учун янгидан аниқ муддат белгилашга ҳақли.
Мансабдор шахс ҳал қилув қарорини ижро этишдан қасддан бош тортса, суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 232-моддаси билан кўзда тутилган жавобгарлик масаласини ҳал этиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Судларнинг эътибори ушбу турдаги низоларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб ҳал қилиш зарурлигига ва ишларни кўришда сансоларликка йўл қўймасликка қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги ишларни кўришда бу маълумотларни тарқатилганлигини аниқ сабабларини тўлиқ текшириб, қонун билан ман этилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг тарқатилишини олдини олиш мақсадида тегишли хусусий ажримлар чиқарилиб, унинг ижросини судлар тегишли назорат остига олишлари лозим бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1992 йил 19 июнь,
5-сон