Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ КЕНГАЙТИРИШ ВА ИЧКИ БОЗОРНИ ТЎЛДИРИШ ЮЗАСИДАН ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Республика аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан бекаму-кўст тўлдириш, асосан қишлоқ жойларда замонавий юқори унумли техника ва технология билан жиҳозланган қайта ишловчи ихчам корхоналарни жадал барпо этиш, шу асосда янги иш жойларини шакллантириш, кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадлари ва фаровонлик даражасини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан манфаатдор хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички истеъмол бозорини улар билан тўлдириш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар маъқуллансин:
2009 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари энг муҳим турларини ишлаб чиқаришнинг асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
республика вилоятлари бўйича 2009 йилда янги мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узум экиладиган майдонлар ҳамда уларни етиштиришнинг прогноз ҳажмлари 2-иловага* мувофиқ;
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
2009 йилда республика вилоятлари бўйича гўшт ва сут етиштиришнинг прогноз ҳажмлари 3-иловага* мувофиқ;
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
республика вилоятларида 2009 — 2011 йилларда гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам ускуналардан фойдаланадиган янги корхоналар, шунингдек хом сут тайёрлаш бўйича сервис пунктларини барпо этиш дастури 4 ва 4а-иловаларга* мувофиқ;
* 4 ва 4а-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2009 йилда ноанъанавий мойли экинлар экиладиган майдонлар ва уларни ишлаб чиқариш, ана шу экинлардан ўсимлик ёғи тайёрлашнинг ҳисоблаб чиқилган ҳажмлари 5-иловага* мувофиқ;
* 5-илова рус тилидаги матнда берилган.
республикада томчилатиб суғориш тизимини татбиқ этишнинг прогноз параметрлари 6-иловага* мувофиқ.
* 6-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2009 йилнинг 15 февралига қадар муддатда 2009 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштиришнинг прогноз ҳажмлари асосида улардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрласин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар бир қишлоқ туманида мавжуд иссиқхоналарга қўшимча равишда ёқилғининг муқобил манбаларидан фойдаланадиган енгил конструкцияли 5 тадан иссиқхона барпо этилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 9 ноябрдаги ПҚ-1638-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2009 йилнинг 1 июлидан бошлаб гўшт-сут маҳсулотини саноат кўламида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш борасидаги фаолият фақат юридик шахс шаклида ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади;
гўшт ва сутни қайта ишлайдиган корхоналарга ўз маҳсулотини автофургонларда аҳолига нақд пулга сотиш ҳуқуқи берилади, бунда нақд маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар куни инкассация қилиниши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. «Ўзстандарт» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Ўзгўштсутсаноат» уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда тайёр гўшт-сут маҳсулотлари сифати устидан комплекс назорат ўрнатиш тизимини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
7. Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича белгиланган тартибда қуйидагиларга кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш учун банк кредит портфелининг камида 20 фоизи миқдорида (марказлаштирилган ресурслар ва халқаро молия институтларининг жалб этилган маблағлари ҳисобидан берилган кредитлар ҳажми бундан мустасно) махсус кредит линиялари очиш тавсия қилинсин:
маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга — озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда зарур бўлган технология ускуналари, хом ашё ва материаллар сотиб олиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимларини харид қилиш учун;
фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига — иссиқхоналар барпо қилиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини татбиқ этиш учун.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. 2014 йилнинг 1 январига қадар бўлган даврда қуйидагича солиқ ва божхона имтиёзлари берилсин:
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 561-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 9 ноябрдаги ПҚ-1638-сонли қарорига асосан чиқарилган)
асосий фаолият тури бўйича гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашаётган микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарнинг ягона солиқ тўлови ставкасини 50 фоизга камайтириш, бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқариш корхоналарини техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга, шу жумладан янги лабораториялар барпо этиш ва мавжудларини жиҳозлашга, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга, шунингдек хом-ашё базасини ривожлантиришга мақсадли тарзда йўналтириш;
гўшт ва сут етиштириш ҳамда уларни қайта ишлашда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ четдан олиб келинадиган технология ускуналари, уларнинг эҳтиёт қисмлари, ёрдамчи материаллар, таркибий қисм ва компонентларни божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилиш;
2009 йилда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури бўйича берилган имтиёзларни томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш учун машина, механизм ва ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 26 январь,
ПҚ-1047-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 5-сон, 34-модда; 2011 й., 52-сон, 561-модда; 2013 й., 52-сон, 690-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.03.2019 й., 06/19/5684/2708-сон; 13.12.2019 й., 06/19/5893/4150-сон)