ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
БИЗНЕС СОҲАСИ УЧУН СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ ЯГОНА ТАЛАБЛАРИ ВА СТАНДАРТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 28 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1891]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сонли «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 158-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
1. Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 26 декабрь,
120-сон
Молия вазирининг 2008 йил 26 декабрдаги 120-сонли буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сонли «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 158-модда) мувофиқ бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартларини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадларида бизнес соҳаси учун суғурта хизматларини кўрсатиш деганда тадбиркорлик хавфларини суғурталаш шартномалари бўйича суғурта ҳимоясини тақдим этиш тушунилади.
2. Мазкур Низом билан белгиланган ягона талаблар бизнес соҳаси учун суғурта хизматларини тақдим этаётган суғурталовчилар учун мажбурийдир.
3. Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг стандартлари стандарт тушунчалар ва суғурта хизматлари кўрсатишнинг стандарт шартларидан иборатдир. Суғурта хизматлари кўрсатишнинг стандартлари, агар қонун ҳужжатларида ёки суғурта шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бизнес соҳаси учун суғурта хизматларини кўрсатишда қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари
4. Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурталовчи истеъмолчига (тадбиркорлик хавфини суғурталаш шартномасини тузмоқчи бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга) қуйидагилар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ ахборотни тақдим этиши шарт:
а) суғурталовчи ҳақида (ошкора ахборотни);
б) суғурталовчи номидан ва топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган суғурта воситачилари (суғурта агентлари) ҳақида (агар истеъмолчи томонидан бундай талаб мавжуд бўлган тақдирда);
в) суғурта хизмати, яъни унинг нархи (суғурта мукофоти), қопламаси, шартлари, хизматнинг мақсадлари, таваккалчилик омиллари, кафолатлар, махсус истиснолари ва ҳ. к. ҳақида;
г) суғурта хизматининг истеъмолчи учун афзалликлари ва камчиликлари ҳақида;
д) суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг мажбуриятлари ҳақида;
е) суғурта мукофотлари (бадаллари) ва маблағларнинг кутилаётган қайтарилиши ҳақида (қўлланилиши мумкин бўлганда);
ж) суғурта даъволарини ҳал этиш тартиби ва суғурта шартномасининг бошқа шартлари ҳақида.
Суғурталовчи тақдим этаётган ахборот барча муҳим шартлар (позициялар) бўйича аниқ ва равшан, янглиштирмайдиган, осон тушуниладиган ва ёзма шаклда ёки тегишли электрон ташувчиларда бўлиши шарт.
5. Суғурталовчи:
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган суғурта хизматлари ва тақдим этиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурта хизматларини, ҳатто улар амалга оширилишининг ўзига хос шартларига эга бўлган ҳолатларда ҳам, мазкур Низомнинг талабларига мувофиқ кўрсатиши;
ўз ходимларининг барча ишларини қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот, шунингдек суғурта шартларидаги ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида ахборот тақдим этиши;
истеъмолчининг талабларига айнан мос келувчи суғурта хизматларини танлашга ёрдам бериши;
суғурта ҳодисаси юз берганда, суғурта товонини ўз вақтида тўланишини таъминлаши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз ишидаги хатоларни сўзсиз тузатиши ҳамда суғурта қилдирувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиши шарт.
6. Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 929-моддасида назарда тутилган суғурта шартномасининг муҳим шартлари бўйича келишувга эришилиши ҳамда улар суғурта шартномасида аниқ ва равшан баён этилиши шарт.
7. Суғурта шартномаси янглиштирувчи тасвирловчи ҳаракатлар ёки таърифлардан ҳоли бўлиши шарт. Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурталовчи қонун ҳужжатларида ва/ёки умум қабул қилинган амалиётда назарда тутилган суғурта қилдирувчи олдидаги қайсидир мажбуриятини ёки жавобгарлигини истисно қилиш ёки чеклашга интилиб, қайсидир меъёрни асоссиз равишда далил қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Агар суғурта шартномаси суғурталовчининг қайсидир саволларига суғурта қилдирувчининг жавоблари бўлмаган ҳолда тузилган бўлса, суғурталовчи тегишли ҳолатлар суғурта қилдирувчи томонидан маълум қилинмаганлигига асосланиб кейинчалик шартномани бекор қилишни ёхуд уни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қила олмайди.
9. Суғурталовчилар суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тизимини яратишлари ва қўллаб-қувватлашлари шарт. Суғурталовчилар суғурта даъволарини ўз вақтида ва одилона ҳал этишлари шарт. Суғурта даъволарини самарали ва тез ҳал этиш мумкин бўлган суғурта даъволарини ва низоларни ҳал этишнинг содда ва объектив жараёни мавжуд бўлиши лозим. Ушбу жараён аниқ ва осон тушуниладиган бўлиши лозим.
Суғурталовчи суғурта даъволарини кўриб чиқишнинг муқобил механизми сифатида ўзидан мустақил бўлган ташкилотга (масалан, Ассистанс хизмати ёки аджастерларга) мурожаат қилишга ҳақли.
10. Суғурталовчи суғурта шартномасида кўрсатилган воқеа содир бўлганлиги тўғрисида хабарни ва ушбу воқеага алоқадор ҳужжатларни олгандан кейин уч банк куни бўлган муддатдан кечиктирмай етказилган зарарларнинг сабаблари ва миқдорларини аниқлаш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча ҳужжатларни сўрашга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агар суғурталовчи воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олса, у суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома тузиши, унда суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига тўлаши лозим бўлган суғурта товонининг миқдорини кўрсатиши ва суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилган кундан бошлаб беш банк куни бўлган муддатдан кечиктирмай суғурта товонини тўлаши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Воқеа суғурта ҳодисаси деб тан олинмаса, суғурта қилдирувчи зарарларни қоплаш талаби билан мурожаат этган кундан бошлаб ўн беш кун бўлган муддатдан кечиктирмай суғурталовчи суғурта қилдирувчига рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган хабарномани йўллаши шарт.
III. Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг стандартлари
12. Суғурта шартномалари ва бизнес соҳаси учун суғурта хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа ҳужжат айланмасида (иш хатларида, зарарларни ҳал этиш ҳужжатларида ва ш. к.) фойдаланиладиган асосий атамалар ва таърифларнинг турлича талқин этилишини олдини олиш мақсадида, қуйидаги стандарт тушунчалар қўлланилади:
айланма — суғурта қилдирувчи томонидан сотилган ва етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар) учун суғурта қилдирувчига тўланилаётган (сийловлар чегирилган ҳолда) ва тўланган пул маблағлари;
бизнеснинг тўхташи — суғурта қилдирувчининг одатдаги фаолиятини юритишига тўсқинлик қиладиган ташқи ва ички омиллар билан боғлиқ равишда тадбиркорлик фаолиятининг тўхташи;
жорий харажатлар — суғурталанган фаолиятнинг тўхташи даврида суғурта қилдирувчининг муқаррар равишда давом этаётган харажатлари;
контрагент — суғурта қилдирувчи билан шартномавий муносабатларга кирувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;
контракт — суғурта қилдирувчи ва контрагент ўртасида ҳақ эвазига тузилган товарларнинг олди-сотди (хизматлар кўрсатиш, иш бажариш) шартномаси;
кутиш даври — контрактда кўрсатилган тўлов санасидан бошлаб ҳисобланадиган, суғурта шартномасида келишилган воқеа натижасида содир бўлган зарарни қоплашгача ўтиши лозим бўлган кетма-кет календарь кунлари сони;
суғурта шартномаси — ёзма келишув бўлиб, унга кўра суғурталовчи келишувда шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига келишувда назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурталанган фаолият — маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, иш бажариш ва (ёки) истеъмолчиларга товар сотиш бўйича суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта қилдирувчининг хўжалик фаолияти (бизнеси);
суғурталовчи жавобгарлигининг лимити — суғурта шартномасида белгиланадиган пул миқдори бўлиб, унинг чегарасида ҳар бир алоҳида ёки барча суғурта ҳодисалари бўйича суғурта товонининг миқдори белгиланади;
суғурта даври — суғурталовчи суғурта шартномаси амалда бўлган даврда содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган давр;
суғурталовчи — умумий суғурта соҳасининг тегишли класслари бўйича суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурта қилдирувчи — суғурталовчи билан суғурта шартномасини тузган, суғурта шартномасида келишилган суғурта мукофотини (суғурта тўловини) тўловчи ва суғурталовчи билан аниқ суғурта муносабатларига кирувчи ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;
суғурта полиси — суғурта шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ва суғурта қилдирувчига у суғурта мукофотини ёки унинг биринчи қисмини тўлагандан кейин бериладиган ҳужжат;
суғурта суммаси — суғурта қилдирувчи ва суғурталовчининг келишувига мувофиқ белгиланадиган пул маблағлари миқдори бўлиб, суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ундан ошмаган миқдорда тўлаш мажбуриятини олади;
суғурта ҳодисаси — суғурта шартномасида кўрсатилган ва у содир бўлиши билан суғурталовчининг суғурта қилдирувчига суғурта товони тўловини амалга ошириш мажбурияти келиб чиқадиган юз берган воқеа;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурта мукофоти — суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суғурта товони — суғурталовчи суғурта шартномасида келишилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчи кўрган зарарларини суғурта суммасидан ошмаган миқдорда тўлайдиган пул маблағлари миқдори;
Кейинги таҳрирга қаранг.
стандарт айланма — зарар кўришдан бевосита аввалги ўн икки ойга тенг қоплама тўлашнинг энг кўп даврига тўғри келадиган маблағлар айланмаси;
суғурта ҳудуди — суғурта амалда бўладиган ҳудуд. Суғурта шартномаси суғурта ҳудудида содир бўлган ҳодисаларга нисбатан амалда бўлади;
тегишли равишда товарларни жўнатиш (хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш) — контрактнинг шартлари ва муддатларига мувофиқ контрагентга товарларни жўнатиш (хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш), бунда:
а) жўнатилган товарлар (кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар) контрагент томонидан контракт шартлари ва муддатларига мувофиқ қабул қилиб олинган;
б) товарлар (хизматлар, ишлар) суғурта шартномаси амалда бўлган даврда жўнатилган (кўрсатилган, бажарилган);
в) товарлар (хизматлар, ишлар) контракт валютасига сотилган (кўрсатилган, бажарилган);
тадбиркорлик хавфи — тадбиркорнинг контрагентлари ўз мажбуриятларини бузиши ёки тадбиркорга боғлиқ бўлмаган вазиятларга кўра бу фаолият шарт-шароитларининг ўзгариши туфайли тадбиркорлик фаолиятидан кутилган даромадларни ололмаслик хавфи;
фойданинг йўқотилиши — суғурта қилдирувчи суғурталанган фаолиятидан бизнеси тўхташи даврида олиши мумкин бўлган фойда;
франшиза — суғурта шартномасида назарда тутилган, суғурталовчи томонидан қопланмайдиган суғурта қилдирувчи зарарларининг бир қисми. Франшиза ҳам суғурта суммасидан фоизлар кўринишида, ҳам аниқ суммада ўрнатилиши, ҳамда шартли ва шартсиз бўлиши мумкин. Шартли франшиза ўрнатилганда, суғурталовчи франшиза миқдоридан кўп бўлмаган зарар учун жавобгарликдан озод бўлади. Шартсиз франшиза ўрнатилганда эса, суғурталовчининг жавобгарлиги зарардан франшиза миқдорини чегириб қолган ҳолда аниқланади.
Шунингдек, суғурта шартномаларида вақт кўринишидаги франшиза (вақт франшизаси), яъни зарар содир бўлган пайтдан бошланиб, белгиланган вақт ўтиши билан тугайдиган вақт оралиғи ўрнатилиши ҳам мумкинки, бу вақт оралиғи давомида кўрилган зарарлар қопланмайди.
13. Суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ёзма аризаси асосида тузилади:
а) суғурта қилдирувчи фаолиятининг қонунийлигини белгилайдиган ҳужжатлар (ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун рухсатнома, лицензия ва б.);
б) суғурта ҳимояси сўралаётган контракт (шартнома, битим) нусхаси (зарурат бўлганда);
в) суғурталовчига таваккалчилик даражасини баҳолашга имкон берувчи бошқа ҳужжатлар.
Суғурталовчи тақдим этилган ҳужжатлар асосида суғурта шартномасини тузиш имконияти тўғрисидаги қарор қабул қилади. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан хабар қилинган, суғурта шартномасига алоқадор маълумотларни текширишга ҳақли. Хусусан, суғурталовчи ёки унинг вакиллари суғурта қилдирувчининг контрагенти билан контракт муносабатларига алоқадор ҳужжатларни ёки уларнинг нусхаларини текшириш ҳуқуқига эга.
Суғурта шартномаси тузилгандан сўнг ариза унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
14. Бир йил давомида амалда бўладиган бир нечта (қатор) контрактларга нисбатан Бош суғурта шартномасини тузишда суғурта мукофотларини тегишли контрактлар суғурталашга қабул қилиниши билан тўлашга йўл қўйилади. Бош суғурта шартномаси қуйидаги шартларга амал қилинганда тузилиши мумкин:
а) контрактлар бир хил турда бўлиши лозим (савдо-сотиб олиш ёки воситачилик ёки ш. к.);
б) контрагентлар таркиби Бош суғурта шартномаси амалда бўлган муддатда доимий бўлиши ва уни тузишдан олдин суғурталовчига маълум бўлиши лозим.
Суғурта қилдирувчининг талабига биноан суғурталовчи Бош суғурта шартномасининг таъсир доирасида бўладиган алоҳида контрактлар бўйича суғурта полисларини бериши шарт. Суғурта полисининг мазмуни Бош суғурта шартномасига номувофиқ бўлган тақдирда, суғурта полиси афзал кўрилади.
15. Таваккалчилик даражаси ўзгарганда қопланаётган таваккалчиликларнинг тавсифидан келиб чиқиб, суғурталовчи махсус ишлаб чиқилган тарифларни қўллашга ҳақли.
16. Суғурталовчидан суғурта товони талаб этилганда суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини ва зарарнинг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки уларнинг нусхаларини, ёки бошқа далилларни (контракт, юк ҳужжатлари, ҳисоб-фактуралар, тўлов ҳужжатлари, суғурта қилдирувчи ва дебитор ўртасидаги ёзишмаларни, ушбу зарарга тегишли бошқа ҳужжатларни) ҳамда воқеанинг содир бўлиш сабабларидан келиб чиқиб бошқа ҳужжатларни тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Суғурта товонининг миқдорини аниқлашда аризада кўрсатилган даромадни олиш учун суғурта қилдирувчи кўрган чора-тадбирлари ва шу мақсадда амалга оширган тайёргарликларини тасдиқловчи ҳужжатлар суғурталовчи томонидан инобатга олинади ва ўрганиб чиқилади (суғурта қилдирувчи томонидан товарлар, ускуналар (қарздордан бутловчи қисмларни олишни ҳисобга олган ҳолда) ва ш. к. етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномалари (контрактлари), янги ускуналарни ўрнатиш бўйича тайёргарлик ишларини олиб борилиши ва бошқа шу каби далиллар).
18. Агар суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, суғурталовчи суғурта қилдирувчидан тушунтиришлар ва тегишли қўшимча ҳужжатларни (бухгалтерия, банк ҳужжатларини ва б.), шу жумладан далолатномалар ҳамда аудиторлик ва баҳоловчи ташкилотларнинг хулосаларини сўрашга, зарур ҳолларда эса, содир бўлган воқеанинг тафсилотлари, суғурта қилдирувчининг ололмаган даромадларни (йўқотиш) сабаблари ва миқдорини эксперт баҳолаш учун мутахассисларни (экспертларни) жалб қилишга, шунингдек содир бўлган воқеанинг тафсилотларини ва зарарнинг миқдорини аниқлаш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Суғурта шартномаси амалда бўлган даврда тегишли равишда жўнатилган товарлар (кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар) учун суғурталовчи томонидан зарарни қоплаш бўйича талаблар зарар юз берган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида қабул қилинади.
20. Суғурта қилдирувчи зарарни келтириб чиқарган воқеанинг содир бўлганлиги ҳақида хабар қилганда, суғурталовчи суғурта даъвосини кўриб чиқиш ва содир бўлган воқеанинг тури, сабаблари ва тафсилотларини батафсил ўрганиб чиқиш учун ўз ходимини ёки бошқа шахсни юборишга ҳақли.
Суғурта қилдирувчи суғурталовчининг вакилига содир бўлган воқеанинг тури, сабаблари ва тафсилотларини ўрганиб чиқиш имкониятини таъминлаши ёки зарарни келтириб чиқарган воқеа содир бўлганлигини тасдиқловчи видео-, фотоматериалларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
21. Суғурта ҳодисасининг содир бўлиши муносабати билан жиноий иш, фуқаролик суд иши ёки маъмурий жазолар қўллаш ҳақида иш қўзғатилган бўлса, суғурталовчи тегишли суммаларни тўлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишини мутасадди идоралар томонидан тегишли қарор қабул қилингунга қадар кечиктиришга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Содир бўлган воқеа, зарарлар ҳажми ва суғурта товони миқдори бўйича томонлар ўртасида келишмовчиликлар бўлмаса, суғурталовчи тўланиши лозим бўлган суғурта товони миқдори кўрсатилган суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатномани (суғурта далолатномасини) тузади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Якуний қоидалар
23. Томонлар суғурта шартномаси ёки томонларнинг молиявий аҳволига тегишли маълумотларни нашр этиш, бошқа усул билан учинчи шахсларга ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.
24. Суғурта шартномасини тузиш ва ижро этиш жараёнида юзага келадиган барча баҳс ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилиши, келишувга эришилмаган тақдирда эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 5-сон, 47-модда; 2017 й., 35-сон, 938-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 19.03.2026 й., 10/26/1891-2/0258-сон)