Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
«ҲАКАМЛИК СУДИ ВА ХЎЖАЛИК НИЗОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1992 йил 1 январдан бошлаб кучга киритилсин.
2. «Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киритилгунга қадар Ўзбекистон Республикасининг ҳакамлик судлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ амалга оширадилар.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларининг малака ҳайъатлари фаолиятини ташкил этиш, ҳакамлик судларининг ҳакамларини аттестациядан ўтказиш, уларга малака класслари бериш, шунингдек, интизомий жавобгарликка тортиш ва лавозимдан озод этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси умумий судларининг судьялари учун белгилаб қўйилган амалдаги қонунларга мувофиқ амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ҳакамлик суди 1992 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши муҳокамасига амалдаги қонун ҳужжатларини «Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш ҳақидаги таклифларни тақдим этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси 1992 йил 1 январга қадар:
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларидаги ҳакамликларни тугатсин;
Ҳукумат қарорларини «Ҳакамлик суди ва хўжалик низоларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонунига зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини, шу жумладан йўриқнома ҳамда қоидаларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатига Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларининг умумий сонини тасдиқлаш вазифаси топширилсин.
7. Ҳакамлик судлари ходимларининг иш ҳақи республика бюджети ҳисобидан тўланади; ҳакамлик судлари ходимларининг моддий таъминоти, уларга тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли умумий судлари учун белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади, деб белгилаб қўйилсин.
8. Ҳакамлик судларининг моддий-техника таъминоти, уларни ташкилий-техникавий воситалар билан жиҳозлаш, шунингдек хизмат бинолари ва автотранспорт билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1991 йил 20 ноябрь,
444-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 87-модда)