ўзбекистон республикаси олий кенгашининг
Қарори
«КОРХОНАЛАР, БИРЛАШМАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРДАН ОЛИНАДИГАН СОЛИҚЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ВА «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИДАН, АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАРДАН ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ХУСУСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 24 апрелдаги 397-I-сон «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги қарори асосида ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқароларидан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1991 йилнинг 1 апрелидан кучга киритилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларнинг фойдасидан олинадиган солиқ ставкалари — II кварталда олинган фойдадан бошлаб;
б) фуқаролардан олинадиган ушбу Қонунда белгиланган даромад солиғининг ставкалари:
— меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ иш ҳақи ва бошқа пул ва натура ҳолидаги мукофотлар ва тўловлар бўйича — 1991 йилнинг 1 апрелидан амалга оширилган ишлар учун тўланган пуллардан бошлаб;
— фуқароларнинг бошқа даромадлари бўйича – 1991 йилда олинган даромадлардан бошлаб қўлланилади.
3. «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кучга киритиш тартиби ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарори 6-бандининг 3-қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «1991 йилда меҳнатга ҳақ тўлаш учун қилинадиган харажатларни ҳисоблаб чиқаришнинг базавий миқдори сифатида 1990 йилда мазкур мақсадлар учун қилинган, асосий фаолиятда банд бўлган ходимлар ( шу жумладан ишлаб чиқариш кооперативлари ходимлари) нинг таркиб топган ўртача иш ҳақининг Қонундаги 3-модда 4-бандга мувофиқ маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига қўшиладиган қисмига қараб ҳисоблаб чиқариладиган, лекин 400 сўмдан кўп бўлмаган, 1991 йилнинг II кварталидан бошлаб эса 480 сўмдан ортиқ бўлмаган харажатлар қабул қилинади».
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1991 йил 14 июнь,
294а-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 8-сон, 192-модда)