ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
УСТАВ КАПИТАЛИДА ДАВЛАТ АКЦИЯЛАРИ ПАКЕТИ (УЛУШЛАРИ) 50 ФОИЗДАН ОРТИҚ БЎЛГАН КОРХОНАЛАРДА ТАШҚИ АУДИТНИ ЎТКАЗАДИГАН АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ РЎЙХАТИГА АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИНИ КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 9 сентябрда 1668-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 15 октябрдаги 02/29-10/36 ва 132-сонли «Устав капиталида давлат акциялари пакети (улушлари) 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказадиган аудиторлик ташкилотлари рўйхатига аудиторлик ташкилотларини киритиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1668-6,26.10.2018 й.) асосан 2019 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади).
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 4 апрелдаги ПҚ-615-сонли «Аудиторлик ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда улар кўрсатаётган хизматлар сифати учун жавобгарликни ошириш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 155-модда) га мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2007 йил 12 февралдаги 01/12-18/03 ва 20-сонли қарори билан тасдиқланган «Устав капиталида давлат акциялари пакети (улушлари) 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказадиган аудиторлик ташкилотлари рўйхатига аудиторлик ташкилотларини киритиш тартиби тўғрисидаги Низом»га (рўйхат рақами 1668, 28 март 2007 й. ––– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 13-сон, 128-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.
Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Д. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 15 август,
01/12-18/08-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 15 август,
75-сон
Давлат мулки қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2008 йил 15 августдаги 01/12-18/08, 75-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Устав капиталида давлат акциялари пакети (улушлари) 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказадиган аудиторлик ташкилотлари рўйхатига аудиторлик ташкилотларини киритиш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Устав капиталида давлат акциялари пакети (улушлари) 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудитни ўтказадиган аудиторлик ташкилотлари рўйхатига (кейинги ўринларда — Рўйхат) аудиторлик ташкилотларини киритиш учун танлов мазкур Низом билан белгиланган талабларга жавоб берувчи ва барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувини ўтказиш ёки ташаббус тарздаги ва банклар, суғурта ташкилотлари ва устав капитали 500 млн. сўмдан юқори бўлган очиқ акциядорлик жамиятларидан ташқари хўжалик юритувчи субъектларда мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотларининг аризалари асосида амалга оширилади.».
2. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Танловда иштирок этиш учун аудиторлик ташкилотига қуйиладиган талаблар:
а) барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувини ўтказиш ёки ташаббус тарздаги ва банклар, суғурта ташкилотлари ва устав капитали 500 млн. сўмдан юқори бўлган очиқ акциядорлик жамиятларидан ташқари хўжалик юритувчи субъектларда мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг мавжудлиги;
б) аудиторлик ташкилоти раҳбари ва штатдаги аудиторларда амалда бўлган аудиторлик сертификатларининг (ариза берилган пайтда) мавжудлиги;
в) аудиторлик фаолияти соҳасида камида 2 йиллик тажрибага эга бўлиши, шу жумладан, акциядорлик жамиятларини текшириш бўйича;
г) аудиторлик ташкилотида қимматли қоғозлар бозори соҳасида малакага эга бўлган камида битта мутахассиснинг мавжудлиги (малака мазкур ихтисослик бўйича маълумотга эга бўлиши ёки қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака аттестатининг мавжудлиги ёки ушбу соҳада иш тажрибасига эга бўлиши билан тасдиқланади);
д) фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги;
е) Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2006 йил 21 августдаги 76-сонли буйруғи билан тасдиқланган 4-сонли аудиторлик фаолиятининг миллий стандарти «Аудиторлик ташкилотларининг ички стандартларига қўйиладиган талаблар»га (2006 йил 25 сентябрь, рўйхат рақами 1624 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 392-модда) мувофиқ ички стандартларнинг мавжудлиги».
3. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13. Танловда иштирок этиш учун аудиторлик ташкилоти ишончли тасдиқланган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувини ўтказиш ёки ташаббус тарздаги ва банклар, суғурта ташкилотлари ва устав капитали 500 млн. сўмдан юқори бўлган очиқ акциядорлик жамиятларидан ташқари хўжалик юритувчи субъектларда мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг нусхаси;
б) аудиторлик ташкилоти раҳбари ва штатдаги аудиторларнинг аудиторлик сертификатларининг нусхалари;
в) акциядорлик жамиятларини текшириш бўйича иш тажрибасига эга эканлигини тасдиқловчи камида 2 та аудиторлик хулосаларнинг нусхалари;
г) қимматли қоғозлар бозори соҳасида малакага эга эканлигини тасдиқловчи маълумоти тўғрисида диплом ёки қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака аттестати ёки меҳнат дафтарчасидан нусхалар;
д) фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг нусхаси;
е) ички стандартлар нусхалари».
3. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.
Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 14 август,
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 37-38-сон, 387-модда)