Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
ИККИ ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА ҚЎШМА КОМИССИЯ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат қонунчилигига асосан икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашни истаб,
тенглик, ўзаро манфаатдорлик ва суверенитетни тўла ҳурмат қилиш принципларига асосланган самимий ва конструктив мулоқот, икки томонлама муносабатларнинг барча соҳалари ва умумий манфаатларни кўзлайдиган халқаро масалалар бўйича икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашувга ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга ўз ижобий ҳиссасини қўшишига ишонч ҳосил қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда. Мақсадлар
Икки томонлама маслаҳатлашувлар ва Томонлар ўртасида ўзаро манфаатга жавоб берадиган турли соҳалардаги ҳамкорликни енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида Томонлар Ташқи ишлар вазирлари даражасида ва/ёки ундан кичикроқ мансабдаги шахслар даражасида Қўшма комиссия (бундан кейин — «Комиссия») тузадилар.
2-модда. Мажлисни ташкил қилиш тартиби
1. Комиссия мажлислари ҳар йили ёки Томонларнинг ўзаро розилигига кўра, хоҳлаган вақтда навбати билан Ўзбекистонда ва Индонезияда ўтказилади. Мажлислар Томонлар Ташқи ишлар вазирлари даражасида ва/ёки ундан кичикроқ мансабдаги шахслар даражасида ўтказилади.
2. Комиссия мажлисини ўтказиш санаси, жойи, кун тартиби ва вакилларининг даражаси Томонлар ўртасида ўзаро келишилади ҳамда дипломатик каналлар орқали иложи борича тезроқ бир-бирларига хабар берилади.
3. Комиссия мажлисларининг иккала Томон билан келишилган натижалари протоколлар шаклида расмийлаштирилади. Томонлар мажлислар натижаларининг махфий сақланишига кафолат берадилар ва улар ўртасида алмашинадиган ҳужжатлар ва ахборотни, бошқа Томоннинг олдиндан юборган ёзма розилигисиз, учинчи Томонга бермайдилар.
4. Зарурат пайдо бўлганда, Томонлар ўзаро келишув асосида муайян масалалар бўйича ишчи гуруҳ тузишлари мумкин.
3-модда. Ҳамкорлик асослари
Томонлар қуйидаги соҳаларда маслаҳатлашувлар ва умумий манфаатларга доир масалалар юзасидан фикр ва ахборот алмашишни амалга оширадилар:
1) Сиёсий, маданий, ижтимоий, таълим, экология муаммолари ва хавфсизлик масалалари бўйича;
2) савдо-иқтисодий ва инвестиция муносабатларини, шунингдек ўзаро ҳамкорликни рағбатлантириш ва кенгайтириш масалаларини ўз ичига олувчи икки томонлама масалалар бўйича;
3) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан боғлиқ масалаларни қамраб олиши мумкин бўлган минтақавий ва глобал масалалар бўйича.
4-модда. Молиявий масалалар
1. Комиссия мажлисларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қабул қилувчи Томон ҳисобидан молиялаштирилади.
2. Делегацияларнинг Комиссия мажлисларида иштирок этишлари учун сарфланган барча харажатлар юборувчи Томон ҳисобидан молиялаштирилади.
3. Томонлар ўзаро розилик асосида бошқа келишувларга келишлари мумкин.
5-модда. Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ушбу Англашув Меморандумига Томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар Томонлар келишган кундан бошлаб кучга киради ва ушбу Англашув Меморандумининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
6-модда. Низоларни ҳал қилиш
Ушбу Англашув Меморандумини қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ барча баҳслар ёки келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
7-модда. Кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Ушбу Англашув Меморандуми имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
2. Англашув Меморандуми беш (5) йил давомида ўз кучида қолади ва Томонлардан бирортаси уни амал қилишини тўхтатиш нияти борлиги тўғрисида бошқа Томонга ҳеч бўлмаганда ушбу Англашув Меморандумининг амал қилиш муддати тугашидан олти (6) ой аввал хабар бермаса, ўз-ўзидан кейинги беш (5) йиллик муддатларга узаяверади.
3. Ушбу Англашув Меморандумининг тугатилиши, Томонлар мазкур Англашув Меморандуми доирасида амалга оширилаётган барча дастурларнинг амал қилиш муддатлари ва ҳолатларига таъсир этмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Англашув Меморандумини имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 13 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, Индонезия ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 1-2-сон)