Ўзбекистон Республикаси Марказий банки («ЎзРМБ») ва Бирлашган Араб Амирликлари Марказий банки («БААМБ») ўртасидаги
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
ҲАМКОРЛИК ВА АХБОРОТ АЛМАШУВ ТЎҒРИСИДАГИ
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги мавжуд бўлган дўстона ва ҳамкорлик муносабатларни эътиборга олиб, ҳамда икки давлат тартибга солувчи (регулятив) органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагини билдириб,
Бирлашган Араб Амирликлари Марказий банки (бундан буён матнда «БААМБ» деб аталувчи) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда «ЎзРМБ» деб аталувчи)
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1. БААМБ ва ЎзРМБ молиявий сектордаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун иккала мамлакатдаги иқтисодий вазиятни ва амалга оширилаётган сиёсатни ўзаро тушунишга ёрдам берадилар. Иккита орган умумий макроиқтисодий сиёсат доирасидаги монетар ва регулятив, шунингдек банк тизими, банкларни тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари бўйича ишончли ва очиқ фикр алмашишда иштирок этадилар.
2. БААМБ ва ЎзРМБ, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги доирасида Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистоннинг манфаатдор идоралари ўртасида молиявий фаолият бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида барча саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.
3. Банклар ўртасида тузилган келишувлардан келиб чиқиши мумкин бўладиган ихтилоф ва баҳслар манфаатдор банклар ўртасида ҳал қилинади. БААМБ ва ЎзРМБ банкларга бундай ихтилоф ва баҳсларни тезкор ечилишини таъминлаш бўйича ёрдам ва маслаҳат кўрсатилишини таъминлайдилар.
Шу муносабат билан ЎзРМБ ва БААМБ:
Ўзбекистонда ва Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодий ўсишга кўмаклашиш мақсадида монетар ва молиявий сиёсат масалалари бўйича фикр алмашишга,
Ўзбекистонда ва Бирлашган Араб Амирликлари ишончли молия тизимини таъминлашга кўмаклашадиган банк иши фаолияти, халқаро банк пруденциаллиги тамойилларининг бажарилиши, шунингдек банкларни тартибга солиш ва консолидациялашган назорат қилиш бўйича фикр алмашишга,
Ўзбекистонда ва Бирлашган Араб Амирликлари молия ва банк фаолияти ҳамда молия ва банк фаолиятига тегишли бўлган ҳар қандай қоидалар бўйича ахборот алмашишга,
ЎзРМБ ва БААМБ ўртасида ходимларни ўқитиш ва ходимлар тажрибаси билан ўзаро алмашиш соҳасида самарали ҳамкорликни ўрнатишга ва мустаҳкамлашга ҳам келишиб олдилар.
Ўзаро манфаатга эга бўлган масалалар ЎзРМБ ва БААМБ ўртасида тегишли хатлар алмашув йўли билан белгиланади.
4. Ушбу Англашув Меморандуми имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва икки (2) йил давомида амал қилади. Башарти ЎзРМБ ёки БААМБ Меморандумни бекор қилиш тўғрисида 30 кун олдиндан ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати узаяверади.
Ушбу Меморандум икки нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди. Келишмовчилик ёки номувофиқликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
Абу Даби шаҳрида 2008 йил 17 мартда имзоланди.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 1-2-сон)