Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ОЛИБ ҚОЧГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 73-I-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Транспорт воситаларини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
Ўзбекистон Республикасининг 1959 йил 21 майдаги Қонуни билан тасдиқланган (ЎзССР Олий Советининг Ведомостлари, 1959 йил, № 6, 2-модда; 1983 йил, № 1, 1-модда; 1985 йил, № 31, 359-моддаси) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-2-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«209-2-модда. Транспорт воситаларини олиб қочиш
Транспорт воситаларини олиб қочиш —
уч йилдан етти йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такрор ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса —
мол-мулкини мусодара қилиб, етти йилдан ўн икки йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ жиноятчи томонидан, ёхуд куч ишлатиб ёки дўқ-пўписа қилиб содир этилса —
мол-мулкини мусодара қилиб, ўн йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади».
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
219-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 72-модда)