ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ҚАРОРИ
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ МЕЗОНЛАРИ ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА»НИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 16 декабрдаги 16-мҳ, 16, 19-мҳ, 12-2019 ва 18-қ/қ-сонли «Таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3214, 27.01.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги 293-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ва 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича йўриқнома» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Б. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 12 июнь,
01-193-сон
Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 12 июнь,
173-сон
Халқ таълими вазири Ғ. ШОУМАРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 12 июнь,
25-сон
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг 2008 йил 12 июндаги 01-193, 173, 25-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича
Кейинги таҳрирга қаранг.
йўриқнома
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги 293-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 289-модда) ҳамда 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 6-7-сон, 37-модда) 12-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларини (бундан кейинги ўринларда таълим муассасалари деб юритилади) аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологияларини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I. Умумий қоидалар
1. Таълим муассасалари аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан кейинги ўринларда ДТМ деб юритилади) томонидан ташкил этилади ҳамда ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Йўриқнома талаблари жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига татбиқ қилинмайди.
2. Аттестация таълим муассасаларида таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ушбу Йўриқномада белгиланган технологиялар асосида ўтказилади ҳамда уларнинг фаолияти аттестациядан ўтказиш мезонлари бўйича баҳоланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Таълим муассасалари аттестацияси ДТМ томонидан тузиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган аттестациядан ўтказиш жадвали асосида ўтказилади.
4. Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссиялари (бундан кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ тузилади.
II. Аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш технологиялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомда белгиланган таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ишлаб чиқилган мезонлар асосида уларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолашдан иборат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-§. Мактабгача таълим муассасаларини баҳолаш
6. Мактабгача таълим муассасалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади (600 баллгача):
а) таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги бўйича (100 баллгача).
Таълим муассасасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланиши, таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасасида ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича кўрилган амалий чора-тадбирларнинг тўлақонли бажарилиши назоратга олинганлигига, ижро интизомига қатъий амал қилинганлигига, шунингдек, ҳужжатлар ижроси бўйича йиғма жилдларнинг мавжудлигига баҳо берилади. Ташкилий ва бошқарув ҳужжатларининг юритилиши ўрганилади;
б) тарбияланувчиларнинг таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириш даражаси бўйича (300 баллгача).
Тарбияланувчиларнинг таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириш даражаси мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясига қўйиладиган давлат талабларига асосан ўрганилади.
Назорат ишларининг натижалари асосида Комиссия томонидан таълим муассасаси тарбияланувчиларининг билим, кўникма ва малака (тасаввур, тушунчалар) тайёргарлиги даражасига баллар мезон талабларига асосан қуйидаги тартибда қўйилади:
жисмоний ривожланиши бўйича:
тарбияланувчиларнинг 80 фоизи ва ундан кўпи назорат ишларини қониқарли, яхши ва аъло (бундан кейинги ўринларда ижобий деб юритилади) баҳоларга бажарса, мос равишда 80 баллдан 100 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан 80 фоизигачаси назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 55 баллдан 80 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан ками ўтказилган назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, 0 балл берилади;
нутқ ва тафаккурининг ривожланиши бўйича:
тарбияланувчиларнинг 80 фоизи ва ундан кўпи назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 80 баллдан 100 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан 80 фоизигачаси назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 55 баллдан 80 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан ками ўтказилган назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, 0 балл берилади;
маънавий-маданий етуклик бўйича:
тарбияланувчиларнинг 80 фоизи ва ундан кўпи назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 80 баллдан 100 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан 80 фоизигачаси назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 55 баллдан 80 баллгача;
тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан ками назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, 0 балл берилади;
в) тарбиячи-педагог кадрлар салоҳияти бўйича (100 баллгача).
Таълим муассасалари тарбиячи педагог кадрлари салоҳияти, раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифалари тақсимотининг малака талабларига мувофиқлиги, раҳбар ва педагог кадрлар тўғрисидаги маълумот ўрганилади.
Тарбиячи-педагог кадрлар салоҳиятини аниқлашда, таълим муассасасидаги олий маълумотлилар ҳамда олий ва I-тоифали педагоглар сони қўшилади. Улар йиғиндиси жами тарбиячи педагог кадрлар сонининг иккига кўпайтмасига бўлинади ва натижа 100 га кўпайтирилади;
г) болалар ривожи учун ўйинчоқлар, услубий қўлланма ва болалар адабиёти билан таъминланганлиги, спорт майдончалари ва зарур шароитларнинг яратилганлиги, овқатланиш ҳамда дам олиш хоналарининг белгиланган санитария-гигиеник ва эстетик талабларга мослиги ва улардан фойдаланиш ҳолати бўйича (100 баллгача).
Таълим муассасаси биноси ва ҳудудининг ҳолати, коммуникация алоқа воситалари билан таъминланганлиги ва ундан фойдаланиш, ўқув-кўргазмали қуроллар ва ўйинчоқлар билан таъминланганлиги, спорт зали ва майдонларининг мавжудлиги ва ҳолати, спорт инвентарлари билан таъминланганлиги, майдончада сайр ўтказиш учун зарур бўладиган жиҳозлар, хўжалик жиҳозлари билан таъминланганлиги, сарфланадиган озиқ-овқат турлари ва миқдори белгиланган нормалар асосида ўрганилади.
7. Мактабгача таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш кўрсаткичларнинг ҳар бири алоҳида баҳоланади. 6-банднинг «а», «в», «г» кичик бандларида келтирилган кўрсаткичлар бўйича тўпланган балл мезонларда белгиланган баллнинг 65 фоизидан кам бўлса, ушбу кўрсаткичларнинг натижаси умумий балл чиқарилганда ҳисобга олинмайди ва кўрсаткичлар сони камайтирилмайди.
2-§. Умумий ўрта таълим муассасаларини баҳолаш
8. Умумий ўрта таълим муассасалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади (1000 баллгача):
а) Таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги бўйича (100 баллгача):
таълим муассасасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланиши, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таълим муассасаси бошқарувига татбиқ этилиши, таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилиши, ташкилий ва бошқарув ҳужжатларининг юритилиши, ўқув-педагогик ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва юритилиши, йиллик иш режанинг бажарилиши ўрганилади ҳамда баҳоланади;
б) ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги бўйича (200 баллгача):
ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги аттестация комиссияси томонидан ўтказиладиган назорат ишлари орқали баҳоланади.
Комиссиянинг қарорига биноан назорат иши олинадиган синфлар қуръа ташлаш йўли билан аниқланади (синфлар сони тўлиқ келтирилади ва таълим муассасаси раҳбари иштирокида ўтказилади. Агар параллел синфлар сони 1 та ёки 2 та бўлса ҳаммаси, 3 та ва ундан кўп бўлса, параллел синфларнинг учдан икки (2/3) қисми Комиссия томонидан қуръа ташлаш йўли билан танланади (1-синф ўқувчилари назорат ишларида қатнашмайди). Таълим бир нечта тилда олиб бориладиган таълим муассасаларида таълим тилига қараб, уларнинг ҳар бирининг учдан икки (2/3) қисмидан синфлар танланади. Назорат ишларида ўқувчиларнинг 100 фоизи қатнашиши таъминланиши зарур. Назорат ишларида узрсиз сабабга кўра қатнашмаган ўқувчиларга «қониқарсиз» баҳо қўйилади ва унинг натижаси умумий натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинади. Комиссия фаолияти даврида сабабли асосга кўра назорат ишида қатнашмаган ўқувчилар натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинмайди ва ўқувчилар умумий сонидан чиқариб ташланади.
Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари билим даражаси 2-синфда: она тилидан ёзма (диктант — ўқув йили биринчи ярмида 25—30 та сўз, ўқув йилининг охирида 35—45 та сўз), ўқиш (оғзаки ўқиш тезлиги бир дақиқада 60—70 та сўз), математикадан ёзма (3 та мисол);
3-синфда она тилидан ёзма (диктант-ўқув йили биринчи ярмида 45—55 та сўз, ўқув йилининг охирида 55—65 та сўз), ўқиш (оғзаки ўқиш тезлиги бир дақиқада 70—80 та сўз), рус мактаблари учун ўзбек тилидан (диктант — 20—30 та сўз), рус тилидан ўзбек мактаблари учун ёзма (диктант — 20—30 та сўз);
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-синфда она тилидан ёзма (диктант — ўқув йили биринчи ярмида 65—70 та сўз, ўқув йилининг охирида 75—80 та сўз), ўқиш (оғзаки ўқиш тезлиги бир дақиқада 80—90 та сўз), математикадан ёзма (3 та мисол);
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-синфда адабиётдан 20 та тест саволи, математикадан ёзма (5 та мисол), географиядан 20 та тест саволи;
6-синфда ботаникадан 20 та тест саволи, Ватан туйғусидан 20 та тест саволи, ўзбек тилидан (рус мактаблари учун), рус тилидан (ўзбек мактаблари учун) ёзма (диктант — 100—110 та сўз);
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-синфда она тили ва адабиётдан ёзма (диктант — ўқув йили биринчи ярмида 130 та сўз, ўқув йилининг охирида 155 та сўз), физикадан ёзма (4 та мисол ва масала), хорижий тилдан 25 та тест саволи;
8-синфда она тили ва адабиётдан ёзма (диктант — ўқув йили биринчи ярмида 155 та сўз, ўқув йилининг охирида 180 та сўз), тарих ёки давлат ва ҳуқуқ асосларидан 30 та тест саволи, кимёдан ёзма (5 та масала);
9-синфда она тили ва адабиётдан ёзма (ижодий баён — 350-400 та сўз), математикадан ёзма (5 та мисол ва масала), физикадан 25 та тест саволи, тарих ёки давлат ва ҳуқуқ асосларидан 30 та тест саволи, кимёдан 25 та тест саволи, ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар)дан 25 та тест саволи, рус тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар)дан 25 та тест саволидан иборат назорат ишлари олинади.
Назорат ишларининг ўтказилиши ва баҳоланишида аттестация ўтказилаётган таълим муассасаси педагог кадрларининг иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Назорат ишларининг натижалари асосида Комиссия томонидан таълим муассасаси битирувчилари ва ўқувчиларининг билим, кўникма ва малакаларига, тайёргарлик даражасига баллар мезон талабларига асосан қуйидаги тартибда қўйилади:
битирувчиларнинг 75 фоизидан кўпи назорат ишларини ижобий (қониқарли, яхши, аъло) баҳоларга бажарса, мос равишда 75 баллдан 100 баллгача;
битирувчиларнинг 60 фоиздан 75 фоизигачаси назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 60 баллдан 75 баллгача;
битирувчиларнинг 60 фоизидан ками назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, 0 балл берилади;
ўқувчиларнинг 60 фоизи ва ундан кўпи назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 60 баллдан 100 баллгача;
ўқувчиларнинг 50 фоиздан 60 фоизигачаси назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мос равишда 50 баллдан 60 баллгача;
ўқувчиларнинг 50 фоизидан ками назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, 0 балл берилади;
в) ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси бўйича (100 баллгача):
ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси, услубий кенгашнинг ташкил этилганлиги ва фаолияти, ўқувчиларнинг ахборот ресурс маркази (кутубхона)дан фойдаланилиши баҳоланади;
г) педагог кадрлар салоҳияти бўйича (100 баллгача):
таълим муассасалари педагог кадрлари салоҳияти, раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифалари тақсимотининг малака талабларига мувофиқлиги, раҳбар ва педагог кадрлар тўғрисида маълумот ўрганилади;
педагог кадрлар салоҳиятини аниқлашда таълим муассасасидаги олий маълумотга эга шахслар ҳамда олий ва I-тоифали педагоглар сони қўшилади. Улар йиғиндиси жами педагог кадрлар сонининг иккига кўпайтмасига бўлинади ва натижаси 100 га кўпайтирилади;
д) таълим жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги бўйича (100 баллгача):
таълим муассасалари ўқув-тарбиявий жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва технологияларининг жорий этилиши, компьютер билан таъминланиши ва ундан фойдаланиш ҳолати, ахборот технологияларининг жорий этилиши, намунавий ўқув дастури ва ўқув-мавзуий режаларда тавсия этилган лаборатория ишларининг ишчи тақвим-мавзуий режаларга киритилганлиги ҳамда бажарилган лаборатория ишларининг сони ва сифати таҳлили асосида ўрганилади ва баҳоланади;
е) моддий-техник салоҳиятни ривожлантириш бўйича давлат дастурининг бажарилиши ҳолатига (100 баллгача):
таълим муассасалари моддий-техник салоҳиятини ривожлантириш бўйича давлат дастурининг бажарилиши, биноси ва ҳудудининг ҳолати, коммуникация воситалари билан таъминланганлиги ва ундан фойдаланиши, маъмурий ва услубий хоналар ҳолати, ўқув майдонларининг талабларга мослиги, хоналарнинг ўқув мебели ва ўқув-техник воситалар билан таъминланганлиги, фан йўналиши бўйича синф хоналарининг ўқув-кўргазмали қуроллар билан таъминланганлиги, маъмурий ва услубий хоналарнинг мебель ва техник воситалар билан, ошхонанинг жиҳозлар билан тиббиёт хонасининг зарур жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминланганлиги амалдаги меъёрий талаблар асосида ўрганилади ва баҳоланади;
спорт инвентарлари билан таъминланганлиги, спорт зали ва майдонларининг мавжудлиги белгиланган талаблар асосида баҳоланади;
ж) маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилиш сифати бўйича (100 баллгача):
таълим муассасалари маънавий-маърифий ишларининг ташкил этилиши ва бажарилиши, маънавият ва маърифат хонасининг жиҳозланиши, тўгараклар фаолияти, ҳамкорлик ишлари ўрганилади;
з) ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифати бўйича (100 баллгача):
таълим муассасалари ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифатига оид амалий ишлар ва психологик хизматнинг йўлга қўйилганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 473-сонли «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига изчил ўтишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 20-сон, 199-модда) ва «Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишга қамраб олиш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низомга (2008 йил 26 март, рўйхат рақами 1779) кўра ўрганилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
и) рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланилиш сифати бўйича (100 баллгача):
таълим муассасаларидаги рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланиши ва ўқувчилар билим сифати мониторингининг ташкил этилиши ўрганилади ва баҳоланади.
9. Умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш кўрсаткичларининг ҳар бири алоҳида баҳоланади.
8-банднинг «а», «в» — «и» кичик бандларидаги кўрсаткичлар бўйича тўпланган балл мезонларда белгиланган баллнинг 55 фоизидан кам бўлса, ушбу кўрсаткичларнинг натижаси умумий балл чиқарилганда ҳисобга олинмайди ва кўрсаткичлар сони камайтирилмайди.
3-§. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини баҳолаш
10. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:
а) ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлиги бўйича:
ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлигини ўрганишда қуйидаги талабларнинг бажарилганлигига эътибор берилади:
академик лицейда таълим йўналиши, касб-ҳунар коллежида мутахассислик бўйича тасдиқланган тармоқ таълим стандарти, намунавий ва ишчи ўқув режалар, ўқув режадаги барча фанлар бўйича намунавий ўқув дастурлари ва календарь-тематик режалар, барча турдаги амалиётлар бўйича намунавий ва ишчи дастурлар мавжуд бўлиши;
ишчи ўқув режа намунавий ўқув режага мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ва унинг давлат таълим стандартлари талаблари доирасида бўлиши;
фанлар бўйича календарь-тематик режалар ҳамда амалиёт турлари бўйича ишчи дастурлар намунавий дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ва унга мос бўлиши.
Календарь-тематик режалар, дарс жадвали, ўқув машғулотлар журналларининг ишчи ўқув режаларига мувофиқлиги ўрганилади ва таҳлил қилинади.
б) таълим муассасаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлик ҳолати бўйича:
илмий-педагогик кенгашнинг йиллик иш режаси, унинг Илмий-педагогик кенгаш Низомида белгиланган асосий вазифаларга мувофиқлиги, Илмий-педагогик кенгаш қарорларининг бажарилиши тегишли баённомалар асосида расмийлаштирилганлиги таҳлил қилинади;
ўқув-тарбиявий жараёнда фойдаланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги ва таълим-тарбиявий жараёнга жорий этилганлик ҳолати ўрганилади. Жумладан, ўқувчилар қабулининг ташкил этилиши ва ўтказилиши, битирувчилар якуний давлат аттестациясининг ташкил этилиши ва ўтказилиши, ўқувчиларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини назорат қилишнинг рейтинг тизими, дарс жадвали тузилиши, ўқув машғулотлари журналлари юритилиши таҳлил қилинади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, идора ва ташкилотлардан келган ҳужжатларнинг рўйхатга олиниши ва улар ижросининг таъминланганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши ўрганилади;
в) ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси (билими) бўйича:
ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун Комиссия аттестациядан ўтказиладиган йўналиш (мутахассислик)да таълим олаётган II-курс ўқувчиларидан умумтаълим, III-курс ўқувчиларидан чуқурлаштирилган ва мутахассислик фанларидан тест, ёзма иш, касбий амалий имтиҳон каби шаклларда назорат ишлари ўтказади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Назорат ишларига ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислик)дан гуруҳлар сони 4 тагача бўлганда битта гуруҳ, 5—10 та бўлса 2 та гуруҳ, 10 тадан кўп бўлганда 3 та гуруҳ жалб этилади. Назорат ишлари ўтказиладиган гуруҳлар Комиссия томонидан қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинади. Бошқа тилларда таълим олиб бориладиган гуруҳлардан 2 ва 3 та гуруҳ танланган ҳолларда улар орасидан битта бошқа тилларда таълим олиб бориладиган гуруҳ танланади. Назорат ишларида танлаб олинган гуруҳлар ўқувчиларининг 100 фоиз қатнашиши таъминланиши зарур. Танлаб олинган гуруҳлар бошқа гуруҳлар ўқувчилари ҳисобига тўлдирилишига йўл қўйилмайди. Назорат ишларида узрсиз сабабга кўра қатнашмаган ўқувчиларга «қониқарсиз» баҳо қўйилади ва унинг натижаси умумий натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинади. Комиссия фаолияти даврида сабабли асосга кўра назорат ишида қатнашмаган ўқувчилар натижа чиқарилаётганда ҳисобга олинмайди ва ўқувчилар умумий сонидан чиқариб ташланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Умумтаълим фанларидан назорат ишлари она тили ва адабиёти, хорижий тил, математика, тарих, физика, биология, кимё, информатика фанлари орасидан йўналиш (мутахассислик)нинг хусусиятига қараб танланади ва камида 4 та фандан ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Академик лицейда таълим йўналиши бўйича 3 та асосий чуқурлаштирилган, касб-ҳунар коллежида 3 та мутахассислик фанлардан назорат ишлари ўтказилади.
Тест синовлари ДТМ томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тест синови натижалари қуйидаги мезон бўйича баҳоланади: тест саволларининг 55 фоизигача тўғри жавоб берилса «қониқарсиз» баҳо, 55 фоиздан 70 фоизигача «қониқарли» баҳо, 70 фоизидан 85 фоизигача «яхши» баҳо, 85 фоиздан 100 фоизигача тўғри жавоб берилса «аъло» баҳо қўйилади.
Ёзма иш (иншо, баён, диктант), амалий имтиҳонлар таълим муассасасида амалда қўлланилаётган баҳолаш мезони бўйича баҳоланади.
Таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича танланган барча фанлардан ўтказилган назорат ишларида ижобий баҳоланган ўқувчиларнинг салмоғи 55 фоиздан кам бўлмаслиги лозим;
г) педагог, муҳандис-педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг сифат таркиби бўйича:
педагог, муҳандис-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан таъминланганлиги, педагог кадрлар салоҳияти, раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифаларининг малака талабларига мувофиқлиги ўрганилади;
таълим йўналиши (мутахассислик) ўқув режасидаги барча фанлар ва амалиётлардан назарий ва амалий машғулотларни олиб борувчи педагог, муҳандис-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан тўлиқ таъминланган бўлиши зарур;
педагог, муҳандис-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари таянч маълумотининг дарс бераётган фанларига мослиги таҳлил қилинади;
илмий даражага эга, шунингдек ўқув адабиётлари нашр этган раҳбар ва педагоглар салмоғи таҳлил қилинади;
д) ўқув режасидаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, луғат, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарслик)нинг мавжудлиги ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фондининг ўқув адабиётлари билан тўлдирилганлиги бўйича:
таълим йўналишларининг ўқув адабиётлари билан таъминланганлиги таҳлил қилинади. Таълим муассасасида таълим йўналиши (мутахассислик) ўқув режасидаги ҳар бир фандан камида битта номда дарслик ёки ўқув қўлланма (дарслик ва ўқув қўлланма яратилмаган фандан эса таълим муассасаси Илмий-педагогик кенгаши томонидан тавсия этилган маърузалар тўплами) мавжуд бўлиши лозим;
таълим муассасаси ахборот-ресурс маркази (кутубхона)нинг ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси ўрганилади. Ахборот-ресурс маркази фондининг ўқув адабиётлари, жумладан янги авлод дарсликлари билан ўқувчиларнинг таъминланганлик даражаси таҳлил қилинади;
е) ахборот-ресурс марказининг ўқитиш тилига мос ҳолда ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилиши бўйича:
ахборот-ресурс маркази умумий фонди, унинг ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилишининг сўнгги уч йиллик динамикаси ўрганилади;
ж) моддий-техник таъминот, ўқув, лаборатория ва амалиёт хоналари ҳамда устахоналарнинг жиҳозланиши, ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилганлиги, компьютерлаштириш даражаси, моддий-техник базанинг мавжуд таълим йўналишларига мослиги бўйича:
умумтаълим фанларидан ўқув хоналари, компьютер ва лингофон синфлари, физика, кимё ва биология фанлари учун лаборатория хоналарининг мавжудлиги ва жиҳозланиши ўрганилади. Мавжуд жиҳозларнинг тармоқ таълим стандарти ва ўқув дастури талабларини бажариш учун етарлилиги таҳлил қилинади;
академик лицейда таълим йўналиши бўйича чуқурлаштирилган фанлардан назарий ва амалий машғулотлар учун ўқув ҳамда лаборатория хоналарининг мавжудлиги, жиҳозланиш даражаси ўрганилади;
касб-ҳунар коллежида мутахассисликлар бўйича назарий ва амалий машғулотлар учун ўқув, лаборатория ва ўқув амалиёти хоналари, устахона ва ўқув хўжаликларининг мавжудлиги ва уларнинг жиҳозланиш даражаси ўрганилади. Мавжуд жиҳозларнинг тармоқ таълим стандарти ва ўқув дастури талабларини бажариш учун етарлилиги таҳлил қилинади;
академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини компьютерлаштириш даражаси ўрганилади;
з) мавжуд ўқув-лаборатория жиҳозлари, дастгоҳ, асбоб-ускуна ва техникаларнинг ўқув жараёнида ишлатилиши бўйича:
ўқитишнинг техник воситалари, ахборот технологиялари, ўқув-лаборатория ва устахона жиҳозларининг ўқув жараёнида ишлатилиши ҳамда уларнинг сақланиш ҳолати таҳлил қилинади;
умумтаълим, чуқурлаштирилган ва мутахассислик фанларидан белгиланган лаборатория ишларининг услубий таъминоти ва бажарилиши ўрганилади. Лаборатория ишларининг услубий қўлланма ва кўрсатмалари мавжуд бўлиши ҳамда ишчи ўқув дастури (календарь-тематик режа)да режалаштирилган лаборатория ишлари тўлиқ бажарилган бўлиши зарур;
и) замонавий педагогик технологияларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши бўйича:
замонавий педагогик ва ахборот технологияларга асосланган дарс усули ҳамда уларга доир тарқатма материаллар, технологик хариталарнинг мавжудлиги, уларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши ўрганилади;
й) иқтидорли ўқувчилар, республика ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари салмоғи бўйича:
Халқаро ва республика фан олимпиадалари, бадиий-ижодий танловлар ва спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар салмоғи таҳлил қилинади;
к) таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси, таълим муассасаларида васийлик кенгашларининг ташкил этилганлиги ҳамда улар фаолиятининг самараси бўйича:
олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан тузилган шартномаларнинг бажарилиши, ўзаро ҳамкорлик асосида амалга оширилган ишлар ҳамда васийлик кенгашининг фаолияти таҳлил қилинади;
л) касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлиги, таълим муассасасига ўқувчилар қабул қилиш жараёнининг ташкил этилиши ва амалга оширилиши бўйича:
ўқувчилар қабулини ташкил этиш ва амалга оширишда касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилганлиги ўрганилади;
таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича қабул режасининг бажарилиши таҳлил қилинади;
м) битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш даражаси бўйича:
академик лицей битирувчиларидан олий таълим муассасаларига ўқишга, касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан ишга жойлашганлари ва олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлари салмоғи баҳоланади;
н) маънавий-маърифий ишларнинг режа асосида ташкил этилганлиги ва унинг самараси бўйича:
маънавий-маърифий ишлар режасининг мавжудлиги, мазмуни ҳамда унда белгиланган тадбирларнинг бажарилиши, маънавий-маърифий йўналишдаги кўрик-танловларда эришилган натижалар, таълим муассасаси ҳудудини ободонлаштириш ишларининг аҳволи, ётоқхона ишларининг ташкил этилганлиги ўрганилади;
о) ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳолати бўйича:
овқатланиш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун яратилган шароитлар, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлил қилинади.
11. Таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича қуйидаги асосий ҳисобланган кўрсаткичлар:
а) таълим йўналиши (мутахассислик) тасдиқланган давлат таълим стандарти, тармоқ таълим стандарти, намунавий ўқув режа ва дастурлар билан тўлиқ таъминланган ҳамда ишчи ўқув режа ва ўқув дастурлари намунавий ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ бўлганда;
б) аттестация жараёнида ўтказилган назорат ишларида ижобий баҳоларга ўзлаштирган ўқувчилар салмоғи 55 фоиздан кам бўлмаганда;
в) барча ўқитилаётган фанлар ва амалиётлар бўйича педагог, муҳандис-педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан тўлиқ таъминланган ҳамда уларнинг лавозим вазифалари малака талабларига мувофиқ бўлганда;
г) ҳар бир фандан ўқитиш тилига мос камида битта номда дарслик ёки ўқув қўлланма (дарслик ва ўқув қўлланма яратилмаган фандан эса таълим муассасаси илмий-педагогик кенгаши томонидан тавсия этилган маърузалар тўплами) ахборот-ресурс маркази (кутубхона)да мавжуд бўлганда;
д) умумтаълим, чуқурлаштирилган ва мутахассислик фанларидан ишчи ўқув дастурда белгиланган лаборатория ишларини бажариш учун керакли жиҳозлар билан таъминланган ҳамда режалаштирилган лаборатория ишлари бажарилганда таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича таълим муассасаси «Аттестациядан ўтди» деб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-§. Олий таълим муассасаларини баҳолаш
12. Олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади;
а) давлат таълим стандартининг ўқув жараёнига жорий этилиши бўйича:
таълим йўналиши ва мутахассисликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлиги ўрганилади. Муайян бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги давлат таълим стандарти, ўқув режа, ишчи ўқув режаси, ишчи ўқув режасида келтирилган барча фанларнинг намунавий ва ишчи ўқув дастурлари билан таъминланган бўлиши зарур;
ишчи ўқув режаларнинг намунавий ўқув режаларига мослиги, календарь-тематик режалар, дарслар жадвали, ишчи ўқув дастурларида белгиланган дарс соатларининг ишчи ўқув режада белгиланган дарс соатларига мувофиқлиги, ишчи ўқув дастурларига қўйиладиган талабларнинг бажарилганлиги ўрганилади ва таҳлил қилинади;
олий таълим муассасалари ўқув жараёни жадвалининг мавжудлиги, ўрнатилган тартибда тасдиқланганлиги, унда мазкур жараённинг тўлиқ акс эттирилганлиги ва унинг амалиётга татбиқ этилиши таҳлил қилинади;
талабалар билимларини ва ўзлаштиришини рейтинг тизими асосида баҳолашнинг ҳолати ўрганилади. Талабалар билимларини баҳолашда қўлланиладиган назорат воситалари (тестлар, ёзма ишлар саволлари ва бошқалар)нинг фан дастури мазмунини тўлиқ қамраб олиши таҳлил этилади;
таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича тугалланган ўқув йилидаги битирувчиларнинг якуний давлат аттестациялари натижалари таҳлил қилинади;
б) талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) бўйича:
талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) Комиссия томонидан ўтказилган назорат ишлари орқали баҳоланади. Талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражасини аниқлаш бакалавриат таълим йўналишлари учун битирувчи курс талабалари ўқув режадаги 3, 4-блок фанларидан, биринчи курсдан ташқари бошқа курс талабалари 2, 3, 4-блок фанларидан, магистратура мутахассислиги битирувчи талабалари мутахассислик блоки фанларидан назорат ишларига жалб қилинади. Жалб қилинган талабаларнинг камида 95 фоизи назорат ишларида қатнашиши шарт. Ҳар бир йўналиш (3 та фан) ва мутахассисликлар учун (2 та фан) курслар бўйича назорат ўтказиладиган тугалланган фанлар белгиланади. Ўқув дастурини тўлиқ қамраб олган ҳолда ҳар бир фан учун кўп вариантли тест ёки ёзма иш саволлари тайёрланади; назорат ишларини баҳолаш рейтинг тизими асосида амалга оширилади;
фанлардан ўтказилган тест ёки ёзма назорат ишлари бўйича талаба тўплаган умумий балл максимал баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори бўлса «аъло» баҳо, 71 фоиздан 86 фоизигача бўлса «яхши» баҳо, 55 фоиздан 71 фоизигача бўлса «қониқарли» баҳо, 55 фоиздан кам бўлса талабага «қониқарсиз» баҳо қўйилади;
талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) муайян таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигидаги барча танланган фанлардан назорат ишларида талабаларнинг ижобий баҳоланганлари салмоғи (умумий баллнинг 55 фоизидан юқориси) 70 фоиздан кам бўлмаслиги лозим;
в) профессор-ўқитувчилар илмий-педагогик салоҳияти бўйича:
кафедралар илмий-педагогик кадрлар салоҳияти белгиланган малака талабларга мослиги аниқланади. Бунда ҳар бир кафедра бўйича профессор-ўқитувчилари таянч маълумотларининг тегишли мутахассисликка мослиги ёки уларнинг тегишли қайта тайёрлашдан ўтганлиги ёки мос ихтисослик бўйича илмий унвон, даражага эга бўлиши таҳлил қилинади. Улар асосида кафедранинг илмий даражали ва илмий унвонли профессор-ўқитувчилар салмоғи аниқланади. Мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчилари ўқув юкламаларининг тақсимоти ва уларнинг бажарилиши ўрганилади.
Кафедралар профессор-ўқитувчиларининг дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-тадқиқот ишлари натижалари нашри ва малака ошириш борасидаги сўнгги 3 йиллик фаолияти ўрганилади.
Олий таълим муассасалари кафедраларида сўнгги 3 йилда профессор-ўқитувчилар қўнимсизлиги ўрганилади. Бунда асосий эътибор профессор-ўқитувчиларнинг қандай сабабларга кўра ишдан бўшаганлигига қаратилади;
г) илмий-тадқиқот ишларининг истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб олиб борилаётганлиги бўйича:
илмий-тадқиқот ишларининг истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб олиб борилаётганлиги ҳолати олий таълим муассасалари кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг илмий-тадқиқот ишларидаги (фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар кесимида) иштироки, илмий ишларининг амалиётда қўлланилиши, молиялаштириш манбалари бўйича ўрганилади. Олий таълим муассасаларининг кафедраларида сўнгги 3 йилда бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган илмий-тадқиқот ишлари ҳажми ўрганилади;
д) талабаларнинг дарслик (шу жумладан, электрон дарсликлар) ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик даражаси бўйича:
олий таълим муассасаларида охирги уч йилда барча таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўқув режалардаги фанларнинг адабиёт (дарслик ва ўқув қўлланма)лар билан таъминланганлиги таълим муассасасининг Илмий кенгашида неча марта муҳокама қилинганлиги, бу ҳақда ўқув-услубий бўлимда таълим муассасаси бўйича таҳлилий материаллар мавжудлиги ўрганилади. Таҳлилий материалларда фанлардан давлат тилида адабиётлар мавжудлиги, фанлар асосий адабиётлар билан тўлиқ таъминланганлигига аҳамият берилади. Ўқув адабиётлар билан таъминланмаган ёки тўлиқ таъминланмаган фанлар бўйича етишмайдиган адабиётлар қайси манбалардан ва қайси муддатларда таъминланиши чора-тадбирлари ишлаб чиқилганлиги ўрганилади;
олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш режаси мавжудлиги, мазкур режани таянч олий таълим муассасалари ҳамда мос йўналишдаги таълим муассасалар билан келишилганлиги ва унинг бажарилиши таҳлил қилинади. Алоҳида электрон дарсликлар, виртуал лаборатория ишлари ва виртуал стендлар яратиш режаси мавжудлиги, уларнинг бажарилиши ўрганилади;
талабаларни ишчи ўқув режадаги фанлар ўқув дастурларида кўрсатилган асосий дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси кафедралар бўйича ўрганилади. Ҳар бир фандан ўқитиладиган тил бўйича шу фан бўйича ўқитиладиган талабалар сонидан келиб чиқиб асосий адабиётга (дарслик ва ўқув қўлланмага) бўлган талаб ва улар билан амалда таъминланганлик даражаси аниқланади;
е) моддий-техник таъминот, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютерлаштириш салмоғи, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан тўлдирилиш ҳолати ва улардан фойдаланилиши ҳамда фойдали ўқув-лаборатория майдони билан таъминланганлик даражаси бўйича:
ўқув-лаборатория майдонига қўйилган норма талаблари аниқланади. Бунда қуйидагилар таҳлил қилинади:
олий таълим муассасасининг умумий ўқув майдони, ўқув аудитория, курс ва диплом лойиҳаси заллари ва бошқа турдаги фойдали майдонлар (кв.м. ҳисобида) ва уларнинг меъёр талабларига мослиги;
олий таълим муассасасидаги тиббиёт хонаси, профилакторий ва умумий овқатланиш шохобчаларининг мавжудлиги, майдони ва ўринлар сони талабларга мослиги;
талабалар турар жойларининг майдони, яшаш учун мўлжалланган ўринлар сони, талабалар уйига муҳтож талабалар сони аниқланади;
олий таълим муассасасида спорт майдонларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилади;
олий таълим муассасасида мавжуд компьютерлар ва ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинади;
ҳар бир таълим йўналиши ва мутахассислиги ўқув режасига биноан лаборатория машғулотлари мавжуд бўлган фанлар бўйича режалаштирилган лаборатория ишларининг чоп этилган услубий кўрсатмалар, тегишли жиҳозлар (асбоб-ускуна) билан таъминланганлиги ва тўлиқ бажарилаётган лаборатория ишлари таҳлил қилинади. Амалда умуман бажарилмаётган ёки тўлиқ бажарилмаётган лаборатория ишларининг сабаблари экспертлар томонидан ўрганилади. Олий таълим муассасалари имкониятидан келиб чиқиб, режадаги лаборатория ишларининг неча фоизи ўқув юрти ҳудудидан ташқарида (ишлаб чиқариш корхонаси, ташкилотлар, ўқув тажриба хўжалиги ва шу кабиларда) бажарилаётгани таҳлилда акс эттирилади. Лаборатория машғулотларини бажаришда виртуал стендлар ва компьютер техникасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Фан дастурларида кўрсатилган лаборатория ишларининг услубий кўрсатмалар билан 100 фоиз таъминланиши ва бажарилиши шарт;
ахборот ресурс маркази (кутубхона) фаолияти ўрганилади. Бунда китоб жамғармаси, уларнинг янгиланиши, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг янги авлодларини харид қилиш суръати, таълим йўналишига оид республикада ва хорижда чоп этиладиган журналларга обуна ҳажми, қироатхонадаги ўринлар сони таҳлил қилинади. Ахборот ресурс маркази (кутубхона)нинг компьютерлар билан таъминланганлиги, электрон кутубхона тизимининг яратилганлиги, уларга ўқув адабиётларнинг электрон версияларини юкланганлиги, компьютерларнинг интернет тармоғига уланганлари сони ва талабаларни компьютер техникасидан эркин фойдаланишига имкон яратилганлиги ўрганилади;
кутубхона ходимларининг эгаллаб турган лавозимларининг малакавий талабларга жавоб бериши таҳлил қилинади;
ж) замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиш ҳолати қуйидаги асосларга кўра таҳлил қилинади:
педагогик ва ахборот технологиялари бўйича малака оширган таълим йўналишидаги профессор-ўқитувчилар салмоғи, ўқув жараёнида илғор ахборот технологияларидан ва алоқа воситаларидан, жумладан, интернет тармоқларидан фойдаланиш имконини берадиган компьютерлар сони, интернет тармоғига жойлаштирилган таълим ресурслари ҳажми, замонавий педагогик ва ахборот технологияларни қўллаб ўтилган дарслар сони, ахборот-таълим ресурслари ҳажми, оралиқ ва якуний назоратларни ўтказишда компьютер тестлардан фойдаланиш ўрганилади;
з) таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграцияси бўйича:
олий таълим муассасасининг кадрлар тайёрлаш ва биргаликдаги илмий технологик ечимлар яратишда корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш даражаси (самарали ёки самарасиз) ўрганилади;
илғор технология соҳасида педагог кадрларнинг малакасини бевосита ишлаб чиқаришда оширилиб бориши (мунтазам ёки мунтазам эмаслиги), таълим йўналишлари бўйича истеъмолчилар бозорининг ўрганилганлиги (маркетинг хизмати асосида), илмий-тадқиқот институти ходимларининг ўқув жараёнида иштирок этишлари таҳлил қилинади;
талабалар бажараётган малакавий битирув ишлари ва магистрлик диссертация мавзуларининг долзарблиги, сифати ва ишлаб чиқаришга жорий қилинганлиги ўрганилади. Бунда мавзулар долзарб, мазмунли ва малакавий битирув иши, магистрлик диссертацияларига қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши шарт;
и) аспирантура ва докторантура орқали ҳамда мустақил тадқиқотчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти бўйича:
олий таълим муассасасининг аспирантура, докторантура ва илмий тадқиқотчилик орқали олий малакали (фан номзодлари ва фан докторлари) кадрлар тайёрлаш фаолияти таҳлил этилади. Аспирантура ва докторантурани тугатиб ўз муддатида ҳимоя қилганлар сони, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар, мутахассисликлар бўйича аспирантура ва докторантуранинг мавжудлиги, уларнинг ўқув юрти ихтисослигига мослиги ўрганилади;
аспирантура, докторантура ва илмий-тадқиқотчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти олий таълим муассасасининг умумий кўрсаткичи сифатида баҳоланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
й) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорлик бўйича:
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг иштироки ўрганилади. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари иштирокида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ташкил қилинган кафедралар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ҳамкорликда яратилган ўқув адабиётлари, таълим муассасалари ўқув-лаборатория базаларидан ҳамкорликда фойдаланиш ўрганилади ва таҳлил қилинади. Олий таълим муассасаси билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик шартномалари мавжудлиги, уларнинг бажарилиши таҳлил этилади.
Ушбу фаолият олий таълим муассасасининг умумий кўрсаткичи сифатида баҳоланади ва таҳлилий маълумотнома тайёрланади;
к) маънавий-маърифий фаолият бўйича:
бунда қуйидагилар таҳлил қилинади:
таълим муассасаси маънавий-маърифий ишлар режаси, мазмуни ва унинг бажарилиши (баённомалар асосида);
профессор-ўқитувчиларнинг тарбиявий ишларга жалб этилганлиги;
таълим муассасасидаги маънавий-ахлоқий муҳит, педагогларнинг ахлоқий сифатлари (сўровнома асосида);
профессор-ўқитувчилар ва талабалар томонидан содир этилган қонунбузарлик ва жиноятлар ҳолати (ҳуқуқ-тартибот органлари расмий маълумотлари асосида);
халқаро ва республика миқёсидаги маънавий-маърифий кўрик-танловларда, олимпиадаларида, спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаган талабалар салмоғи;
олий таълим муассасасининг ахборот-ресурс маркази (кутубхона)даги адабиётлардан фойдаланаётган талабалар салмоғи;
талабалар турар жойида ўқиш ва дам олиш учун яратилган шарт-шароитлар.
Маънавий-маърифий жараённи ўрганишда, шунингдек, педагогик жамоа, хусусан, ижтимоий-гуманитар фанлар профессор-ўқитувчи ва педагогларининг нуфузли маънавий-маърифий тадбирларда долзарб мавзулар билан иштирок этганликлари, «Мураббийлар кенгаши», унинг фаолияти, «Маънавият» бўлими фаолияти ўрганилади;
л) битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга кириши ёки ишга жойлашиши бўйича:
бунда олий таълим муассасасининг битирувчиларни ишга тақсимлаш бўйича тасдиқланган тақсимот комиссияси фаолияти ҳар бир таълим йўналиши ва мутахассисликлари кесимида таҳлил қилинади.
Контракт пуллари тўловлари идора ва корхоналар томонидан амалга оширилган битирувчиларнинг шартнома талабларини бажаришлари таҳлил қилинади;
м) халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши бўйича:
олий таълим муассасасининг сўнгги 3 йилдаги халқаро ҳамкорлик фаолияти ўрганилганда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:
хорижий мамлакатлар билан шартнома асосида талаба, аспирант, докторант, илмий ходимлар алмашинуви;
фан соҳасида халқаро илмий тадбирларнинг ташкил этилиши (семинар, анжуман, симпозиум ва ҳ.к.);
фан соҳасида халқаро совринлар соҳиблари;
хорижий мамлакатлардаги методик, илмий семинарлар аъзолари;
мунтазам хорижий илмий алоқага эга бўлган профессор-ўқитувчилар сони;
чет эл грантлари асосида бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари (номи, сони, ҳажми);
хорижий мамлакатларда чоп этилган монография, мақола ва ўқув адабиётлари сони (турлари бўйича);
хорижий инвестицияларнинг жалб қилиниши;
хорижий мамлакатлар учун тайёрланган илмий даражали кадрлар сони.
Ушбу йўналиш бўйича таҳлилий маълумот натижалари олий таълим муассасасининг умумий кўрсаткичи сифатида баҳоланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-§. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларини баҳолаш
13. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади (500 баллгача):
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) давлат талабларининг ўқув жараёнига жорий этилиши бўйича (100 баллгача) :
Кейинги таҳрирга қаранг.
курсларнинг тегишли ҳужжатлар билан таъминланганлиги ҳамда уларнинг кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга оид қонун ҳужжатларининг бажарилиши;
курсларнинг давлат талаблари, ўқув ва ишчи ўқув режалар, фанларнинг намунавий ва ишчи ўқув режалари билан таъминланганлиги ва мослиги; календарь-тематик режалар, дарслар жадвали, ишчи ўқув дастурларининг ишчи ўқув режаларига мувофиқлиги;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тингловчилар билимларини баҳолашда қўлланиладиган назорат воситалари (тестлар, ёзма ишлар саволлари ва бошқалар)нинг фан дастури мазмунини тўлиқ қамраб олиши каби масалалар таҳлил этилади.
Тингловчиларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) Комиссия томонидан ўтказилган назорат ишлари орқали баҳоланади. Назорат ишларига тингловчиларнинг барчаси жалб қилинади. Муайян курсларда малака ошириш ёки қайта тайёрлашдаги тингловчиларнинг назорат ишларида ижобий баҳоланганлар салмоғи камида 90 фоизни ташкил этиши шарт;
Кейинги таҳрирга қаранг.
б) моддий-техник, ўқув-лаборатория таъминоти, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш ҳолати бўйича (200 баллгача):
Кейинги таҳрирга қаранг.
моддий-техник, ўқув-лаборатория таъминоти, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш ҳолати таҳлил қилинади;
в) илмий-педагогик кадрлар салоҳияти ва улар фаолиятининг самарадорлиги бўйича (100 баллгача):
Кейинги таҳрирга қаранг.
илмий-педагогик кадрлар салоҳиятининг амалдаги нормаларга мослиги аниқланади. Илмий даражали ва илмий унвонли профессор-ўқитувчилар салмоғи, сўнгги 3 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-тадқиқот ишлари натижаларининг нашри ҳамда малака ошириш фаолияти ўрганилади;
г) ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши (жумладан, мультимедиа ва бошқа услубларнинг қўлланилиши) бўйича (100 баллгача):
Кейинги таҳрирга қаранг.
кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасасининг замонавий компьютер техникаси билан таъминланганлиги ва замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилади;
д) таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорлик фаолияти бўйича:
кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаси фаолиятида ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш даражаси ўрганилади;
илғор технология соҳасида педагог кадрларнинг малакасини бевосита ишлаб чиқаришда ошириб бориши, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга бўлган талабнинг ўрганилганлиги, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ўқув жараёнида иштирок этишлари таҳлил қилинади.
III. Якуний қоидалар
14. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик темир йўл компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Ф. НАЗИРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири С. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори З. САТТАРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Маданият ва спорт ишлари вазири Р. ҚУРБОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
«Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик темир йўл компанияси раиси А. РАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Ташқи ишлар вазири В. НОРОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Навоий кон-металлургия комбинати директори Н. КУЧЕРСКИЙ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь
Ўзбекистон Бадий академияси раиси Т. ҚЎЗИЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 5 июнь