ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИ ДАВЛАТ РЕЕСТРИДАН ЧИҚАРИШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 16 майда 1809-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Давлат реестридан чиқариш учун тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳуқуқий экспертиза қилиш натижаси бўйича 2008 йил 13 майдаги хулосага ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон қарорига ва «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2000 йил 19 майдаги 197-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасининг 2008 йил 5 майдаги 15-727-сон хатини инобатга олган ҳолда, буюраман:
1. Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 8 октябрда 494-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Тузларнинг кўллардаги конлари захираларига таснифлашни қўллаш бўйича Вақтинчалик йўриқнома» Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Давлат реестридан чиқарилсин ва бу ҳақда мазкур Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестридан чиқарилганлигини барча манфаатдор шахслар эътиборига етказиши лозимлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б.Хасанов) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Давлат реестридан чиқарилганлигини барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши устидан назоратни таъминласин.
4. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (А. Инанбабаев) ушбу буйруқни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» − «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е.Каньязов зиммасига юклансин.
Адлия вазири Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 16 май,
99-мҳ-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 20-21-сон, 182-модда)