ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ ТОМОНИДАН ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ФИЛИАЛЛАРИ РАҲБАРЛАРИ, БОШ БУХГАЛТЕРЛАРИ, БОШҚАРУВ АЪЗОЛАРИ, КРЕДИТ УЮШМАЛАРИ ҲАМДА МИКРОКРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ИЖРО ОРГАНЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ЛАВОЗИМЛАРИГА ТАВСИЯ ЭТИЛАЁТГАН НОМЗОДЛАРГА НИСБАТАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 19 майда 1641-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 24 февралдаги 7/10-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2988, 30.03.2018 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, кредит уюшмалари ҳамда микрокредит ташкилотлари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака талаблари қўйиш тартиби тўғрисида низом»га (2006 йил 14 ноябрь, рўйхат рақами 1641 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 46-47-сон, 467-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 апрель,
10/5-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 19 апрелдаги 10/5-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, кредит уюшмалари ҳамда микрокредит ташкилотлари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака талаблари қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларнинг лавозимга мувофиқлигини баҳолаш мақсадида Тижорат банкларининг Бош банкларида касбга мувофиқликни аниқлаш бўйича ички комиссия ташкил этилади. Ушбу комиссия таркибига Банк Кенгашининг аъзоларидан бири киритилиши шарт».
2. 7-банднинг иккинчи хатбошидаги «Тижорат банклари раҳбар ходимларини танлаш ва улар билан ишлаш Бош бошқармасига» сўзлари «Кредит ташкилотлари раҳбар ходимлари билан ишлаш департаментига» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 15 ва 16-бандлардаги «Тижорат банклари раҳбар ходимларини танлаш ва улар билан ишлаш Бош бошқармаси» сўзлари «Кредит ташкилотлари раҳбар ходимлари билан ишлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Қуйидаги таҳрирдаги 23 ва 24-бандлар билан тўлдирилсин:
«23. Ходим тижорат банкларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туман филиаллари, Амалиёт бошқарма (бўлим)ларига раҳбар ёки бош бухгалтер лавозимига тайинланганидан сўнг (Марказий банк номенклатурасига кирувчи лавозимга тенг ёки юқори лавозимга тайинланган ходимлар бундан мустасно) тижорат банкларининг Бош банки томонидан мазкур филиалнинг иқтисодий кўрсаткичлари бўйича 1 йил давомида мониторинг ўрнатилиб, унинг таҳлили ҳар чорак якуни бўйича банк Бошқаруви муҳокамасига киритиб борилади.
24. Тижорат банкларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар, туман филиали, Амалиёт бошқармаси (бўлими)га раҳбар ёки бош бухгалтер (Марказий банк номенклатурасига кирувчи лавозимга тенг ёки юқори лавозимга тайинланган ходимлар бундан мустасно) лавозимига тавсия этилаётган номзод Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Касбга мувофиқликни аниқлаш комиссиясининг суҳбат ва (ёки) тест синовига таклиф этилишидан аввал банк тизимининг ўқув марказларида ташкил этилган курсларда ёки тегишли олий ўқув юртлари ҳузуридаги малака ошириш курсларида ўз малакасини ошириши ҳамда малака оширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасини Марказий банкка тақдим этиши лозим».
5. 1-иловада:
тўртинчи хатбоши «ва малака оширганлиги тўғрисида ҳужжат нусхаси» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тавсия этилаётган номзод билан Бош банкда ўтказилган суҳбат натижалари бўйича расмийлаштирилган баённома нусхаси ва номзод билан ўтказилган суҳбат варақаси»;
ўнинчи хатбоши «ҳамда номзоднинг паспорти нусхаси» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
6. 2-иловадаги тўққизинчи хатбоши «ҳамда номзоднинг паспорти нусхаси» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 20-21-сон, 185-модда)