Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ ҲАМКОРЛИК ФОНДИ (EDCF) ТОМОНИДАН КРЕДИТ АЖРАТИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар),
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида Иқтисодий Ривожланиш Ҳамкорлик Фонди (бундан кейин «EDCF» деб аталади) томонидан кредитлар ажратилиши тўғрисида 1999 йил 8 июлда имзоланган Битимга мувофиқ,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Корея Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини ахборотлаштириш лойиҳасини (бундан кейин «Лойиҳа» деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Иқтисодий Ривожланиш Ҳамкорлик Фонди учун ҳукумат агентлиги бўлган Корея Экспорт-Импорт банки (бундан кейин «Банк» деб аталади) кредитининг (бундан кейин «Кредит» деб аталади) тақдим этилишини таъминлайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Кредит олувчи (бундан кейин «Кредит олувчи» деб аталувчилар) ҳисобланади.
3. Кредит суммаси Корея вонида тақдим этилади. Кредит суммаси ўттиз миллион АҚШ доллари ($30,000,000)га тенг миқдоридан ошмаслиги ва Кредит олувчи билан Банк ўртасида тузиладиган кредит битими (бундан кейин «Кредит Битими» деб аталади)нинг тегишли қоидаларига мувофиқ белгиланиши лозим.
2-модда
Кредит шартлари ва талаблари, ҳамда уни ўзлаштириш процедураси қуйидаги принципларни inter alia ўз ичига олган Кредит Битимига мувофиқ тартибга солинади:
(1) Кредитни қайтариш муддати ўттиз (30) йил, ўн (10) йиллик имтиёзли муддат шу жумладан;
(2) Фоиз ставкаси йиллик икки фоиз (1.0%)ни ташкил этади;
(3) Кредитни қоплаш муддати Кредит Битими кучга кирган санадан ёки Кредит олувчи билан Банк келишиб олган бошқа муддатдан қирқ икки (42) ойни ташкил этади;
(4) Хизмат ҳақи тўғридан-тўғри тўлаш ҳолларида ҳар бир қоплаш суммасининг бир фоизининг ўндан бири (0.1%) миқдорида, ёки мажбурият ҳолларида кафолат хатида кўрсатилган сумма миқдорда Банкка тўланади. Барча банк тўловлари ва/ёки Кредит тушумларини қоплаш, асосий суммани қайтариш ёки Кредит Битимига мувофиқ банкка тўланадиган фоизларни тўлаш билан боғлиқ банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун харажатлар Кредит олувчи тайинлаган банклар билан Банк ўртасида тузиладиган банк битими билан тартибга солинади; ва
(5) Агар Кредит олувчи Кредитнинг асосий суммасининг тўла ёки ҳар қандай бир қисмини ёхуд Кредит Битимида кўрсатилган ҳар қандай бошқа суммани тўлай олмаса, тўланмай қолган суммага йилига юқорида келтирилган фоиз ставкасининг икки фоизи (2.0%) миқдорида устама тўланади.
3-модда
1. Лойиҳа учун талаб қилинадиган консалтинг хизматларидан ташқари, товар ва хизматларни етказиб берувчи манба давлатлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳисобланади.
2. Лойиҳа учун талаб қилинадиган консалтинг хизматларини сотиб олиш учун манбаа давлат Корея Республикаси ҳисобланади ва консультант Банк томонидан таъминланган EDCF Кредити бўйича консультантларнинг иш фаолиятини ташкил этиш Қўлланмасига мувофиқ Корея консультантлари орасидан рақобат танлови асосида танлаб олинади.
3. Лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган товарлар ва хизматларни етказиб берувчилар Корея етказиб берувчилари орасидан рақобат танлови асосида танлаб олинади.
4. Кредит Битими кучга кирган санадан ўн саккиз (18) ой ичида консалтинг шартномаси тузилади.
5. Етказиб беришнинг батафсил усуллари ва тартиби Кредит Битими билан тартибга солинади.
4-модда
Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун Кредит тушумларидан олинган маблағлар етарли бўлмаган ҳолда, Кредит олувчи зарур бўлган маблағларни таъминлаш учун дарҳол битим тузиши лозим.
5-модда
Кредит тушумлари Банк томонидан Кредит олувчига ёки Кредит олувчи номидан ҳаракат қилаётган етказиб берувчига Лойиҳанинг бажарилишига кўра, Кредит суммаси доирасида, Кредит Битимида кўрсатилган қоплаш муддати мобайнида ва Кредит Битимининг қоплаш тартибига мувофиқ тўланади.
6-модда
Кредит Битимида кўрсатиладиган бошқа шартлар ва талаблар Кредит олувчи ва Банк ўртасидаги музокаралар орқали белгиланади.
7-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлар ўзгача келишиб олмаган бўлсалар, Кредит олувчи Кредит Битимида белгиланган барча мажбуриятларни бажаргунга қадар амал қилади.
Ушбуни тасдиқлаб, ўзларининг тегишли Ҳукуматлари томонидан ўрнатилган тартибда ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Сеул шаҳрида 2006 йилнинг 28 мартида икки нусхада инглиз тилида тузилди.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 1-2-сон)