Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ҲУҚУҚЛАРИНИ МУҲОФАЗА ЭТИШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, савдо, маданият, фан ва техника соҳасида ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш учун интеллектуал мулкни самарали муҳофаза этиш муҳимлигини эътироф этиб,
1967 йил 14 июлда Стокголмда тузилган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини таъсис этувчи Конвенция (бундан кейин — Конвенция) қоидаларига асосланиб,
қулай шароитларни яратишни истаб ва тенглик ҳамда ўзаро фойда тамойиллари асосида интеллектуал мулкка тегишли ҳуқуқларни муҳофаза этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш заруратини англаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим мақсадларида «интеллектуал мулк» атамаси Конвенциянинг 2-моддасида кўрсатилган маънони англатади.
2-модда
1. Томонлар давлатларнинг миллий қонун ҳужжатлари ва улар иштирок этган халқаро шартномаларга мувофиқ, иккала давлат субъект-резидентларининг интеллектуал мулк ҳуқуқларига нисбатан самарали чораларни кўрадилар.
2. Бир давлатнинг жисмоний ва юридик шахслари бошқа давлат ҳудудида интеллектуал мулк соҳасида ўзининг жисмоний ва юридик шахсларига ушбу давлатнинг қонун ҳужжатлари билан ҳозирги вақтда берилган ёки бериладиган худди шундай ҳуқуқ ва афзалликлардан, ҳамда асослар ва ҳажмда уларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланадилар.
3-модда
Ўз давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
1) интеллектуал мулк объектларига тегишли ҳуқуқларни муҳофаза этиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш;
2) интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш соҳасида меъёрий ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бу йўналишдаги ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ахборот алмашиш;
3) интеллектуал мулкни муҳофаза этиш соҳасида тадбирларни ўтказиш тажрибаси билан алмашиш;
4) ўқув, методик ва махсус адабиёт алмашиш;
5) интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг касбий малакасини ошириш;
6) халқаро ҳамкорлик тажрибаси ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш бўйича кўп томонлама халқаро шартномаларда Томонларнинг иштироки ва ушбу шартномалар билан боғлиқ мажбуриятларни бажариш бўйича ахборот алмашиш;
7) Томонлар ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик ҳолати тўғрисида ахборот алмашиш;
8) интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш масалалари бўйича қўшма семинарлар, конференцияларни ўтказиш ва кўргазмаларни ташкиллаштириш;
9) шунингдек ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида.
4-модда
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасида тузиладиган шартномалар қоидалари ушбу Битим қоидалари ва Томонлар давлатларининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.
5-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонун ҳужжатлари ва улар иштирок этган халқаро шартномаларга мувофиқ, интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза этиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича чораларни кўрадилар.
6-модда
Агар икки томонлама ҳамкорликни амалга оширишда интеллектуал мулк объектларини яратиш ёки улардан фойдаланиш кўзда тутилган ва уларга нисбатан махфийлик сақланиб қолиниши лозим бўлса, тегишли шартномалар ёки битимларга махфийликни сақлаб қолиш тўғрисида қоидалар киритилади.
7-модда
1. Ушбу Битим қоидаларини бажариш бўйича Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ва Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги;
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати номидан — Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича қўмитаси.
2. Ваколатли органларнинг номлари ёки вазифалари ўзгарган ҳолда Томонлар дипломатик каналлар орқали ўз вақтида хабардор этилади.
8-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Битимнинг ажралмас қисмлари ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва/ёки қўллашда низо ва келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар уларни маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этадилар.
10-модда
Ушбу Битим қоидалари Томонлар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
11-модда
1. Ушбу Битим унинг кучга кириши учун лозим бўлган Томонларнинг давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан ўттиз кун ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга ёзма хабарнома юбормаса, кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
12-модда
1. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтаган ҳолда унинг қоидалари, агар Томонлар ўзгача аҳдлашиб олмаган бўлсалар, ушбу Битим доирасида бошланган ва тугалланмаган барча тадбирларга нисбатан қўлланилиши давом этади.
2. Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши у амал қилишининг тўхтатилишига қадар юзага келган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳамда интеллектуал мулк объектларига нисбатан махфийликни сақлаб қолиш бўйича мажбуриятларга дахл қилмайди.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2006 й., 3-4-сон)