Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида
Англашув меморандуми
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТЛАРИ УЧУН БОШҚАРУВ КАДРЛАРИНИ ЎҚИТИШДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Германия Федератив Республикаси Ҳукумати, келгусида «Томонлар» деб номланадилар.
Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги ташкилотлари учун бошқарув кадрларини икки томонлама тайёрлаш дастурини (бундан буён — дастур) амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш истакларини билдириб,
Замонавий менежмент услублари билимларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар иқтисодиётнинг ўсиши ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши мумкинлиги ва шу тарзда хўжалик ташкилотларининг ёш бошқарувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш давлатнинг келгусидаги тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида фикр билдириб,
2006 йилда 20 та ўзбек бошқарувчиларидан иборат бошланғич гуруҳ малака ошириш мақсадида Германияда амалиёт ўтаб қайтганлигини мамнуният билан қайд этиб,
Бошланғич дастурнинг сезиларли натижаларини инобатга олиб Томонлар қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
I. Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўзбек томонининг Ўзбекистон иқтисодиётини модернизациялашга муносиб ҳисса қўша оладиган янги бошқарувчилар авлодини ўқитишга йўналтирилган икки томонлама дастурни амалга ошириш бўйича ташаббусини кўллаб-қувватлайди.
II. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати яқин келажакда халқ хўжалиги ташкилотлари, хусусан ишлаб чиқариш соҳасидаги корхоналар учун бошқарув кадрларини касбий ва тил бўйича тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан ўз манфаатдорлигини маълум қилади.
III. Германия Федератив Республикаси Ҳукумати 2009 йилгача ўзбек дастурини амалга оширишда ўзининг имконияти даражасида кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлайди. Бошқарувчиларни ўқитиш икки томонлама дастурини амалга оширишдаги Германия томонининг ҳиссаси танлаб олинган бошқарувчиларнинг Германия Федератив Республикасида корхоналарга мақсадли ташриф буюришлари билан биргаликда, ихтисослаштирилган маъруза семинарлари ва амалий тренинглар ўтказиш орқали ҳар хил амалиёт турларини ўташни назарда тутади.
Алоҳида тадбирларнинг давомийлиги ва мазмуни ўзбек бошқарувчиларининг хорижий тилни билиш ва касбий талаб даражаси, шунингдек Германия томонининг имкониятларига боғлиқ. Германияда қабул қилинадиган бошқарувчиларнинг сони Германия томонидан ҳар йили Федерал бюджет молиявий маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағларнинг миқдорига боғлиқ.
IV. Дастурни амалга ошириш мақсадида:
— Германия томони бош бошқарувчи сифатида «Инвент» (Халқаро малака ошириш ва ривожлантириш МЧЖ) жамиятини;
— Ўзбек томони Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини (ССП) белгилайди.
V. ССП ўзбек томонидан дастурнинг мувофиқлаштирувчиси сифатида дастурга Германия ҳиссаси (улуши) учун зарур касбий ва тилга оид билимларга эга бўлган етарлича даъвогарлар танловини амалга оширади. Бунда ССП ўқитиш курсларини таклиф этувчи барча ўзбек ташкилотлари билан тенг ҳуқуқлилик асосида ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳамкорлик қилади. Шундай қилиб, барча муносиб даъвогарларнинг ва мамлакатнинг барча ҳудудлари вакилларининг дастурда қатнашишлари учун тенг имкониятлар таъминланиши лозим.
VI. Ўзбек бошқарувчиларини касбий ва тил бўйича тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келувчи харажатлар, шунингдек барча халқаро транспорт харажатлари бошқарув кадрларини юбораётган ўзбек томонининг ташкилотлари ҳисобидан қопланади.
VII. Германия томони дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ва Германия Федератив Республикаси ҳудудида юзага келувчи барча харажатларни қоплашга тайёрлигини тасдиқлайди. Ушбу харажатлар стипендиялар тўлаш, суғурта ва дастур иштирокчиларининг яшаши билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олади.
VIII. Дастурни амалга ошириш натижаларини баҳолаш учун заруриятга қараб халқ хўжалиги ташкилотларининг бошқарувчи кадрлари малакаларини оширишга хизмат қиладиган узоқ муддатли барқарор фаолият тадбирларини таъминлаш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқувчи Германия — Ўзбек Бошқарувчи қўмитаси ташкил этилади.
Ушбу англашув Меморандуми Тошкент шаҳрида 2007 йил 12 сентябрда, икки асл нусхада, ҳар бири немис ва ўзбек тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)