Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИГА РИОЯ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ВА ЎЗАРО ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан буён «Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама ҳамкорлик ва солиқ қонунчилигига риоя этиш масалаларида ўзаро ёрдам кўрсатишнинг муҳимлигидан келиб чиқиб,
бир-бирларига имкон қадар кенг кўламда кўмак кўрсатиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамаларни аниқлаш
Атамаларни аниқлаш
Ушбу Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«солиқ қонунчилиги» — Томонлар давлати ўртасида солиқларнинг турларини ва уларни ундириш тартибини белгиловчи ҳамда солиқ мажбуриятларининг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тўхтатилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи юридик нормалар мажмуаси;
«солиқ қонунчилигининг бузилиши» — солиқ тўловчи томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларнинг бажарилмаслигида ёхуд лозим даражада бажарилмаслигида ифодаланган ва юридик жавобгарлик белгиланган ҳуқуққа зид ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;
«ваколатли солиқ идоралари»:
Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
Беларусь Республикасига нисбатан — Беларусь Республикаси Солиқлар ва йиғимлар вазирлиги;
«сўраётган ваколатли солиқ идораси» — Томоннинг солиқ сўровлари бўйича ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров юборувчи ваколатли солиқ идораси (қуйида «кўмаклашиш тўғрисидаги сўров» деб аталади);
«сўралаётган ваколатли солиқ идораси» — Томоннинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўровини олувчи ваколатли солиқ идораси.
Агарда ваколатли солиқ идораларининг расмий номланиши ўзгарган тақдирда Томонлар бу тўғрида бир-бирларига ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабар берадилар.
2-модда
Битим қўлланиладиган соҳа
Битим қўлланиладиган соҳа
Томонлар ваколатли солиқ идоралари орқали солиқ қонунчилигининг зарур даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида, бир-бирларига қуйидаги масалаларда ўзаро кўмак кўрсатадилар:
солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва уни бартараф этишда;
кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича ёки ташаббус кўрсатиш тартибида юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ахборотларни тақдим этишда;
миллий солиқ тизимлари ва солиқ қонунчилигидаги жорий ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишда;
солиқ идоралари ишини таъминловчи компьютер тизимларини яратиш ва ишлатишда;
солиқ тўловчилар ва солиқ идоралари билан ишларни ташкил этиш, жумладан солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқишда;
кадрларни ўқитиш ва мутахассисларни айирбошлаш соҳасида;
биргаликдаги ҳаракатларни талаб этувчи бошқа масалалар бўйича.
Ушбу Битим қоидалари Томонлар ўртасида тузилган бошқа битимларга мувофиқ ваколатли солиқ идораларининг ҳамкорлигига тўсқинлик қилмайди.
3-модда
Тақдим этиладиган маълумотнинг мазмуни
Тақдим этиладиган маълумотнинг мазмуни
Ваколатли солиқ идоралари ўз ташаббуси ёки кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўров бўйича ўз ваколати ва ўз давлати қонунчилиги доирасида бир-бирларига қуйидагиларга оид маълумотларни тақдим этадилар:
ташкилотлар, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналарини рўйхатга олиш, жумладан жойлашган жойи, бўйсуниши, мулк шакли ва бошқалар;
Томонларнинг миллий қонунчиликларида ўрнатилган тартибда юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ва тижорат банкларида ҳисоб рақамларининг очилиши, шунингдек уларда пул маблағларининг мавжудлиги ва айланиши;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудида Томон ҳудудида олган барча турдаги даромадлари ва солиққа тортиш объектлари, тўланган солиқ суммалари ва бошқа солиққа тортиш билан боғлиқ масалалар.
4-модда
Ҳужжат ва бошқа материалларни тақдим этиш
Ҳужжат ва бошқа материалларни тақдим этиш
Сўралаётган ваколатли солиқ идораси кўмаклашиш тўғрисидаги сўровга асосан, норматив ҳужжатларни, ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини ва бошқа материалларни тақдим этади.
Нусхалар расмий мансабдор шахснинг имзоси ва сўралаётган ваколатли солиқ идорасининг муҳри билан тасдиқланади.
Тасдиқланган нусхалар текширув учун етарли бўлмаган ҳолларда ҳужжат ва бошқа материалларнинг асл нусхалари талаб қилиниши мумкин. Берилаётган ҳужжат ва бошқа материалларнинг асл нусхалари келишилган муддатларда қайтарилиши лозим.
Материаллар компьютерлаштирилган маълумот кўринишида ушбу материалларни шарҳлаш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар билан бирга берилиши мумкин.
5-модда
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўров ёзма шаклда унинг кўриб чиқилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда юборилади. Фавқулодда вазиятда кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўров оғзаки шаклда ва кейинчалик имкон қадар қисқа муддатларда ёзма шаклда тасдиқланган ҳолда берилиши мумкин.
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўров ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:
cўраётган ваколатли солиқ идорасининг номи;
сўралаётган ваколатли солиқ идорасининг номи;
сўровнинг мақсади ва сабаби;
берилаётган сўровдаги солиқ тўловчининг номи (исми) ва манзили;
сўровнинг моҳияти ва кўриб чиқилаётган давр ва солиқларнинг аниқ турлари кўрсатилган ҳолда у билан боғлиқ юридик ҳолатларнинг қисқача баёни.
Сўров рус тилида берилиши лозим.
Сўралаётган ваколатли идорага кўмаклашиш тўғрисидаги келиб тушган сўров бўйича қўшимча маълумот талаб қилишга ҳақлидир.
6-модда
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Кўмак кўрсатиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Томонларнинг ваколатли солиқ идоралари бир-бирларига ушбу Битим ва миллий қонунчиликка мувофиқ кўмак кўрсатадилар.
Сўраётган ваколатли солиқ идораси унинг илтимосига кўра, кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ижро этилаётган ҳаракат вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиниши, унинг вакиллари бу тўғрисида қўшимча равишда келишилган ҳолда улар ўтказилишида иштирок этишлари мумкин.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни сўралаётган солиқ идораси томонидан бажариш мумкин бўлмаса, у сўров келган кундан бошлаб 1 ой давомида бу ҳақида кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни бажарилмаслигининг сабабларини кўрсатган ҳолда сўраётган ваколатли солиқ идорасини ёзма равишда хабардор қилади.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши сўралаётган Томоннинг миллий қонунчилигига ёки давлат манфаатига зид бўлса, кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши рад этилиши мумкин.
Сўралаётган Томон унинг ҳудудида кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди.
7-модда
Маълумотни бериш тартиби
Маълумотни бериш тартиби
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровлар, ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотлар Томонлар билан келишилган тартибда берилади.
Кўмаклашиш ваколатли солиқ идораларининг раҳбарлари томонидан белгиланган расмий мансабдор шахсларнинг тўғридан-тўғри алоқалари доирасида амалга оширилади.
8-модда
Махфийликка риоя қилиш
Махфийликка риоя қилиш
Аниқ бир солиқ тўловчиларга тааллуқли маълумотлар махфий ҳисобланади ва Томонлар давлатларининг миллий қонунчиликларига мувофиқ ҳамда сўралаётган ваколатли идоранинг талабига биноан ҳимоя режими билан таъминланади.
Олинган маълумотлар Томонлар тарафидан фақатгина ушбу Битимда назарда тутилган мақсадларда, шу жумладан маъмурий ёки суд ишларида фойдаланилиши мумкин. Маълумотдан бошқа мақсадларда фақат сўралаётган Томоннинг ёзма равишдаги розилиги билан фойдаланиш мумкин.
9-модда
Битимнинг ижро этилиши
Битимнинг ижро этилиши
Томонлар ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашда вужудга келиши мумкин бўлган низоли масалаларни тартибга солишда ўзаро келишувга эришишга интиладилар.
Томонлар зарурият бўлганда ушбу Битимнинг қандай бажарилаётганлигини баҳолаш ёки унга ўзгартишлар киритиш мақсадга мувофиқлиги масаласида маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Бундай маслаҳатлашувларнинг муддати Томонларнинг келишувларига кўра қўшимча равишда аниқланади.
Томонлар ушбу Битим қоидаларини амалда қўллаш учун алоҳида масалалар бўйича қўшимча битимлар тузишлари мумкин.
10-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида баённомалар орқали расмийлаштирилади ва мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
11-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг унинг ҳаракатини тўхтатиш тўғрисида хабарномасини олган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг ўз фаолиятини тўхтатади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 24 майда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 2-3-сон)