ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БИЛАН МИСР АРАБ РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ ЎРТАСИДА
Англашув меморандуми
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Миср Араб Республикаси Марказий банки, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар, тенг, барқарор ва узоқ муддатли иккиёқлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш манфаатини кўзлаб, молиявий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг зарурлигини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар монетар, валюта сиёсати, шунингдек банк тизими, банкларни тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари бўйича очиқ ва ишончли фикр алмашишда иштирок этадилар.
2-модда
Томонлар иккала мамлакатда банк фаолиятини ривожлантириш мақсадида давлатларнинг миллий қонунчилиги доирасида узвий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қиладилар.
3-модда
Томонлар иккала мамлакатда барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида пул-кредит ва валюта сиёсати масалалари бўйича иккиёқлама мулоқотга, иккала мамлакатда ишончли банк тизимини таъминлашга кўмаклашадиган банк иши фаолияти, халқаро банк пруденциаллиги тамойилларининг бажарилиши, шунингдек банкларни тартибга солиш ва консолидациялашган назорат қилиш бўйича фикр алмашишга, иккала Марказий банк ўртасида ходимлар тажрибаси билан ўзаро алмашиш, ходимларни ўқитиш ва тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ўрнатишга келишиб олдилар.
4-модда
Томонлар алмашадиган ахборот махфий ҳисобланади ва ушбу Меморандумни амалга ошириш мақсадида ишлатилади.
Томонлар ушбу Меморандум доирасида олинган ахборотни бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз учинчи томонга бермайдилар.
5-модда
Ушбу Меморандум қоидаларини бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
6-модда
Томонларнинг келишуви асосида ушбу Меморандумга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва ушбу Меморандумнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
7-модда
Ушбу Меморандум имзоланган санадан кучга киради ва икки йил давомида амал қилади. Томонлардан биронтаси ушбу Меморандумнинг навбатдаги амал қилиш муддати тугашидан камида уч ой олдин унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у бир йиллик муддатга ўз-ўзидан узаяверади.
Қоҳира шаҳрида 2007 йил 18 апрелда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 2-3-сон)