Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
АХБОРОТ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миср Араб Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида 2003 йил 6 ноябрда имзоланган Битимга асосланиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш,
икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни истаб, Ўзбекистон ва Миср халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашда оммавий-ахборот воситаларининг аҳамиятига ишонч билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Дастурлар айирбошлаш
Дастурлар айирбошлаш
Томонлар ўз телетомошабинларини икки мамлакатнинг ижтимоий, маданий, диний ва иқтисодий соҳадаги ҳаёти билан таништириш мақсадида ўзаро радио ва телевидение дастурлари, шу жумладан, болалар учун дастурлар билан айирбошлашни қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Томонлар икки мамлакат Миллий байрамлари ва тантаналари муносабати билан ўзаро радио ва телевизион дастурлар айирбошлашни қўллаб-қувватлайдилар.
Айирбошланадиган дастурлар эфирга узатишдан камида 20 кун илгари жўнатилиши лозим.
3-модда
Ҳар бир Томон айирбошланган дастурлардан ушбу дастурларнинг асл маъносини ўзгартирмасдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ушбу дастурлар бепул айирбошланади.
Жўнатувчи Томон айирбошланган дастурларнинг муаллифлик ҳуқуқини иккала давлатнинг миллий тартиб-қоидаларига мувофиқ таъминлайди.
Бир Томон дастурларининг мазмуни бошқа Томон давлатининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.
Томонлар розилигисиз айирбошланган дастурларни учинчи томонга бериш ёки тижорат мақсадида фойдаланиш тақиқланади.
4-модда
Йўлдошли алоқа каналлари
Йўлдошли алоқа каналлари
Томонлар йўлдошли алоқа каналлари орқали тўғридан-тўғри ёки олдиндан ёзиб олинган дастурларни қабул қилишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар Миллий байрамлар ва муҳим тантаналар муносабати билан ўзаро тўғридан-тўғри телевизион хабарлар билан алмашишда бир-бирларига ёрдам берадилар.
Томонлар «Asia Sat 2» Ернинг сунъий йўлдоши орқали Миср йўлдошли алоқа каналлари кўрсатувларини қабул қилишни қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
Тижорат асосида ҳамкорлик ва қўшма ишлаб чиқариш
Тижорат асосида ҳамкорлик ва қўшма ишлаб чиқариш
Томонлар телевизион дастурларни тижорат асосида айирбошлашни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар ваколатли ташкилотлари ўртасидаги махсус шартномалар асосида ҳамкорликда теледастурлар яратишни қўллаб-қувватлайдилар ва ривожлантирадилар.
Томонлар ўзаро келишув асосида бир-бирларини архив видеоматериаллари билан ўзларининг миллий қонун ҳужжатлари доирасида таъминлайдилар.
6-модда
Ташрифлар ва малака ошириш
Ташрифлар ва малака ошириш
Томонлар фикр алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари раҳбарларининг ўзаро ташрифларини қўллаб-қувватлайдилар.
Жўнатувчи Томон сафарга бориш-келиш харажатларини ва кутиб олувчи Томон меҳмонхона ва мамлакат ичидаги транспорт харажатларини кўтаради. Сафар муддати олдиндан келишиб олинади.
Томонлар бошқа томоннинг расмий ижодий гуруҳларига ёрдам берадилар. Бундай ёрдамнинг шартлари ҳар бир ҳолда Томонлар томонидан алоҳида кўриб чиқилади.
Томонлар икки мамлакатдаги жорий малака ошириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
Ахборот марказлари
Ахборот марказлари
Томонлар Тошкентда Яқин Шарқ ахборот агентлигининг (MENA) ваколатхонасини ва Қоҳирада Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ваколатхонасини очишни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар икки мамлакат матбуот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
8-модда
Ахборот ҳафталиклари ва кўргазмалар
Ахборот ҳафталиклари ва кўргазмалар
Томонлар турли соҳадаги муваффақиятларини ёритиб берувчи нашрлар, бадиий кўргазмалар ва ҳужжатли фильмлар ёрдамида икки мамлакат халқларини бир-бирига кенг ва чуқурроқ таништириш мақсадида ахборот ҳафталикларини ўтказишни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар ваколатли ташкилотлари ўртасида келишувлар асосида иккала мамлакатда маълум муддатларда Ўзбекистон ва Миср фильмлари ҳафталикларини ўтказадилар.
Томонлар икки мамлакат ҳаётининг турли соҳаларини ёритувчи маданий ва ахборот кўргазмаларини ташкил этишни қўллаб-қувватлайдилар.
9-модда
Томонлар ўз имкониятлари доирасида икки мамлакатда ўтказиладиган телевизион конкурслар, фестиваллар ва маданий кўргазмаларда иштирок этадилар. Батафсил маълумотлар дипломатик каналлар орқали келишилади.
10-модда
Ушбу Баённоманинг қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Ушбу Баённома имзоланган кундан кучга киради ва уч йил муддатда амал қилади ҳамда Томонлардан бири унинг амал қилинишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни навбатдаги муддат тугашидан уч ой илгари ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги уч йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Томонлар ушбу Баённомага ўзаро ёзма келишуви асосида зарур қўшимча ва ўзгартиришлар киритишлари мумкин.
Қоҳира шаҳрида 2007 йил 18 апрелда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Баённома қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матнга амал қилинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 2-3-сон)