ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ БИЛАН ФЕДЕРАЛ БОЖХОНА ХИЗМАТИ (РОССИЯ ФБХ) ЎРТАСИДА
Протокол
ДАВЛАТ ЧЕГАРАЛАРИ ОРҚАЛИ ТОВАРЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЎТИШИ ҲАҚИДА ОЛДИНДАН БЕРИЛАДИГАН АХБОРОТЛАРНИ АЛМАШИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Федерал божхона хизмати (Россия ФБХ) (бундан кейин — Томонлар),
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида Битимни амалга ошириш мақсадида,
Томонларнинг давлат чегаралари (келгусида — чегара) орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши устидан амалга оширилаётган божхона назорати самарадорлигини ошириш заруратини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида савдо алоқалари учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида,
Томонлар давлатлари ҳудудида божхона бошқаруви ва чегара орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтишининг божхона расмийлаштирувини, хусусан кириш ҳамда белгиланган божхона органларида, тезлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, бир Томон ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётган ва бошқа Томон ҳудудига олиб кириш ёки унинг ҳудуди орқали олиб ўтишга мўлжалланган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви тўғрисидаги маълумотларини (келгусида — олдиндан бериладиган ахборот), улар бошқа Томон давлат чегарасини кесиб ўтишидан аввал, шунингдек бошқа Томон ҳудудидан олиб кирилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни (келгусида — олиб кириш тўғрисидаги маълумот) мунтазам равишда алмашишни ташкиллаштирадилар ва амалга оширадилар.
Томонлар ўзаро келишуви асосида белгиланган ахборот алмашиш техник шартларида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар электрон ҳужжатлар шаклида тақдим қилинади.
Ахборот алмашиш Томонларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Бунда Томонлар ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ амал қиладилар.
2-модда
Томонлар, таҳлил қилиш ва хавфларни бошқариш усулларини қўллаш асосида, чегара орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши устидан божхона назоратини амалга оширишда олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни таъминлайдилар.
3-модда
Мазкур Протоколга мувофиқ, бир Томон бошқа Томондан олган олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар хизматда фойдаланиш хусусиятига эга бўлиб, тақдим этган Томоннинг ёзма розилигисиз учинчи Томонга берилиши мумкин эмас, Томонлар давлатлари қонунчилик ҳужжатларида ўрнатилган ҳолатлар бундан истисно.
Томонлар, давлатлари қонунчилигида белгиланган тартибда, мазкур Протокол доирасида олинган ахборотлар махфийлигини таъминлайдилар.
4-модда
Томонларнинг ҳар бири ўзаро келишилган ахборот алмашинувининг техник шартлари асосида товарлар чиқарилгандан сўнг олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
5-модда
Томонлар чегара орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви натижасида олинган маълумотлар номувофиқлиги аниқланган ҳар қандай ҳолатлар тўғрисида бир-бирларига хабар берадилар.
6-модда
Томонлар бир-бирларига, қуйидагилар бўйича масъул бўлган мансабдор шахслар рўйхати ва Томонлар божхона органлари марказий аппарати таркибий тузилмалари тўғрисида хабар берадилар:
ахборот алмашинувининг техник шартларини ва маълумотларни қайта ишлашни ва узатиш технологияларини, ахборотни ҳимоялаш талабларини ишлаб чиқиш ва келишиш;
чегара орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни алмашишдаги маълумотлар таркибини белгилаш, шунингдек зарурий таснифларни ишлаб чиқиш ва келишиш;
аниқ миқдордаги товарлар ва (ёки) аниқ транспорт воситаларига боғлиқлик олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш мақсадида, товарлар ва транспорт воситаларини идентификациялаш усулларини келишиш;
мазкур Протокол қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш.
7-модда
Мазкур Протоколни амалга ошириш, чегара орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар алмашиш технологиясини ишлаб чиқиш учун Томонлар олдиндан ахборот алмашиш бўйича эксперимент ташкил этадилар ва амалга оширадилар.
Томонлар, маълумот тақдим этилиши учун мўлжалланган асосий технологик принципларни, уларнинг рўйхати ва таркибини, олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар бериш тартибини, маълумотлар таркиби ва шаклини, олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни ҳимоялаш бўйича талабларни, аниқ товарлар ва транспорт воситалари билан олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни идентификациялаш тартибини, Томонлар давлатларининг экспериментда иштирок этувчи божхона органлари рўйхатини, шу билан бирга экспериментнинг бошланиш вақти ва зарур тадбирларни амалга ошириш муддатларини келишиб оладилар.
Мазкур моддада кўрсатилган масалалар бўйича келишувлардан сўнг, Томонлар зарур ташкилий ва техник тадбирларни амалга оширадилар ва экспериментни бошлашга тайёр эканликлари ҳақида бир-бирларини ёзма хабардор қиладилар.
Чегара орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни алмашиш бўйича эксперимент олти ой мобайнида амалга оширилади. Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра эксперимент ўтказиш муддати узайтирилиши мумкин.
8-модда
Ўтказилган эксперимент натижалари асосида, Томонлар чегара орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар алмашишни доимий равишда ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
9-модда
Мазкур Протоколни амалга ошириш мақсадида, Томонлар маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва чегара орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтиши ҳақида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни алмашиш учун зарур бўлган ахборот-маълумот материалларидан ва лойиҳа ҳужжатларидан маълумотларни бир-бирларига беғараз тақдим этадилар.
10-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Протоколга, унинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Мазкур Протоколни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган низолар ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
12-модда
Мазкур Протокол имзоланган санадан кучга киради ва 5 йил давомида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади. Томонларнинг ҳар бири навбатдаги муддат тугашидан камида 6 ой олдин мазкур Протокол амалини тугатиш нияти борлиги тўғрисида бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш билан унинг амалини тугатиш ҳуқуқига эга.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 28 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)