ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ БИЛАН ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ БОШҚАРМАСИ ЎРТАСИДА
Англашув Меморандуми
АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Хитой Халқ Республикасининг Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича давлат бошқармаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1997 йил 11 декабрда имзоланган Битимни инобатга олган ҳолда,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари минтақавий ва глобал хусусиятини, шунингдек, халқаро ҳамкорлик йўли билан ўзаро ҳаракатларни самарали ҳал этиш ва мувофиқлаштириш масалаларини қидириш заруратини англаган ҳолда,
Томонларнинг миллий қонунчилиги доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги масалалар бўйича турли халқаро мажбуриятларни бажарилишида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам кўрсатишда ҳамкорликнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамланишига амин бўлган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига асосланган ҳолда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
2-модда
Томонлар ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишларини кўриб чиқишга келишдилар:
(1) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида фаолиятни рағбатлантириш;
(2) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида саноат ва технологияларни ривожлантириш;
(3) атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда экологик тоза ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш;
(4) биологик хилма-хилликни ҳимоя қилиш;
(5) жамоатчиликнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ижтимоий онгини шакллантириш бўйича аҳоли билан ишлаш;
(6) атроф-муҳит мониторинги ва атроф-муҳитга таъсир қилишни баҳолаш;
(7) ҳамкорликнинг бошқа келишилган йўналишлари.
3-модда
Ҳамкорлик мазкур Меморандум доирасида, қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
(1) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ахборот ва маълумотлар алмашинуви;
(2) расмий делегациялар, мутахассислар ва олимларнинг ташрифлари алмашинуви;
(3) олимлар, мутахассислар ва бошқа манфаатдор шахслар иштирокида биргаликда симпозиумларни ўтказиш;
(4) ҳамкорликнинг келишилган бошқа шакллари.
4-модда
Мазкур Меморандумнинг қоидаларини бажариш мақсадида, Томонлар давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган тадбирлар ўтказилишини қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
1. Томонларнинг ҳар бири мазкур Меморандумни бажарилиши учун бўлим бошлиғи даражасидаги масъул мувофиқлаштирувчини тайинлайди.
2. Томонлар ушбу Меморандум бажарилиши билан боғлиқ бўлган харажатларни мустақил равишда амалга оширадилар.
3. Томонлар муайян дастур ва / ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳолатда алоҳида битимлар тузишади.
6-модда
Мазкур Меморандум Томонларнинг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этмайди.
7-модда
Ушбу Меморандумни талқин этишда юзага келадиган баҳс ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
8-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги билан мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Ушбу Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амал қилади. Томонларнинг бири унинг амал қилиш муддатини тўхтатиш истаги юзага келса, у ҳолда мазкур Томон Меморандум амал қилишининг навбатдаги беш йиллик даври тугагунга қадар, камида 90 кун олдин бу тўғрисида бошқа томонни ёзма равишда хабардор қилади. Бошқа ҳолларда, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяди.
Мазкур Меморандум амал қилишининг тўхтатилиши, унинг амал қилиш даврида бошланган ҳамда унинг амал қилиши тўхтаган вақтда ниҳоясига етмаган лойиҳа ва дастурларнинг ижросига таъсир қилмайди.
2007 йилнинг 3 ноябрида Тошкент шаҳрида, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида имзоланган бўлиб, барча матнлар бир хил кучга эгадирлар.
Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)