Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан Туркманистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида
Битим
ЧИГИРТКАЛАР ВА БОШҚА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ҲАМДА ЎСИМЛИКЛАРНИНГ КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ЎТКАЗИШДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан Туркманистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
чигирткалар, бошқа зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларининг қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйловлари учун ўта хавфли эканлигини ҳамда Томонлар давлатларининг чегарадош ҳудудларига уларнинг кўчишини эътиборга олган ҳолда,
Ўзбекистонда ва Туркманистонда ҳосилнинг йўқ бўлишига йўл қўймаслик мақсадида,
Томонлар давлатларининг субъектлари ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожланишида ва муносабатларни амалга оширишда Томонлар давлатларининг ҳудудига чигирткалар, бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва ўсимликлар касалликларининг кириб келишини олдини олишдаги ўзаро манфаатлардан келиб чиқиб,
чигирткалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ҳамда ўсимликларнинг касалликларига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш истагига амал қилиб, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ҳосилнинг йўқ бўлишига йўл қўймаслик мақсадида чигирткалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ҳамда ўсимликларнинг касалликларига қарши кураш бўйича чора-тадбирларни ташкиллаштиришда қўшма ишчи гуруҳини тузадилар.
Қўшма ишчи гуруҳларига киритилган аъзолар таркибини Томонлар дипломатик каналлар орқали келишиб оладилар.
2-модда
Томонлар илмий тадқиқотлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказилиш ҳамда Томонлар давлатларининг чегарадош ҳудудларидаги фитосанитария ҳолати тўғрисида доимий равишда ахборот алмашиб борадилар, Томонлар давлатларининг қонун ҳужжатлари билан муҳофаза этиладиган давлат сири ёки бошқа ахборот бундан мустасно.
3-модда
Томонлар ва уларнинг мутахассислари ўз давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўз давлатларининг чегарадош ҳудудларида ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича қуйидаги ишларни амалга оширадилар:
чигирткалар ва бошқа зараркунандалар, шунингдек ўсимликларнинг касалликлари тарқалган жойларини кузатиш;
ишларни ўтказиш муддатлари, услублари ва технологиясини, шунингдек фойдаланиладиган пестицидларнинг турларини аниқлаш ва келишиш;
чигирткалар, шу жумладан уларнинг маҳаллий турлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари, ҳамда ўсимликларнинг касалликлари тарқалиши бўйича башорат маълумотлари, шунингдек бу йўналишдаги режалаштирилаётган ва ўтказилган тадбирлар тўғрисида ўзаро ахборот алмашиш.
4-модда
Оммавий кўпайиш ўчоқларида зараркунандаларнинг фаоллашган ҳолатларда Томонлар зудлик билан бир-бирларини хабардор қиладилар ва иккала давлатга иқтисодий зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадида ўз давлатларининг ҳудудларида ҳаракатларни биргаликда мувофиқлаштиришга киришадилар.
5-модда
Томонлар ўз вақтида пестицидларни сотиб олиш ҳамда ўз давлатларининг ҳудудларида зараркунандаларнинг оммавий кўпайиш ўчоқларини йўқ қилиш бўйича ишларнинг бажарилиши учун чораларни кўрадилар, зараркунандалар ва қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларининг йўқ қилиниши юзасидан тажриба алмашадилар.
6-модда
Зарур ҳолларда Томонлар ўз давлатларининг чегарадош ҳудудларида чигирткалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ҳамда ўсимликларнинг касалликлари ўчоқларини йўқ қилиш учун ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича гуруҳларни ташкил этиш юзасидан чораларини кўрадилар.
7-модда
Ҳар бир Томон ўз давлатларини чегарадош ҳудудларида чигирткалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш бўйича тадбирларга кетган харажатларни мустақил молиялаштирадилар.
8-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ барча низоли масалалар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Битимнинг ажралмас қисмлари ҳисобланган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битим учун белгиланган тартибда кучга кирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири навбатдаги даврнинг тугашидан олти ой аввал бошқа Томонга унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма хабарномани юбормаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узаяди.
Томонлар ўзгача келишмаган бўлсалар, ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши ушбу Битим амал қилиш даврида бошланган қўшма дастур ва лойиҳаларга дахл қилмайди.
Ашхобод шаҳрида 2007 йил 18 октябрда (Гарашсизлик) икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)