Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
2000 йил 2 майда имзоланган ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнотга асосланиб, ва,
кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик вазифалари ва жабҳалари
Ҳамкорлик вазифалари ва жабҳалари
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўзаро келишилган шартлар асосида ҳамкорликнинг қуйидаги вазифалари ва жабҳалари бўйича аҳдлашиб олдилар:
1. Ўзбекистонда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида мутахассислар алмашинуви орқали ривожланиш сиёсати ва институционал тузилмалар учун имкониятлар яратиш.
2. Ўзбекистонда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тараққиёт жабҳалари ва имкониятларини аниқлашга йўналтирилган саноат салоҳиятини тадқиқ қилиш ва амалий имкониятларни ўрганиш.
3. Икки мамлакат тадбиркорлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда шерикчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш.
4. Кичик ва хусусий тадбиркорлар учун мўлжалланган менеджерлик ва техник малакаларни яхшилашга йўналтирилган ўқувларни йўлга қўйиш.
5. Ўзбекистонда кичик лойиҳаларга тегишли ва маҳсулотларни бозорда сотишга мўлжалланган кўргазмалар ҳамда савдо ярмаркаларини ташкил этиш.
6. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармонлари ўртасида мустаҳкам тадбиркорлик уюшмаларини тузишни ҳамда технологияларни етказиб беришни йўлга қўйишда ёрдам берувчи бизнес миссиялар билан алмашиш.
2-модда
Қўшма қўмита
Қўшма қўмита
Қўшма қўмита, бундан кейин «Қўмита» деб аталувчи, ушбу Битим юзасидан мониторингни амалга оширади.
Қўмита Ўзбекистон томонидан Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва Ҳиндистон томонидан Кичик саноат вазирлиги вакилларидан ташкил топади.
3-модда
Қўмита навбатдаги йиғилишларини муқобил тарзда Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказади ҳамда зарур ҳолларда Томонларнинг талабига кўра навбатдан ташқари мажлислар чақириши мумкин.
Қўмита ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан лойиҳавий дастурлар ишлаб чиқади, режалаштиради ва мониторингни амалга оширади ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликни яхшилаш мақсадида қабул қилиниши лозим бўлган чоралар юзасидан таклифлар беради.
4-модда
Ахборот алмашинуви
Ахборот алмашинуви
Томонлар доимий тарзда кичик ва хусусий тадбиркорлик, ривожланиш ва ҳамкорлик имкониятларига тегишли бўлган маълумотлар билан алмашадилар ҳамда шу йўналишда фаолият олиб борадилар.
5-модда
Ўзгартишлар
Ўзгартишлар
Томонлар ўзаро келишувга кўра ушбу Битимга ўзгартишлар киритишлари мумкин. Ҳар қандай ўзгартишлар ушбу Битимнинг кучга кириш шарт-шароитлари билан бир хил равишда кучга киради.
6-модда
Низолар
Низолар
Ушбу Битимни талқин қилишда келиб чиқадиган низолар ўзаро маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ва зарурат бўлган ҳолда дипломатик каналлар орқали ҳал қилинади.
7-модда
Ушбу Битим икки Томон имзолагандан кейин кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали 90 кун олдин хабардор қилгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади. Томонлар бошқача аҳдлашиб олмасалар, ушбу Битимнинг ўз кучини йўқотиши, унинг шартлари асосида ва тугатилишидан олдин олиб борилган лойиҳаларнинг тўхтатилишига олиб келмайди,
Ушбуни тасдиқлаб, қуйидаги вакиллар тегишлича ўз Ҳукуматлари томонидан берилган ваколатга эга бўлган ҳолда мазкур Битимни имзоладилар.
Деҳли шаҳрида 2005 йил 5 апрелда ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида, икки асл нусхада тузилди. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2-4-сон)