Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Ҳадли Битим
Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига имтиёзли кредит бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
дўстона муносабатлар ва техник-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
ХХР Ҳукумати, Хитой экспорт-импорт банки (бундан кейин Кредит берувчи) Ўзбекистон Ҳукуматига ёки у белгилаган ва Кредит берувчи тасдиқлаган орган (бундан кейин Кредит олувчи)га Томонлар келишиб олган лойиҳаларни амалга ошириш учун умумий қиймати 300 (уч юз) миллион юан миқдорида имтиёзли кредит (бундан кейин Кредит) тақдим этади деб розилик беради. Ушбу Кредитнинг фоизларини субсидия қилиш харажатлари ХХР Ҳукумати томонидан бевосита Кредит берувчига тўланади.
2-модда
Мазкур Кредитни тақдим этишнинг асосий шартлари:
1. Кредитни бериш муддати 20 йилдан кўп бўлмаган муддатни ташкил этади, бунга 5 йилдан кўп бўлмаган имтиёзли муддат ҳам киради.
2. Кредит бўйича фоиз ставкаси йилига 2 фоизни ташкил этади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёки Ўзбекистон Ҳукумати томонидан белгиланган ва Кредит берувчи тасдиқлаган орган Кредит олувчи ҳисобланади. Ўзбекистон Молия вазирлиги мазкур Кредитни муддатида тўлаш кафолатини беради.
3-модда
Ушбу Кредит фойдаланиладиган лойиҳалар Ўзбекистон Ҳукумати томонидан баҳоланади, тавсия этилади ва икки мамлакат ҳукуматлари розилигидан сўнг Кредит берувчи тарафидан тасдиқланади.
4-модда
Ушбу Кредитдан фойдаланиш тўғрисида Кредит битими Кредитдан фойдаланиш бўйича лойиҳалар қабул қилингач, Кредит берувчи билан Кредит олувчи ўртасида аниқ муҳокама қилинади ва тузилади.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан ХХР Ҳукумати Кредитдан фойдаланиш ҳолатини ўз вақтида текшириб борадилар, шунингдек ушбу Битимни амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган тегишли масалаларни муҳокама этиб оладилар.
6-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва уч йил давомида амал қилади. Кредит берувчи билан Кредит олувчи ўртасида уч йил давомида Кредитдан фойдаланиш тўғрисида Кредит битими тузилмаса, ушбу Битим ўз-ўзидан ўз кучини йўқотади.
Ушбу Битим Тошкент шаҳрида 2004 йил 15 июнда икки нусхада, иккала Томон учун бир нусхадан, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)