Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Адлия Вазирлиги ўртасида
Битим
Ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида адлия соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида,
ҳуқуқ ва адлия соҳасидаги икки томонлама муносабат ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантиришни рағбатлантириш учун иккала Томон ўртасида ҳамкорликнинг муҳимлигини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар, ўзаро ҳуқуқ ва адлия соҳасида қуйидаги бош йўналишларда ҳамкорликни кенгайтирадилар:
1. Қонун лойиҳаларини ривожлантириш ва баҳолаш бўйича мутахассисларни алмашиш;
2. Томонлар мутахассис ва экспертлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш;
3. Адлия муассасалари тузилмаси ва фаолиятини ўрганиш мақсадида делегацияларнинг алмашинуви;
4. Юридик соҳадаги мутахассисларни касбий ўқитиш ва тайёрлашни рағбатлантириш мақсадида ўзаролик асосида семинарлар, лекциялар, амалий курслар ҳамда бошқа дастурларни ташкил этиш ва ўтказиш;
5. Адлия муассасалари ўртасида ахборот тизимини ривожлантириш орқали тажриба алмашиш;
6. Амалдаги қонунчилик, юридик адабиёт, ҳуқуқий масалалар ва бошқа тегишли материаллар бўйича нашрларни мунтазам айирбошлаш.
2-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида ва ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ адлия соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига кўмак бўладиган бошқа битимларни тузишлари мумкин.
3-модда
Томонлар ўзларининг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳамкорликнинг келгуси йил учун муайян дастурлари бўйича ҳар йилда маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
4-модда
Томонлар ушбу Битимга мувофиқ ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида иккала Томон келишиб олган ҳамкорлик дастурларини қуйидаги тартибда молиялаштирадилар:
қабул қилувчи Томон ўз давлати ҳудудида ташрифлар бўйича харажатларни қоплайди;
юборувчи Томон халқаро транспорт ва юзага келиши мумкин бўлган тиббиёт харажатларини қоплайди.
5-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ Томонлар ўртасида юзага келадиган баҳс ҳамда келишмовчиликлар музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
6-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва белгиланмаган муддат давомида амал қилади.
Ушбу Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма хабардор этган кундан бошлаб 90 кун ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
Тошкент шаҳрида 2004 йил 15 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса инглиз тилидаги матн устунлик қилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)