Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ФАХРИЙ УНВОНЛАР УЧУН ТЎЛОВЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш, халқимизнинг маданияти ва маънавиятини юксалтиришга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшиб келаётган шахсларни муносиб рағбатлантириш ва қўшимча равишда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб давлатимизнинг фахрий унвонларига сазовор бўлган шахслар — «Халқ» ва «Хизмат кўрсатган арбоб» фахрий унвонлари эгалари учун бериб келинаётган тўловлар энг кам иш ҳақининг 2 баробари, «Хизмат кўрсатган» фахрий унвони соҳиблари учун эса энг кам иш ҳақининг 1 баробари миқдорида оширилиб, ҳар ойлик тўловларнинг миқдори иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матда берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, фахрий унвонлар эгаларига тўловлар ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартибини тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 17 декабрь,
ПФ-3942-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 12-сон, 639-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон; 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон; 30.03.2026 й., 06/26/46/0290-сон)