ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ БИЛАН САУДИЯ АРАБИСТОНИ ПОДШОҲЛИГИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ЎРТАСИДА
АНГЛАШУВ Меморандуми
Икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазирлиги, (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар),
икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни эътиборга олиб,
дўстона муносабатлар, ҳамкорлик ва ўзаро англашувни қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида,
икки томонлама ҳамкорлик ва ўзаро англашув жаҳонда тинчлик ҳамда хавфсизликни қўллаб-қувватлашига амин бўлиб,
икки томонлама муносабатлар ва ўзаро манфаатли халқаро масалалар бўйича турли даражалардаги мунтазам маслаҳатлашувларни олиб бориш муҳим эканлигини эътироф этиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсад ва тамойилларига қатъиян риоя этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг турли жабҳаларини муҳокама қилиш ва ўзаро қизиқиш уйғотувчи минтақавий ҳамда халқаро масалалар бўйича фикр алмашиш учун мунтазам равишда икки томонлама музокара ва маслаҳатлашувлар олиб борадилар. Музокара ва маслаҳатлашувлар икки томонлама муносабатлар, жаҳон сиёсати ривожланиши, минтақавий ва халқаро баҳс ҳамда низолар соҳасида, халқаро ҳамжамият дуч келаётган баҳс ва муаммоларни ҳал қилишда БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотларга катта ижобий имконият беришни қамраб олади.
2-модда
Ушбу Англашув Меморандуми доирасида вазирлар ёки вазир ўринбосарлари даражасидаги ёхуд ҳар иккала Ташқи ишлар вазирликларининг бошқа мансабдор шахслари ўртасида масалаҳатлашувлар навбатма-навбат зарур ҳолларда Тошкент ва Риёзда ўтказилади.
3-модда
Иккала мамлакатнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги вакиллари ўз хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб борадилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотувчи барча масалалар бўйича конструктив ҳамкорлик руҳида бир-бирлари билан маслаҳатлашадилар.
4-модда
Томонлар икки томонлама келишувга мувофиқ мунтазам ва махсус халқаро анжуманларнинг кун тартиби бўйича ўз позицияларини мувофиқлаштириш учун махсус маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.
5-модда
Маслаҳатлашувларнинг вақти ва унинг иш жадваллари дипломатик каналлар орқали белгиланади.
6-модда
Ушбу Англашув Меморандуми беш йил амал қилади ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Томонлардан бири ушбу Меморандумнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида муддат тугагунга қадар олти ой илгари ўз нияти ҳақида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор этмаган бўлса, у ўз-ўзидан бошқа муддатга ёки беш йиллик муддатларга узаяверади.
Риёз шаҳрида 2005 йил 6 февралда икки нусхада, ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 1-сон)