Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Монголия Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият ва фан соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Монголия Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида анъанавий дўстона муносабатларни ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
маданият, фан, таълим, санъат, спорт, матбуот, ахборот ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси билан Монголия халқларининг манфаатларига жавоб беришига қатъий ишонган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият, фан, таълим, санъат, адабиёт, матбуот, ахборот, радиоэшиттириш, телевидение ва спорт соҳаларида тенглик ҳамда тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида, миллий қонунлар талабларига ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ икки давлатнинг тегишли муассасалари ўртасида алмашув ҳамда ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар фан ва таълим соҳасида бевосита ҳамкорликнинг ривожланишини, илмий-тадқиқот, таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ҳамда олимлар ўртасида қўшма дастурларни амалга оширишни, шунингдек икки мамлакатнинг талабалар, аспирантлар ва стажёрларнинг ўзаро таҳсил олишларига миллий қонунларнинг талабларига ҳамда халқаро мажбуриятларга мувофиқ қўллаб-қувватлайдилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликни қуйидаги усул билан миллий қонунларнинг талаблари ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ қўллаб-қувватлайдилар, хусусан:
маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшмалар, ижодкор зиёлилари вакиллари ва маданият арбоблари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш;
артистлар ва артистик труппалар билан алмашиш;
ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари билан алмашиш;
бадиий кўргазмаларни презентация қилиш;
санъат фестиваллари, театр, кинофильм ва мусиқа кунларини ташкил этиш;
кинофильмларни қўшма яратиш, театр пьесаларини саҳналаштириш;
маданият ва санъат соҳасидаги китоблар ҳамда нашрлар билан алмашиш;
бошқа Аҳдлашувчи Томон ташкил этадиган халқаро маданий тадбирларда иштирок этиш.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар кутубхоналар, архивлар ва музейлар ўртасида бевосита ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган ҳолда, миллий қонунлар талабларига мувофиқ бошқа Томон мутахассисларига юқорида кўрсатилган муассасаларнинг материали билан илмий-тадқиқот ва маданий-маърифий иш учун фойдаланишга имконият берадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар матбуот ва ахборот соҳасида яқин ҳамкорликни миллий қонунлар талабларига ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ қўллаб-қувватлайдилар. Шу мақсадда Томонлар қуйидагиларни амалга оширадилар:
телефильмлар, радиоматериаллар ва мусиқий ёзувлар билан алмашувни;
журналистлар ва ахборот агентликлари, матбуот таҳририятлари, радио ва телевидение ходимлари билан алмашувни амалга оширадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар спорт ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга, мусобақа ва учрашувларни ўтказишга, спортчилар ва тренерлар билан алмашувига миллий қонунларнинг талаблари ҳамда халқаро мажбуриятларга мувофиқ кўмаклашадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлат ҳудудида жойлашган қадимги замон хайкалларини ва маданий бойликларни сақлаш ҳамда реставрация қилишда миллий қонунлар талабларига ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ ҳамкорлик қиладилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш мақсадида ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқадилар ва уларнинг молиявий шартларини келишиб оладилар.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувларига мувофиқ ушбу Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда юзага келадиган баҳсли масалалар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида икки томонлама музокара ва маслаҳатлашувлар орқали тартибга солинади.
12-модда
Ушбу Битим қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи томонлар уни кучга киритиш учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилмоқда ва амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга чўзилади, агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга ёзма равишда тегишли муддат тугашидан 6 ой олдин ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги нияти тўғрисида хабардор қилмаса.
3. Ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш унга мувофиқ тузилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш ҳамда улар уни амал қилиш муддатида вужудга келган ва Битим амал қилишининг тугаш вақтига бажарилмаган мажбуриятларга таъсир этмайди, агар Аҳдлашувчи Томонлар бошқа тўғрисида келишиб олмасалар.
Пекин шаҳрида 2004 йил 14 январда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, монгол ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)