Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Англашув меморандуми
ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
мавжуд ва янгидан барпо этилаётган темир йўллардан ўзаро манфаатли асосда фойдаланиш заруратини тасдиқлаб,
ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиб,
иккала Томон қабул қилган халқаро ҳуқуқнинг норма ва принципларига асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда.
Ушбу Меморандум ижро этилишига масъул иккала Томоннинг ваколатли органлари қуйидагилардир:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат-акциядорлик темир йўл компанияси;
Эрон Ислом Республикаси томонидан — «Эрон Ислом Республикаси темир йўллари».
2-модда.
Иккала Томон икки мамлакат ўртасида темир йўл тармоғи орқали юк ва йўловчиларнинг халқаро ташувини амалга оширишга, шунингдек транзит ташув учун мавжуд барча имкониятлардан фойдаланишга аҳдлашиб олдилар.
3-модда.
Меморандум қоидаларини амалга ошириш учун иккала Томон энг қулай шароитларни ёки бошқа мамлакатларга тақдим этиладиган шароитлардан кам бўлмаган ҳар қандай бошқа шароитларни уларнинг ҳудудлари орқали йўловчи ва юкларни ташишга ҳар бир Томоннинг амалдаги қонунларига мувофиқ тақдим қиладилар.
4-модда.
Иккала Томон транспорт хизмати ҳамда транзит ташувларни амалдаги қоидалар ва тарифлар асосида иккала Томон қабул қилган халқаро қоидалар ҳамда битимларга мувофиқ амалга оширишга аҳдлашиб олдилар.
5-модда.
Иккала Томон техник воситалар ва контейнер терминалларидан умумий фойдаланиш учун зарур шароитларни яратишга келишиб олдилар.
6-модда.
Иккала Томон улар имзолаган халқаро конвенцияларга мувофиқ йўловчи ва юклар учун божхона расмиятчилигини амалга оширишга келишиб олдилар. Агар Томонлар имзолаган конвенцияларнинг биронтасида тегишли масалалар тартибга солинмаган бўлса, божхона расмиятчилиги ҳар бир мамлакатнинг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
7-модда.
Иккала Томон йўловчилар ва хизмат кўрсатиш персоналининг хавфсизлигини таъминлайдилар ҳамда зарур ҳолларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатадилар. Иккала Томон ҳар бир Томоннинг темир йўл персоналига иккала мамлакат ҳудудида ўзларининг хизмат вазифалари бажарилишида ўзаролик асосда кўмаклашадилар.
8-модда.
Иккала Томонга бевосита мувофиқлаштирилган тариф сиёсати ва транспорт йўналишлари ҳамда уларнинг мамлакатлари ҳудудлари орқали юкларининг транзити соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш тавсия этилади.
9-модда.
Юк ва йўловчиларнинг ташуви бўйича юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ваколатли органлар иккала мамлакатнинг ҳудудларида ваколатхоналарни таъсис этишлари мумкин. Ваколатхоналарнинг фаолиятини Томонларнинг миллий қонун ҳужжатлари тартибга солади. Шу билан бирга Томонлар умумий инвестицияларни рағбатлантирадилар.
10-модда.
Иккала Томон қурол-яроқлар ва ҳарбий техника, портловчи моддалар ҳамда ҳар қандай бошқа хавфли юкларнинг иккала мамлакат ҳудудлари орқали ташуви ва транзитини Томонларнинг миллий қонун ҳужжатлари ва Хавфли юкларнинг ташувлари тўғрисида қоидалар (темир йўлда хавфли юкларнинг ташуви тўғрисида қоидалар — II илова, СМГС)га мувофиқ амалга оширадилар.
11-модда.
Ушбу Меморандум ҳаракатланувчи таркиб ва техник воситаларни сақлаш, юк ва йўловчи ташиш, юкларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорликда Томонларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
12-модда.
Иккала Томон ўзаро манфаатли асосда темир йўл транспорти соҳасидаги халқаро лойиҳалар доирасида амалий ва фундаментал илмий тадқиқотларни, жумладан қўшма илмий ишларни ташкил этишда ҳамкорлик қиладилар. Томонларнинг ваколатли органлари ушбу ҳужжатда назарда тутилмаган масалалар юзасидан алоҳида шартномалар ва меморандумлар тузадилар.
Иккала Томон Томонларнинг манфаатларига дахлдор бўлган темир йўл транспорти соҳасидаги қабул қилинган ёки тайёрланаётган ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан бир-бирларини хабардор қиладилар.
13-модда.
Ушбу Меморандумга тааллуқли бўлган ҳар қандай баҳс, музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
Ушбу Меморандумга Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган қўшимча баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
14-модда.
Меморандум Томонлар имзолаган халқаро битимлардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
15-модда.
Ушбу Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Меморандумнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ҳар қандай Томоннинг истаги билдирилган ёзма хабарнома олингандан сўнг олти ой ўтгач амал қилишдан тўхтатилиши мумкин.
Ушбу Меморандумдан келиб чиқадиган барча мажбуриятлар ўзаро манфаат асосида ва Меморандум ҳамда тегишли шартномаларнинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Тошкент шаҳрида 2005 йил 4 январда, яъни ҳижрий 1383 йил 15 дейда икки нусхада, бир муқаддима ва 15 моддада, ҳар бири ўзбек, форс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хилда аутентикдир. Матнни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устун ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 1-сон)