Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ПАХТА ТОЛАСИНИ РЕСПУБЛИКАНИНГ ИЧКИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА СОТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пахта толасининг юқори ликвидли ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек сифатли, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида:
1. 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, республиканинг пахта толасини қайта ишлайдиган барча корхоналари учун пахта толасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги ПҚ-456-сонли қарорида назарда тутилган шартлар асосида эркин айирбошланадиган валютада Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали харид қилишнинг ягона тартиби ўрнатилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 5-бандида назарда тутилган, «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) шартнома тузиш пайтида таркиб топган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғи нулинчи ставка бўйича қўшиб ҳисобланган ҳолда) сотиб олишга рухсат бериш бўйича имтиёзлар муддати 2011 йилнинг 1 январигача узайтирилсин, бунда ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин.
3. Белгилансинки, ўз маҳсулоти ҳажмининг 80 ва ундан кўпроқ фоизини, шу жумладан, ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндилари)ни эркин айирбошланадиган валютада сотувчи республика тўқимачилик саноати корхоналари 2011 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи тўлашдан озод этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 21 ноябрь,
ПҚ-733-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 46-47-сон, 467-модда; 2013 й., 52-сон, 690-модда; 2016 й., 46-сон, 527-модда, 47-сон, 537-модда, 51-сон, 584-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2017 й., 06/17/5197/0045-сон, 20.02.2018 й., 06/18/5348/0789-сон, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон)