Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ҲОСИЛДОРЛИГИ ПАСТ БЎЛГАН ЕРЛАРДА ДАВЛАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТИШТИРУВЧИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Фермер хўжаликларини барқарор ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга самарали ва амалий давлат мададини кўрсатиш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун мақсадли маблағлар ажратиш назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда мазкур мақсадларга ер солиғи бўйича тушумлар ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида низом ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
ҳосилдорлиги паст бўлган ерларни белгилашнинг аниқ мезонлари ва механизми;
ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш тартиби;
ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан амалий назорат тизими.
3. 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли асосда лизингга бериш муддати 7 йилдан 10 йилгача узайтирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар, тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 5 ноябрь,
ПҚ-725-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 45-сон, 453-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.10.2019 й., 07/19/4499/3960-сон)