ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 9 октябрда 1724-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 12 июндаги 2020-18-сонли ««Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1724-3, 19.06.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги ва «Муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 11 сентябрь,
2007-54-сон
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга пеня ҳисоблаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги ва «Муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш тўғрисида»ги қонунлари асосида ишлаб чиқилиб, қонунда белгиланган муддатларда тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар учун пеня ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилайди ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотларига (кейинги матнларда «солиқ тўловчи») тааллуқлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қўллаш мақсадида қуйидаги атама ва иборалардан фойдаланилади:
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар — бюджет, давлат мақсадли жамғармалари ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармасига мажбурий тўловлар;
ортиқча тўланган сумма — муайян санада тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланган суммалардан ошиб кетиши;
ортиқча тўлов — солиқ тўловчининг ёзма аризасига биноан қайтарилиши ёки келгуси тушумлар ҳисобига ёзилиши лозим бўлган хато ёки ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси;
солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақаси — ҳисобланган ва тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек пеня ва молиявий жарималар ҳисоби юритиладиган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
боқиманда — қонунчиликда белгиланган муддатларда тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси;
пеня — тўлов муддати тугагач кечиктирилган ҳар бир куни учун қонунчиликда белгиланган миқдорда ҳисоблаб ёзиладиган жарима.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўлов турлари бўйича пеня ҳисоблаш учун жойлардаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан шахсий ҳисобварақалари очилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Боқиманда суммасининг ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан ошган қисмига пеня ҳисоблаш учун солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақларида ҳар бир солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлари (жисмоний шахслар даромад солиғи бундан истисно) бўйича барча операциялар қолдиқ суммалари акс эттирилган ҳолда операциялар амалга оширилган (солиқ тўловчи шахсий ҳисобварақаларида ёзувларни юритиш) санага ёзилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Пеня ҳисобланиши
4. Пеня солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақаларида акс эттирилган, боқиманда суммасидан тўлов муддати тугаган кундан бошлаб ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,05 фоиз миқдорида ҳисобланади.
Мисол:
| | | | | | минг сўм |
| Солиқ тури | Боқиманда | Ортиқча тўлов | Қолдиқ (+, –)* | Пеня ҳисоблаш даври | Ҳисобланган пеня |
| Қўшилган қиймат солиғи | 100,0 | — | х | х | х |
| Даромад (фойда) солиғи | 325,0 | — | х | х | х |
| Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар | — | 200,0 | х | х | х |
| Республика йўл жамғармасига ажратмалар | — | 65,0 | х | х | х |
| Жами | 425,0 | 265,0 | – 160,0 | 15 кун | 1,2 |
* «+» — ортиқча тўлов бўйича қолдиқ;
«–» — боқиманда бўйича қолдиқ.
Келтирилган мисолдан келиб чиқиб ҳисобланган пеня суммаси 1,2 минг сўмни (160,0 х 15 кун х 0,05%) ташкил этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Боқиманда суммасининг солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган сумма миқдорига тенг қисмига пеня ҳисобланмайди. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммалар мавжудлиги давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланиши лозим.
Мисол:
| | | | | | минг сўм |
| Солиқ тури | Боқиманда | Ортиқча тўлов | Қолдиқ (+, –)* | Пеня ҳисоблаш даври | Ҳисобланган пеня |
| Қўшилган қиймат солиғи | 300,0 | — | х | х | х |
| Даромад (фойда) солиғи | — | 200,0 | х | х | х |
| Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар | — | 200,0 | х | х | х |
| Республика йўл жамғармасига ажратмалар | 100,0 | — | х | х | х |
| Жами | 400,0 | 400,0 | 0,0 | — | 0,0 |
* «+» — ортиқча тўлов бўйича қолдиқ;
«–» — боқиманда бўйича қолдиқ.
Келтирилган мисолдан келиб чиқиб, жами боқиманда ва ортиқча тўланган суммалар тенг қийматни, яъни нуль қолдиқни ташкил қилади, мос равишда пеня ҳисобланмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Жами ортиқча тўланган суммалар боқиманда суммаларидан ошиб кетганда пеня ҳисобланмайди.
Мисол:
| | | | | | минг сўм |
| Солиқ тури | Боқиманда | Ортиқча тўлов | Қолдиқ (+, –)* | Пеня ҳисоблаш даври | Ҳисобланган пеня |
| Қўшилган қиймат солиғи | 250,0 | — | х | х | х |
| Даромад (фойда) солиғи | — | 300,0 | х | х | х |
| Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар | — | 250,0 | х | х | х |
| Республика йўл жамғармасига ажратмалар | 200,0 | — | х | х | х |
| Жами | 450,0 | 550,0 | + 100,0 | — | 0,0 |
* «+» — ортиқча тўлов бўйича қолдиқ;
«–» — боқиманда бўйича қолдиқ.
Келтирилган мисолдан келиб чиқиб, жами ортиқча тўланган сумма боқиманда суммаларидан ошиб кетади, мос равишда пеня ҳисобланмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ҳисобланган пеня суммаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўлов турлари бўйича ҳар бир солиқ ва мажбурий тўлов бўйича боқиманда суммаларининг жами боқиманда суммасидаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.
Мисол:
| | | | | |
минг сўм | |
| Солиқ тури | Боқиманда | Ортиқча тўлов | Қолдиқ (+, –)* | Пеня ҳисоблаш даври | Ҳисобланган пеня | Пеня тақсимоти |
| Қўшилган қиймат солиғи | 100,0 | — | х | х | х | 0,3 |
| Даромад (фойда) солиғи | 325,0 | — | х | х | х | 0,9 |
| Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар | — | 200,0 | х | х | х | х |
| Республика йўл жамғар-масига ажратмалар | — | 65,0 | х | х | х | х |
| Жами | 425,0 | 265,0 | – 160,0 | 15 кун | 1,2 | 1,2 |
* «+» — ортиқча тўлов бўйича қолдиқ;
«–» — боқиманда бўйича қолдиқ.
Бу мисолда 160,0 минг.сўм боқиманда қолдиқ суммасига 1,2 минг сўм миқдорида ҳисобланган пеня суммаси, қўшилган қиймат солиғи (24%) ва даромад (фойда) солиғи (76%) бўйича боқиманда суммаларининг жами боқиманда суммасидаги улушларига мос равишда тақсимланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Пеня суммаси солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги (боқимандаси) суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас.
1-мисол:
Солиқ тўловчи 01.02.2007 йил ҳолатига даромад (фойда) солиғи бўйича 500,0 минг сўм боқимандага эга ва шу суммага ҳисобланган пеня суммаси 80,0 минг сўмни ташкил этади. Солиқ тўловчи 10.02.2007 йил куни даромад (фойда) солиғи бўйича 300,0 минг сўм боқимандани қоплади, мос равишда, боқиманда суммаси шу кунга 200,0 минг сўмни ташкил қилди. Демак, 01.02.2007 йилдан 10.02.2007 йил (шу кун ҳам ҳисоб-китобда инобатга олинган ҳолда) даврига 2,5 минг сўм пеня ҳисобланиб, жами пеня суммаси 82,5 минг сўмни ташкил этди.
2-мисол:
Келтирилган 1-мисолдаги солиқ тўловчи бўйича 10.02.2005 йил ҳолатига даромад (фойда) солиғидан боқиманда 200,0 минг сўмни, ҳисобланган пеня 82,5 минг сўмни ташкил этди. Солиқ тўловчи 15.02.2007 йил куни даромад (фойда) солиғи бўйича 150,0 минг сўм боқимандани қоплади, мос равишда, шу кунга боқиманда суммаси 50,0 минг сўмни ҳосил қилди. Демак, 11.02.2007 йилдан 15.02.2007 йил (шу кун ҳам инобатга олинади) даврига 0,5 минг сўм пеня ҳисобланиб, якуний пеня суммаси 83,0 минг сўмни ташкил қилди. 16.02.2007 йилдан бошлаб пеня ҳисобланмайди, сабаби илгари ҳисобланган солиқ суммаси боқиманда қолдиқ суммаси (200,0 минг сўм – 150,0 минг. сўм = 50,0 минг сўмдан) ошиб кетади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ҳисобланган пеня суммаси боқиманда мавжуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўлов турлари бўйича тақсимланади, лекин илгари ҳисобланган пеня суммаси боқиманда суммасига тенг ёки ошиб кетган солиқ турлари бўйича солиқ тўловчи шахсий ҳисобварақаларида акс эттирилмайди.
Мисол:
| | | | | | | |
минг сўм | |
| Солиқ тури | Боқиманда | Ортиқча тўлов | Қолдиқ (+, –)* |
Пеня ҳисоблаш даври | Ҳисобланган пеня | Илгари ҳисобланган пеня қолдиғи | Пеня тақсимоти | Якуний пеня суммаси |
| Қўшилган қиймат солиғи | 50,0 | — | х | х | х | 50,0 | 0,2 | 50,0 |
| Акциз солиғи | 50,0 | — | х | х | х | 65,0 | 0,2 | 65,0 |
| Даромад (фойда) солиғи | 200,0 | — | х | х | х | 10,0 | 0,7 | 10,7 |
| Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар | — | 100,0 | х | х | х | — | х | — |
| Республика йўл жамғармасига ажратмалар | — | 50,0 | х | х | х | — | х | — |
| Жами | 300,0 | 150,0 | –150,0 | 15 кун | 1,1 | 125,0 | 1,1 | 125,7 |
* «+» — ортиқча тўлов бўйича қолдиқ;
«–» — боқиманда бўйича қолдиқ.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Солиқ тўловчилар шахсий варақалари шакли ва уларни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 11 сентябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 41-42-сон, 422-модда; 2013 й., 39-сон, 517-модда; 2014 й., 20-сон, 235-модда)