Ўзбекистон Республикасининг қонуни
МУДДАТИДА ТЎЛАНМАГАН СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ УНДИРИБ ОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-138-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
1-модда.
Белгиланган муддатда тўланмаган солиқларни, давлат бюджетига ҳамда бюджетдан ташқари давлат жамғармаларига бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади.
2-модда.
Тегишли тўловларнинг белгиланган тўлов муддатлари тугагач, тўланмаган сумма боқиманда ҳисобланади ва у, башарти қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, пенясини қўшиб ҳисоблаган ҳолда ундириб олинади.
3-модда.
Тўлов муддати тугаганидан кейинги кундан бошлаб муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун боқиманда суммасидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня қўшилиб боради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан тўловларни ва тўловларга оид боқимандаларни ундириб олиш қуйидаги ҳолларда сўзсиз амалга оширилади:
1) солиқ органининг қарорига мувофиқ — солиқлар ва давлат бюджетига бошқа мажбурий тўловлар бўйича;
Кейинги таҳрирга қаранг.
2) суднинг қарорига мувофиқ — бюджетдан ташқари давлат жамғармаларига тўловлар бўйича.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда.
Солиқ органлари корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар солиқ тўловлари ва бюджетга, шунингдек бюджетдан ташқари давлат жамғармаларига бошқа мажбурий тўловлар тўлашни тўғри, ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширганлигини текширишга ҳақлидир.
6-модда.
Боқимандани тўлаш суммаси келиб тушганда аввало боқиманда, сўнгра пеня тўланади. Боқимандани ундириб олиш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.
7-модда.
Тўлов топшириқномаси олинганидан кейин бир иш куни мобайнида давлат бюджети даромадига, бюджетдан ташқари давлат жамғармалари ҳисобварағига тўловлар банкнинг айби билан ўз вақтида киритилмаганлиги учун банк муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди.
8-модда.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан боқимандани сўзсиз ундириб олишнинг қуйидаги чоралари қўлланилади:
1) боқимандачининг банкдаги ҳисобварағида мавжуд бўлган суммани давлат бюджети фойдасига, бюджетдан ташқари давлат жамғармалари ҳисобварағига ўтказиш;
2) солиштирув далолатномаси мавжуд бўлган тақдирда ундирувни дебиторлардан боқимандачига тегишли суммага қаратиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
3) солиқлар ва бюджетга тўловлар бўйича ундирувни қарздор корхона мол-мулкига қаратиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(8-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги 357-I-сон Қонунига мувофиқ 3-банд билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 56-модда)
Боқиманда суммасини сўзсиз ундириб олиш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари солиқ органлари томонидан белгиланган тўлов муддатидан бошлаб уч иш куни давомида амалга киритилади.
Башарти корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тегишли тўловни ўтказиш учун тўлов топшириқномасини банкка ўз вақтида топширган бўлса, инкассо топшириқномаси амалга киритилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда.
Чет эллик юридик шахслардан солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича боқимандани ундириб олиш, башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади.
10-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан боқимандани ундириб олиш суд тартибида амалга оширилади.
11-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар гарданидаги боқимандаларни қоплаш учун ундирув мол-мулкка қаратилган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулкка ундирув қаратилмайди.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича чет эллик юридик шахслардан боқимандани ундириш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган уларнинг ҳар қандай мол-мулкига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қаратилади.
12-модда.
Боқимандани ундириш тўғрисидаги суд қарорининг ижроси ижро варақаси асосида, хўжалик судининг буйруғи асосида амалга оширилади.
13-модда.
Давлат корхоналарининг, шунингдек жисмоний шахсларнинг тўловлар бўйича боқимандасини ундириш имконияти бўлмаган ҳолларда боқиманда ҳисобдан чиқариб ташланади. Давлат корхоналарининг боқимандасини ҳисобдан чиқариб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда боқимандани ундириб олиш имконияти йўқлиги тўғрисидаги маълумотномага биноан, жисмоний шахслардан эса — суд қарорига биноан амалга оширилади.
14-модда.
Тўловларни нотўғри ҳисоблаб чиқариш ёки ундириб олишнинг белгиланган тартибини бузиш оқибатида ортиқча келиб тушган тўлов суммалари қайтарилиши керак.
15-модда.
Тўловларни ундириб олиш вақтида солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилган нотўғри хатти-ҳаракатлар устидан шикоятлар юқори органга ёки судга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 22 декабрь,
177-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 267-модда; 1997 й., 2-сон, 56-модда; 2001 й., 5-сон, 89-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 21-сон, 148-модда; 2006 й., 41-сон, 405-модда)