Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИ АҲОЛИСИНИНГ УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ШАРОИТЛАРИНИ ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тошкент шаҳри аҳолисининг уй-жой-коммунал шароитларини яхшилаш ишларини изчил амалга ошириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уй-жой мулкдорларининг уларга қарашли уй-жой фондини сақлашдаги ролини ошириш, кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиладиган жойларини ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал ва жорий таъмирлашнинг ҳамда уларнинг ҳудудларини ободонлаштиришнинг ўз вақтида тугалланишини таъминлаш, турар жой бўлмаган бинолар ва иншоотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек Тошкент шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлган иловага* мувофиқ бўш турган бинолар ва иншоотларни, қурилиши тугалланмаган объектларни сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки:
иловага киритилган объектларни баҳолаш ва уларни очиқ савдоларга қўйиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан амалга оширилади;
уларни сотишдан тушадиган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва савдолар ташкилотчилари ихтиёрида қолдириладиган маблағларни чегирган ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамида жамланади ҳамда янги лифтлар сотиб олган ва кўп квартирали уйларнинг ҳудудларини ободонлаштирган ҳолда уларнинг муҳандислик коммуникацияларини, томларини, лифт хўжалигини мукаммал ва жорий таъмирлашни амалга оширишга, шу жумладан мавзелар ичидаги ёритиш воситаларини тиклашга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган аниқ рўйхатлар бўйича ободонлаштириш хизматларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
3. Иловага киритилган объектларни сотишдан тушадиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан масъулият Тошкент шаҳар ҳокими А.Ҳ. Тўхтаев зиммасига юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамидан молиялаштириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини ҳар чоракда текширсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М. Ханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 9 июль,
140-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 27-28-сон, 289-модда)