Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ЛИЗИНГ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ҲАМДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТОВАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қишлоқ хўжалигини лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси билан кенг жиҳозлаш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти фермер хўжаликларини, шу жумладан ўз фаолиятини мелиоратив жиҳатдан ноқулай бўлган ерларда амалга ошираётган фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси корхоналари томонидан, шу жумладан етакчи хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси (тракторлар ва ўрим-йиғим техникаси)ни машина-трактор паркларига ва фермер хўжаликларига лизинг асосида етказиб бериш бўйича ўтказилаётган эксперимент муддати 2015 йил 1 январгача узайтирилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти машина-трактор парклари ва фермер хўжаликлари «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси корхоналари томонидан, шу жумладан етакчи хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» лизинг компаниясидан ва тижорат банкларидан 10 йилгача муддатга лизингга олишга ҳақлидирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 18 июнь,
123-сон
Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 2 ноябрдаги 424-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1. Белгилансинки, 2001—2014 йиллар мобайнида, эксперимент тариқасида, «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси корхоналари томонидан, шу жумладан етакчи хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси (тракторлар ва ўрим-йиғим техникаси) машина-трактор паркларига, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар)га ва фермер хўжаликларига уларни қуйидаги шартларда лизингга бериш йўли билан етказиб берилади».
2. 5-банднинг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«лизинг муддати 7 йилдан иборат бўлишини назарда тутсин, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти машина-трактор парклари ва фермер хўжаликларига лизингга бериш ҳоллари бундан мустасно, улар учун лизинг муддати 10 йилгача белгиланади».
3. «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга олиш тартиби (1-илова) 9-бандининг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компаниясига техника қийматининг қолган 85 фоизини ва лизинг бўйича фоизларни 7 йил мобайнида тўлайдилар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти машина-трактор парклари ва фермер хўжаликларига лизингга бериш ҳоллари бундан мустасно, улар учун кўрсатиб ўтилган муддат 10 йилгача белгиланади».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 25-26-сон, 262-модда; 2008 й., 10-11-сон, 62-модда; 2017 й., 26-сон, 593-модда)