Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚ ТАЪЛИМИ МУАССАСАЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАЪМИНОТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими муассасаларини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида» 2007 йил 26 февралдаги ПФ-3857-сон Фармонини ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумтаълим мактабларининг намунавий штатларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 29 мартдаги ПҚ-609-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек, бюджетнинг ғазна ижроси шароитларида халқ таълими муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Халқ таълими муассасаларини ҳисоб-китоб-молиявий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг сарф-харажатларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш функциялари ҳамда тузилмаларини Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларидан тегишли молия органларига топшириш бўйича Республика комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2-иловага мувофиқ таркибда тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этсинлар.
Республика комиссиясига ва ҳудудий комиссияларга 2007 йил 1 июнгача бўлган муддатда:
халқ таълими муассасаларига марказлаштирилган хўжалик хизмати кўрсатиш бўйича марказлаштирилган бухгалтериялар ва гуруҳларнинг мол-мулкини белгиланган тартибда тегишли молия органлари балансига қабул қилиб олиш учун ушбу мол-мулкни хатловдан ўтказишни ташкил этиш;
ҳар бир халқ таълими муассасаси бўйича харажатлар сметалари ва молиявий ҳужжатларнинг моддама-модда хатловдан ўтказилишини таъминлаш, бунда муассасаларнинг коммунал, фойдаланиш харажатлари ва бошқа сарф-харажатларга бўлган эҳтиёжи уларнинг ўқувчилар сонига ва типига қараб ушбу муассасаларнинг харажатлар сметаларида назарда тутилган ажратиладиган маблағларга мувофиқ бўлишига алоҳида эътибор бериш;
халқ таълими муассасаларининг тегишли ташкилотлар ва муассасалар билан қарзларини 2007 йил 1 апрелдаги ҳолатига кўра солиштириш далолатномалари тузилишини назорат қилиш, шунингдек, ушбу муассасаларнинг дебиторлик-кредиторлик қарзларини ундириш ва узиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаш вазифаларини амалга ошириш юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари, туман ва шаҳар молия бўлимлари 2007 йил 1 июнгача халқ таълими муассасалари харажатлар сметалари ва штат жадвалларининг белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилишини таъминласинлар.
Белгилаб қўйилсинки, халқ таълими муассасаларининг барча ҳисоб-китоб операциялари 2007 йил 1 апрель — 30 июнь даврида қатъий равишда тегишли ҳудудий молия органлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги белгиланган тартибда:
юридик шахс мақомини олган халқ таълими муассасаларининг белгиланган тартибда янгидан рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги харажатлар сметалари ижро учун қабул қилинишини;
уларнинг товарлар етказиб берувчилар (ишларни бажарувчилар, хизматлар кўрсатувчилар) билан шартномаларини илгари марказлаштирилган бухгалтериялар билан тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда қатъий равишда ушбу муассасаларнинг якка тартибдаги харажатлар сметаларида кўрсатилган суммалар доирасида ва мақсадларга мувофиқ қайта тузилишини ва қайта рўйхатдан ўтказилишини;
юридик шахс мақомини олган халқ таълими муассасалари томонидан тузиладиган шартномаларнинг сифати, уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва, қоидага кўра, воситачилик хизматларини истисно этган ҳолда нархларнинг асосланганлиги мониторинги олиб борилишини;
тўловлар юридик шахс мақомини олган халқ таълими муассасаларининг ҳудудий молия органлари билан биргаликда тузган буюртманомаларига мувофиқ, йил бошидан бошлаб улар бўйича қилинган харажатлар марказлаштирилган бухгалтериялар томонидан ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилишини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилансинки, Директор жамғармаси маблағлари бюджет таснифининг 01130 «Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш директор жамғармаси маблағлари» коди бўйича алоҳида сатрда ажратиб кўрсатилган ҳолда ҳар бир умумтаълим муассасаси таъминотига харажатлар сметасида назарда тутилади.
5. Халқ таълими муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларнинг юритилиши, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, шартнома интизоми таъминланиши ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан жавобгарлик ушбу муассасаларнинг раҳбарлари ва бухгалтерларига, ҳудудий молия органларига ва Молия вазирлигининг Ғазначилиги бўлинмаларига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларининг, туман ва шаҳар молия органларининг халқ таълими муассасаларини молиялаштириш бўлимлари намунавий тузилмасини тасдиқласин, унда бўлимлар ходимлари сонининг хизмат кўрсатиладиган муассасалар сонига боғлиқ ҳолда белгиланишини назарда тутсин;
ҳудудий молия органларининг халқ таълими муассасаларини молиялаштириш бўлимлари бошлиқлари ва бош бухгалтерларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ходимлар лавозимлари рўйхатига киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари ҳудудий молия органлари билан биргаликда 2007 йил мобайнида мактаб-интернатлар ва умумтаълим мактабларини малакали бухгалтерлар билан таъминласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Халқ таълими муассасаларини ва ҳудудий молия органларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш учун доимий ишлайдиган Халқ таълими муассасаларининг марказлаштирилган бухгалтериялари ва молия ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича Республика идоралараро аттестация комиссияси 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин, бунда тегишли ходимларни ҳар уч йилда аттестациядан ўтказиш назарда тутилсин.
Республика идоралараро аттестация комиссияси:
ўн кун муддатда халқ таълими муассасаларининг марказлаштирилган бухгалтериялари ва молия ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқишни ҳамда ҳудудий молия органларига ва халқ таълими муассасаларига етказишни;
жойларда ташкил этиладиган ҳудудий аттестация комиссиялари билан биргаликда 2007 йил 1 июнгача бўлган муддатда кўрсатиб ўтилган ходимлар тоифаларини уларнинг малакаси ва касб даражасига нисбатан қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда аттестациядан ўтказишни таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
вазирликлар ва идоралар норматив ҳужжатларининг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 март,
63-сон
Халқ таълими муассасаларини ҳисоб-китоб-молиявий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг сарф-харажатларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш функциялари ҳамда тузилмаларини топшириш бўйича Республика комиссияси
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
1. Азимов Р.С. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазири, комиссия раиси
2. Жўраев Т.И. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири, комиссия раисининг ўринбосари;
комиссия аъзолари:
3. Қўчқоров Ж.А. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари;
4. Собиров О.З. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари;
5. Агзамов М.И. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси бошлиғи;
6. Нурматов У.Э. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳудудий молиялар бош бошқармаси бошлиғи;
7. Сорокина Т.В. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ижтимоий соҳа ва илм—фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари;
8. Бўронов Б.Э. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари;
9. Йўлдошев К.О. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бошқармаси бошлиғи;
10. Султонов И.А. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бошқармаси бошлиғининг ўринбосари;
11. Дауланов У.Б. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг бош бухгалтери.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Халқ таълими муассасаларини ҳисоб-китоб-молиявий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг сарф-харажатларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш функциялари ҳамда тузилмаларини топшириш бўйича ҳудудий комиссияларнинг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
1. Ҳудудий молия органи бошлиғи — комиссия раиси;
2. Ҳудудий халқ таълими органи бошлиғи — комиссия раисининг ўринбосари;
3. Ҳудудий молия органи бюджет бўлимининг бошлиғи — комиссия аъзоси;
4. Ҳудудий молия органи бош бухгалтери — комиссия аъзоси;
5. Ҳудудий халқ таълими органининг марказлаштирилган бухгалтерияси бош бухгалтери — комиссия аъзоси;
6. Ҳудудий халқ таълими органининг марказлаштирилган бухгалтерияси бош иқтисодчиси — комиссия аъзоси;
7. Бюджет муассасалари харажатлари мониторингини амалга ошириш учун туман (шаҳар)га биркитилган назоратчи-тафтишчи — комиссия аъзоси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Халқ таълими муассасаларининг марказлаштирилган бухгалтериялари ва молия ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича Республика идоралараро аттестация комиссияси
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
1. Турсунов Ё.Э. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари, комиссия раиси;
2. Собиров О.З. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси;
комиссия аъзолари:
3. Нурматов У.Э. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳудудий молиялар бош бошқармаси бошлиғи;
4. Сорокина Т.В. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ижтимоий соҳа ва илм—фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари;
5. Бўронов Б.Э. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари;
6. Перетолчин С.И. — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи;
7. Йўлдошев К.О. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи;
8. Султонов И.А. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғининг ўринбосари;
9. Дауланов У.Б. — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг бош бухгалтери.
Изоҳ. Республика идоралараро аттестация комиссияси қарорига биноан ҳар бир минтақада ҳудудий аттестация комиссиялари ташкил қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 13-сон, 119-модда)