LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Транспорт тармоғини ривожлантириш ишларини мувофиқлаштиришни жадаллаштириш, Тошгузар—Бойсун—Қумқўрғон янги темир йўлини жадал қуриш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг «Кўприкқурилиш» трестини компания таркибига бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси «Кўприкқурилиш» трести 2004 йил 1 октябрдаги ҳолатига кўра қабул қилиниши-топширилишини ташкил этсин, трест тузилмасини, профессионал кадрлар таркибини, пудрат ишларини бажаришга тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқсин ва трест фаолияти дастурини қаттиқ назорат остига олсин.
Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.
3. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда «Кўприкқурилиш» трести компания таркибига берилиши муносабати билан икки ҳафта муддатда компания устав фондининг миқдори ва таркибини қайта кўриб чиқсин.
Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг устав фондига бепул берилаётган «Кўприкқурилиш» трестининг асосий воситалари ва бошқа мол-мулки қиймати даромад (фойда) солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.