Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги ПФ-6112-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан 2021 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотади.
Хўжалик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришни мунтазам модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уни юқори сифатли, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берадиган илғор замонавий ускуналар билан таъминлашга қаратилган самарали рағбатлантириш тизимини яратиш мақсадида:
1. Хўжалик юритувчи субъектларга уч йил мобайнида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга, ушбу мақсадлар учун берилган кредитларни қайтаришга, лизинг объекти қийматини тўлашга йўналтирилган маблағлар миқдорида, тегишли ҳисобот даври учун ҳисобланган аммортизация маблағларидан фойдаланиш шарти билан, фойдадан олинадиган солиқ базасини камайтириш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ишлаб чиқаришга жорий этилган янги технологик жиҳозлар беш йил муддатга мулк солиғидан озод этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган юридик шахслар учун беш йил давомида ягона солиқ тўлови тўлашда солиққа тортиладиган базани харид қилинган янги технологик жиҳозлар қийматига тенг, аммо солиққа тортиш базасининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда камайтирган ҳолда солиқ имтиёзлари жорий этилсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 25-сон, 282-модда)
4. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Фармонда кўзда тутилган солиқ имтиёзлари янги жиҳозлар ишлаб чиқаришга жорий этилган пайтдан бошлаб навбатдаги солиқ ҳисоботи даври учун қўлланилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, қайд этиб ўтилган солиқ имтиёзларининг амал қилиши бекор қилинади, бюджетга тегишли солиқлар тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади. Технологик жиҳозлар харид (импорт) қилинган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотиб юборилган ёки текинга берилган бўлса, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бекор қилинади ва бюджетга божхона тўловлари тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланади.
(4-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 25-сон, 282-модда)
5. Белгилансинки, 2007 йил 1 апрелдан бошлаб олиб кириладиган технологик жиҳозларга қонунчиликда кўзда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланадиган технологик жиҳозлар рўйхатига мувофиқ қўлланилади.
Технологик жиҳозларни олиб киришда қўлланиладиган имтиёзлар, агар технологик жиҳозларни етказиб бериш бўйича шартнома шартларида кўзда тутилган бўлса, бутловчи ва эҳтиёт қисмларга нисбатан ҳам татбиқ этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2007 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда ўрнатилган тартибда мазкур Фармонда кўзда тутилган солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиққан ҳолда киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
8. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 14 март,
ПФ-3860-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 11-сон, 96-модда; 2009 й., 25-сон, 282-модда, 52-сон, 558-модда; 2013 й., 52-сон, 689-модда)