Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
ИЖАРА ТЎҒРИСИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ижара тўғрисида» ги Қонуни эълон қилинган пайтдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддат ичида:
— Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг «Ижара тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашига тақдим этиш;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини мазкур Қонунга мувофиқлаштириш, республика вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари мазкур Қонунга зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаш;
— сотиб олиш ва ижарага топшириш йўл қўйилмайдиган ёки чекланадиган корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар, мол-мулклар ва ресурслар турларининг рўйхатини белгилаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг муҳокамасига киритиш топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг «Ижара тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштирилгунга қадар амалдаги қонунлар, башарти улар мазкур Қонунга зид келмаса, қўлланаверади.
4. Белгилаб қўйилсинки, ушбу Қонун амалга киритилгунча ижара муносабатларига ўтган ижарачилар ўз хўжалик фаолиятларини тузилган ижара шартномаларига мувофиқ олиб боришга ҳақлидирлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати 1989 йилнинг 29 декабрида қабул қилган «Ўзбекистон Республикасида ижара тўғрисидаги Низом ҳақида» ги Фармон (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ведомостлари, 1990 йил, № 1, 5-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси халқ депутатлари маҳаллий Советлари, уларнинг ижроия идоралари ижарага ўтган корхоналар (ташкилотлар) дан бўшатилаётган ходимларни иш билан таъминлаш масалаларини зарур бўлса кўриб чиқсин, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни уюштирсин.
7. Ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Иқтисодий ислоҳот, бюджет сиёсати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш қўмитаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш.ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1991 йил 19 ноябрь,
428-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 1-сон, 46-модда)