Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Амир Темур орденини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Амир Темур» ордени таъсис этилсин.
2. «Амир Темур» ордени тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Амир Темур» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
4. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 266-модда) 11-моддасининг «Мустақиллик» ордени» деган сўзларидан кейин «Амир Темур» ордени» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 26 апрель,
225-I-сон
«Амир Темур» ордени тўғрисидаги
НИЗОМ
1. «Амир Темур» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар. «Амир Темур» ордени билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшганлик учун ҳам тақдирланадилар.
«Амир Темур» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
2. «Амир Темур» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва орденни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
3. «Амир Темур» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг эллик карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Амир Темур» ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.
4. «Амир Темур» ордени кўкракнинг ўнг томонига «Мустақиллик» орденидан кейин тақилади.
5. «Амир Темур» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла бериладиган пул тўлови мукофотланганнинг оиласига топширилади.
«Амир Темур» орденининг
ТАВСИФИ
«Амир Темур» ордени 0,25 микрон қалинликдаги тилла қопланган 925 даражали (пробали) кумуш қотишмадан тайёрланади ва икки ёнбағридан нурлар таралган саккиз қиррали бўртма кўринишида бўлади. Юлдузнинг бурчаклари орасида яшил ранг эмаль қопланган тарам бўлиб таралаётган нурлар жойлашган. Юлдузнинг қарама-қарши жойлашган учларининг ораси 57 миллиметр. Нурлар жо бўлган айлананинг диаметри эса 52 миллиметрдир.
Орденнинг марказида, сидирға мовий эмаль фонда гижинглаб турган оқ от минган Амир Темурнинг улуғвор қиёфаси кумушрангда тасвирланган. Отлиқ Амир Темурнинг тасвири айлана билан ўралган бўлиб, айлананинг сирт чизиғи бўйича диаметри 35,5 миллиметр, ички чизиғи бўйича диаметри 24,5 миллиметрдир.
Амир Темур қиёфасини ўраб турган оқ эмалли айлананинг юқорисида ярим ой ва юлдузни ўз ичига олган мовий мусамман тасвирланган. Мусамман жо бўлган сатҳ айланасининг диаметри 8 миллиметр. Ярим ой жо бўлган сатҳ айланасининг диаметри 5,5 миллиметр, беш қиррали юлдуз жо бўлган сатҳ айланасининг диаметри эса 3,5 миллиметрдир
Айлананинг юқорисида, мусамманнинг сўл томонига баландлиги 3 миллиметрли ҳарфлар билан «KUCH» cўзи, мусамманнинг ўнг томонига баландлиги 3 миллиметрли ҳарфлар билан «ADOLATDA» сўзи ёзилган. Айлананинг пастида, баландлиги 2,5 миллиметрли ҳарфлар билан «AMIR TEMUR» сўзлари ёзилган.
Орденнинг орқа томонида бурма қадағич бор.
Пастки қисмида орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.
Орденнинг қалинлиги 7,5 миллиметр.
Орденнинг оғирлиги 68 грамм.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 63-модда; 1997 й., 4-5-сон, 126-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон )