Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ СУД ҚАРОРЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ, СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ МОДДИЙ-ТЕХНИКА ЖИҲАТИДАН ВА МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ ДЕПАРТАМЕНТИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва суд ҳимоясининг самарадорлигини оширишга қаратилган мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг асосий вазифалари бўлиб, суд қарорларини ижро этишнинг самарали тизимини яратиш, судларни ҳар томонлама моддий-техника жиҳатидан таъминлаш ва молиялаштириш ҳисобланади.
Мазкур вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда — Суд департаменти) алоҳида ўрин эгаллайди.
Суд департаменти томонидан суд қарорларини мажбурий ижро этиш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Охирги 4 йил мобайнида ижро этилган суд қарорларининг сони 3 бараварга ошди. 2005 йил якунларига кўра, суд ижрочилари томонидан 2002 йилга нисбатан 17 баравар кўп, яъни 716,8 млрд. сўм маблағ амалда ундирилди.
Судларнинг моддий-техник таъминоти сезиларли яхшиланди. Ушбу мақсадларга ажратилаётган пул маблағлари ҳажми кейинги тўрт йилда 2,7 бараварга кўпайди. Фақатгина 2005 йилда 1,3 млрд. сўм маблағлар эвазига 60 та суд бинолари қурилди ва капитал таъмирланди, 14 та янги бинолар сотиб олинди.
Айни пайтда махсус ўтказилган текширишлар шуни кўрсатдики, лозим даражада иш ташкил этилмаганлиги оқибатида Суд департаменти фаолиятида жиддий хато ва камчиликлар мавжуд бўлиб, улар суд қарорларини мажбурий ижро этиш тизими самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Масъул мансабдор шахслар томонидан мажбурий ундирувлар бўйича юклатилган мажбуриятлар мунтазам равишда бузиб келинаётганлиги оқибатида, суд ижрочилари иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжатларидаги ижроси таъминланмаган ҳужжатлар қолдиғи йилдан йилга кўпайиб бормоқда ва 2005 йил якунларига кўра 26 фоизни ташкил этган. Улар бўйича ундирилмай қолган маблағлар эса 445,5 млрд. сўмни ташкил этган.
Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаган. Суд департаментида қонунийликни ҳамда ходимлар ўртасида интизомни мустаҳкамлаш бўйича ишлар сусайтириб юборилган. Текшириш мобайнида етарли иш тажрибасига, маълумотга эга бўлмаган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги аввалги хизмати давомида ўз шаънига иснод келтирган шахсларни масъул лавозимларга тайинлаш ҳолатлари аниқланди.
Ташкилий ва кадрлар билан ишлаш масалалари бўшаштириб юборилганлиги оқибатида Суд департаменти тизимида мансабдорлик жиноятлари охирги 3 йил давомида деярли 14 бараварга ортган.
Суд департаменти раҳбарлари ва ходимлари томонидан қарздорларнинг мол-мулкини сотишда суиистеъмолликлар, ижро ишини юритишда сансалорлик ва муддат бузилишлар, кўчмас мулк объектлари ва автотранспорт воситалари нархини қасддан камайтириш, шунингдек порахўрлик ҳолатлари учрамоқда. Ижро ҳужжатларини рўйхатга олмасдан яшириш ҳолатлари мавжуд.
Тизимда усулубий-таҳлилий ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Cудьялар, суд процесслари ва уларнинг иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш даражаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Бу соҳада зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилмаган.
Соҳадаги бундай аҳвол, авваламбор, Суд департаментида ишларнинг қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги, раҳбар кадрларнинг малакасизлиги ва улар томонидан қонунийликни бузиб келиниши натижаси бўлиб, ўз навбатида мамлакатда суд тизими обрўсига путур етказмоқда ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мавжуд салбий ҳолатнинг юзага келишига охирги йилларда Суд департаментига суд қарорларини ижро этиш бўйича бир қатор қўшимча вазифаларнинг юкланиши сезиларли таъсирини ўтказди. Жумладан, бюджет олдидаги боқиманда қарзларни қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан мажбурий ундириш, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни йўқ қилиб ташлаш ёки сотиш, молиявий жарималарни тадбиркорлик субъектларидан суд тартибида ундириш каби вазифаларнинг юклатилиши эвазига суд ижрочиларининг иш ҳажми кескин ошиб кетди. Суд ижрочисининг ўртача иш ҳажми 2001 йилга нисбатан уч баравардан ортиқ, айрим ҳудудларда эса 6-7 бараварга ошди. Шу билан бирга, Суд департаменти бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, суд ижрочилари фаолиятини ташкил этишнинг шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация ва бошқа замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмади.
Суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, Суд департаментининг унга юклатилган вазифаларни амалга ошириши юзасидан фаолияти самарадорлигини кўтариш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Суд департаменти фаолиятига раҳбарлик қилиш, суд қарорларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлари қониқарсиз деб топилсин.
Ишдаги жиддий қонунбузилишлар, камчиликлар ва йўл қўйилган суиистеъмолликлар учун Суд департаменти директори, айрим таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганлиги, текшириш материаллари қонун асосида кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раҳбарияти (Б. Мустафоев):
кадрлар таркибини ҳалол, виждонли, малакали мутахассислар билан мустаҳкамлаш, Суд департаменти бўлинмаларини касбий тайёргарлиги ва маънавий савиясига кўра эгаллаб турган лавозимига номуносиб ходимлардан тозалашни назарда тутган ҳолда 2006 йил 1 ноябрга қадар Суд департаменти ходимларини аттестациядан ўтказсин;
мутахассисларни танлаб олишда холислик ва очиқ-ойдинликни таъминлаган ҳолда суд ижрочиси лавозимига тайинлаш учун кадрларни танлов асосида саралаб олиш тартибини амалиётга жорий қилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги ПҚ-3016-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 425-модда)
3. Суд департаменти тузилмасида бошқарув ходимлари сони 22 кишидан, шу жумладан марказий аппаратда 5 кишидан иборат таркибда Ички хавфсизлик инспекцияси ташкил этилсин.
Белгилансинки, Ички хавфсизлик инспекцияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари юклатилган вазифаларни амалга оширишда бевосита Суд департаменти директорига бўйсунадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги ПҚ-3016-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 425-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р. Азимов):
Департаментнинг штат жадвали ва харажатлар сметасига мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритсин;
Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда суд ижрочилари бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ундирган пул маблағлари миқдори ҳамда ишининг якуний натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларни рағбатлантиришга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Белгилансинки, суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларига мувофиқ автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш фақат очиқ аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги икки ой муддатда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
мол-мулк баҳосини қасддан пасайтирилиши ва бошқа қонунбузилишларни олдини олишни назарда тутган ҳолда Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида суд ижрочилари томонидан хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
мол-мулкни сотадиган савдо ташкилотини танлов асосида танлаб олишни назарда тутган ҳолда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ижро ҳужжатлари асосида мол-мулкни (автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк бундан мустасно) сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р. Қосимов) билан биргаликда 2006/2007 ўқув йилидан бошлаб юридик йўналишдаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ижро иши юритуви бўйича фанлар киритсин, шунингдек мутахассисларни даврий равишда (ҳар беш йилда) Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида мажбурий ижро масалалари бўйича қайта тайёрлашни назарда тутган ҳолда замонавий талаблар ва стандартлар асосида суд ижрочиларини тайёрлаш махсус ўқув дастурини ишлаб чиқилиши ва татбиқ этилишини таъминласин;
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А. Арипов) билан биргаликда икки ой муддатда Суд департаментида ижро ҳужжатларининг маълумотлар базасини ташкил этиш ва юритиш, шунингдек суд ижрочилари томонидан ундирилган маблағларни назорат қилишга мўлжалланган ягона ахборот-компьютер тармоғини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига суд ижрочиларининг суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, рўйхатга олувчи идоралар ва молия-кредит ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини таъминлашга қаратилган ижро иш юритуви тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;
Ички ишлар вазирлиги (Б. Матлюбов) билан биргаликда икки ой муддатда: судлар, суд процесслари ва уларнинг иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги; судларнинг алоҳида топшириқларини ижро этиш, шу жумладан судга келишдан бўйин товлаган шахсларни мажбурий келтириш тартиби тўғрисидаги; шунингдек, ижро ҳаракатлари амалга оширилаётган жойларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, уларда суд ижрочиларининг ички ишлар идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини ва ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштириб туриш назарда тутилсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, шунингдек вазирликлар ва идоралар томонидан ўз норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
9. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси судлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 22 сентябрдаги 383-сон қарорининг 9-банди биринчи хатбошиси ва унга 1—4-иловалар (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 9-сон, 55-модда).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2003 йил 30 апрелдаги 197-сон қарорининг 13-банди учинчи хатбошиси (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 4-сон, 34-модда).
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Набиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 31 август,
ПҚ-458-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги ПҚ-3016-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 22-сон, 425-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарорига мувофиқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини (кейинги ўринларда — ижро ҳужжатлари) ижро этиш юзасидан автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш, шу жумладан уларни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотиш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини сотиш фақат ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари томонидан, махсус ажратилган савдо майдонларида ўтказиладиган очиқ аукцион савдолари орқали, кўчмас мулкни шу жумладан, (жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи объекти ҳисобланадиган) ер участкасини, қурилиши тугалланмаган объектни сотиш эса — риэлторлик ташкилотлари (кейинги ўринларда — савдо ташкилотчилари) томонидан ўтказиладиган очиқ аукцион савдолари орқалигина амалга оширилади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Савдо ташкилотчилари томонидан автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларида ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс бевосита ёхуд вакил орқали иштирок этишга ҳақли.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
аукцион савдосига Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган турар жой кўчмас мулки қўйилган тақдирда, унда тегишли равишда фақат Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискада турувчи жисмоний шахслар бевосита ёхуд вакил орқали иштирок этишлари мумкин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 10 февралдаги ПҚ-2488-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 7-сон, 63-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотишни амалга оширадиган савдо ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан танлов асосида белгиланади.
Зарурат бўлганда, ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк ҳажмини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ҳудудда танлов асосида бир нечта савдо ташкилотчилари белгиланиши мумкин, ушбу савдо ташкилотчилари тегишли суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларига бириктирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Савдо ташкилотчисини танлаб олишда унинг мазкур соҳадаги тажрибаси ва ишчанлик обрўси, савдо майдонлари, сақлаш жойлари, малакали мутахассисларнинг мавжудлиги, ташкилот молиявий аҳволининг қониқарлилиги, қарздорлиги, шу жумладан бюджет олдида қарздорлиги йўқлиги, кўрсатиладиган хизматларнинг қиймати ва бошқа мезонлар ҳисобга олинади.
Савдо ташкилотчиси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда — Суд департаменти)нинг ҳудудий бошқармаси ўртасида муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йилга шартнома тузилади.
Шартнома муддатини узайтиришда савдо ташкилотчиси томонидан мазкур шартнома шартларига риоя этилгани ҳамда аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги инобатга олинади.
Танловни ўтказиш тартиби, шу жумладан савдо ташкилотчиларини танлаб олиш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни кўздан кечириш ва баҳолаш
5. Автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк аукцион савдоларига қўйилгунга қадар кўздан кечирилиши ва баҳоланиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни кўздан кечириш ва баҳолаш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарорига мувофиқ уларни олиб қўйган ваколатли органнинг мансабдор шахслари томонидан ташкил этилади.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ-1430-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 44-45-сон, 378-модда)
Ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишни назарда тутувчи бошқа ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни кўздан кечириш ҳамда баҳолаш суд ижрочилари томонидан ташкил этилади.
6. Автомототранспорт воситасининг техник ҳолатини кўрикдан ўтказиш Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда — ДЙҲХХ) мутахассисининг, давлат даромадига ўтказишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича эса — шунингдек ҳудудий молия идораси вакилининг иштирокида ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Кўчмас мулк шу жумладан ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объект ҳолатини кўздан кечириш Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг ҳудудий органи мутахассисининг, давлат даромадига ўтказишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича эса — шунингдек ҳудудий молия идораси вакилининг иштирокида ўтказилади.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни кўздан кечириш натижалари бўйича суд ижрочиси (давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк бўйича — уларни олиб қўйган органнинг мансабдор шахси) ҳамда кўздан кечиришда иштирок этган шахслар томонидан имзоланадиган кўздан кечириш далолатномаси тузилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситасини баҳолашда, унинг баҳоси божхона қийматидан келиб чиқиб, бироқ «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона чегараси орқали ўтказишда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан кам бўлмаган қийматда белгиланади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ-1430-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 44-45-сон, 378-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ундирувни кўчмас мулкка, шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қарздорга тегишли бўлган ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объектга қаратилган тақдирда, қарздорнинг мазкур мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда тегишли ҳужжатлар баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга юборилади. Қарздорга тегишли ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини, кейинчалик ундирувни унга қаратиш мақсадида, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун суд ижрочиси «Ергеодезкадастр» Давлат қўмитаси органига мурожаат қилишга ҳақли. Бунда, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги суд ижрочисининг ёзма топшириғига қарздорнинг мазкур кўчмас мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Қарздорнинг ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича харажатлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киради.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
8. Кўздан кечириш ҳамда баҳолаш автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулк хатланган кундан бошлаб кўпи билан 3 кун ичида ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Автомототранспорт воситалари, кўчмас мулк ва қурилиши тугалланмаган объектни баҳолашни уларни кўздан кечириш билан бир вақтда ўтказишга йўл қўйилади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Суд ижрочиси ваколатли органдан давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни қабул қилишда барча ҳужжатларни, шу жумладан уларнинг кўздан кечирилганлиги ва баҳоланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг, ер участкаси давлат даромадига ўтказилган тақдирда — шунингдек ер участкаси плани илова қилинган ҳолда Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерининг ёки Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаларининг ҳам мавжудлигини текширади. Зарур ҳужжатлар бўлмаган, улар белгиланган талабларга мувофиқ келмаган тақдирда, ижро ҳужжати уч кунлик муддат ичида уни юборган судга қайтарилади, уларнинг мазмуни аниқ бўлмаган ҳолатларда эса — ушбу ҳолатларни ёки ижро этиш усули ва тартибини тушунтириб бериш тўғрисида мурожаат қилинади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
III. Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни аукционда сотиш учун юбориш
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш суд ижрочиси томонидан савдо ташкилотчисига бериладиган буюртма асосида амалга оширилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Суд ижрочиси автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни сотиш учун қуйидаги муддатларда савдо ташкилотчисига ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги буюртмани юборади:
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар билан биргаликда ваколатли органдан олинган куннинг эртасидан кечиктирмай;
Олдинги таҳрирга қаранг.
бошқа ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишда — баҳоловчи ташкилотдан автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот олинган куннинг эртасидан кечиктирмай.
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ-1430-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 44-45-сон, 378-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни сотиш тўғрисидаги буюртмага қуйидагилар илова қилинади:
ижро ҳужжатининг нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мол-мулкни хатлаш далолатномасининг нусхаси, хатлаш тўғрисидаги қарор;
(12-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни тавсифловчи ҳужжатлар, шу жумладан уларни кўздан кечириш далолатномаси ҳамда баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот нусхалари;
(12-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ-1430-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 44-45-сон, 378-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкдан фойдаланиш ёки уларга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари, қурилиши тугалланмаган объектлар бундан мустасно.
(12-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қурилиши тугалланмаган объектни сотишда юқоридаги ҳужжатларга қўшимча равишда ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарор, тегишли давлат органининг қурилиш учун рухсатномаси қурилаётган уй-жойни сотишда эса — маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсати нусхалари илова қилинади.
(12-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Автомототранспорт воситалари аукцион ўтказилгунга қадар суд ижрочиси томонидан белгиланган ва уларни сақлашнинг тегишли шароитлари таъминланган махсус ажратилган жойларда (ваколатли органлар, ДЙҲХХ органлари ва бошқа ташкилотларнинг сақлаш жойлари, омборлари, жарима майдончаларида) сақланади.
Бунда, суд ижрочиси автомототранспорт воситасидан ўзга шахслар томонидан фойдаланилишига ва бошқача тарзда унга тегилишига чекловни таъминлаши (муҳрлаши) шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Савдо ташкилотчисининг автомототранспорт воситаларининг сақланишини таъминлаш учун зарур шароитларга эга сақлаш жойи мавжуд бўлган ҳолларда, суд ижрочиси автомототранспорт воситасини сақланиш жойини ўзгартиришга ва уни савдо ташкилотчисига тегишли жойларда сақлаш учун беришга ҳақли. Бунда, қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилиб, суд ижрочиси, мулкни сақлаш учун масъул шахс, шунингдек мулкни сақлаш учун масъул сифатида янгидан тайинланган шахс томонидан имзоланади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Аукцион ўтказишни ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Савдо ташкилотчиси буюртмани қабул қилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай оммавий ахборот воситаларида аукцион ўтказилиши тўғрисида хабарнома беради.
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Хабарнома камида иккита (республика ва вилоят миқёсидаги) оммавий ахборот воситасида берилади. Такроран хабарнома бериш фақатгина илгари эълон қилинган оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиши мумкин.
Аукцион ўтказилиши тўғрисида хабарнома эълон қилинадиган оммавий ахборот воситалари рўйхати Суд департаменти томонидан белгиланади.
16. Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
аукцион ўтказиш санаси, вақти ва жойи;
аукцион ўтказиш шакли;
аукцион объекти, шу жумладан кўчмас мулк жойлашган ва автомототранспорт воситаси сақланаётган жой тўғрисидаги маълумот;
аукцион объектининг дастлабки (бошланғич) нархи;
аукцион иштирокчиларига аукцион объектларини олдиндан бевосита кўрсатиш тартиби;
аукционда иштирок этиш учун аризалар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилишнинг охирги муддати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ижро ҳужжатининг санаси ва рақамини кўрсатган ҳолда ҳар бир аукцион объекти бўйича бошланғич нархга нисбатан фоизларда (камида 10 фоиз) ифодаланган закалат пули миқдори ҳамда уни ўтказиш лозим бўлган савдо ташкилотчисининг банкдаги ҳисоб рақами реквизитлари;
(16-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
савдо ташкилотчисининг реквизитлари, шу жумладан алоқа (иш) телефони рақами.
(16-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
17. Аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарнома оммавий ахборот воситаларида уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк такроран кимошди савдога қўйилганда, аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарнома уни ўтказишдан камида 15 кун олдин берилиши лозим.
(17-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Савдо ташкилотчиси хабарнома эълон қилинган пайтдан бошлаб аукционга қўйилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк билан олдиндан белгиланган сана ва вақтда бевосита танишиш имкониятини яратади.
(18-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Аукцион иштирокчиларига автомототранспорт воситаси билан олдиндан бевосита танишиш учун шароит яратиш мақсадида, уни сақлаш жойи тегишли суд ижрочиси билан биргаликда ушбу Низомнинг 14-бандида белгиланган тартибда ўзгартирилиши мумкин.
19. Кимошди савдоларида сотиб олувчи сифатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган, аукционда иштирок этиш учун ўз вақтида ариза берган, зарур ҳужжатларни тақдим қилган ва белгиланган тартибда закалат пулини тўлаган юридик ва жисмоний шахслар аукционда қатнашиши мумкин.
Аризаларни қабул қилиш аукцион ўтказилишига бир кун қолганда тўхтатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Аукционда иштирок этиш учун савдо ташкилотчисига қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:
(20-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
аукционда иштирок этиш тўғрисидаги ариза;
Олдинги таҳрирга қаранг.
савдо ташкилотчисининг банкдаги ҳисоб рақамига закалат пули тўланганлигини тасдиқловчи ҳамда аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарномада назарда тутилган ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилган тўлов ҳужжатининг (квитанциянинг) нусхаси. Бунда, бир нечта аукцион объектлари бўйича закалат пули уларнинг ҳар бири учун алоҳида тўлов топшириқномалари (квитанциялар) билан тўланиши керак;
(20-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома (вакиллар учун).
Чет эл юридик ва жисмоний шахслари сўмдаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлайдиган маълумотларни қўшимча равишда тақдим этадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ер участкасини сотиш бўйича аукционда иштирок этиш учун жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти нусхасини, юридик шахслар эса юрдик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани қўшимча равишда тақдим этадилар.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
21. Аукционда иштирок этишга қўйилган шахсларга аукцион иштирокчисининг карточкаси берилади, унда:
сотиб олувчининг аукционда қатнашадиган тартиб рақами;
аукционда сотувга қўйилаётган кимошди савдоси объектининг номи;
ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Суд ижрочилари, Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари, солиқ, молия, божхона, суд, адлия, прокуратура, ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати идораларининг ходимлари, сотилаётган автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни кўздан кечирган ҳамда баҳолаган мутахассисларнинг, баҳолаш ташкилотлари ходимларининг аукционда иштирок этиши тақиқланади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. Аукцион ўтказиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Аукцион аукцион ўтказувчиси томонидан қуйидаги тартибда нархнинг ошиб бориши тамойили бўйича ўтказилади:
(23-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
а) аукционнинг бошланишида аукцион ўтказувчи объектнинг қисқача тавсифи ва бошланғич нархини, аукцион ўтказишнинг асосий шартлари, шу жумладан аукцион қадами ва аукцион натижалари тўғрисидаги баённома имзоланган кундан бошлаб 5 банк кунидан кўп бўлмаган муддатда сотиб олинган мулкнинг ҳақи тўланишини эълон қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Баҳолаш ташкилоти томонидан ўрнатилган тартибда белгиланган нарх аукцион объектининг бошланғич нархи бўлиб ҳисобланади.
(23-банд «а» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 ноябрдаги ПҚ-1430-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 44-45-сон, 378-модда)
Аукцион қадами кимошди савдоларини ўтказиш жараёнида объектларнинг ликвидлилигига қараб шаклланадиган нархнинг 1 фоизидан 10 фоизигача миқдорда белгиланади. Аукцион қадами тўғрисидаги қарор аукцион ўтказувчи томонидан аукционнинг ҳар бир объекти бўйича алоҳида қабул қилинади. Зарур ҳолларда, аукцион ўтказувчи аукцион жараёнида талаб ва таклифдан келиб чиқиб қадамни ўзгартириши мумкин.
Шундан сўнг, аукцион ўтказувчи тегишли объект бўйича аукционда иштирок этиш учун рўйхатга олинган иштирокчиларнинг рўйхат рақамларини эълон қилади. Аукцион ўтказувчи томонидан тартиб рақами айтилган иштирокчи аукционда қатнашаётганлигини тасдиқлаб рақам белгисини кўтариши лозим.
б) биринчи қадамни ҳисобга олган ҳолда бошланғич нарх эълон қилингандан кейин аукцион ўтказувчи, ўз фикрича биринчи бўлиб тартиб рақамини кўтарган иштирокчини кўрсатади. Бошқа иштирокчилар томонидан қизиқиш билдирилганда аукцион ўтказувчи аукцион қадамини ҳисобга олиб кейинги нархни эълон қилади.
Аукцион кимошди савдоси объекти учун энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчилардан бири аниқлангунга қадар давом этади.
Эришилган нарх уч марта эълон қилингандан кейин ҳам ушбу нарх учун бошқа иштирокчилар ўз тартиб рақамларини кўтармаган тақдирда аукцион якунланади. Аукцион ўтказувчи томонидан тартиб рақами охирги эълон қилинган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.
в) кимошди савдолари якунланиши билан аукцион ўтказувчи савдога қўйилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк сотилганлигини эълон қилади, унинг сотилган нархи ва аукцион ғолибининг тартиб рақамини айтади.
24. Аукцион ғолиби кимошди савдоси ўтказилган куни аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани имзолаши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Баённома уч нусхада сотиб олувчи ёки унинг вакили ва савдо ташкилотчиси томонидан имзоланади. Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
(24-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни аукционга қўйиш учун асос бўлган ижро иш юритуви тўғрисида;
аукцион ғолиби ва бошқа иштирокчилари тўғрисида;
автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк ҳамда унинг сотилган нархи тўғрисида;
аукцион ғолибининг автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкнинг қийматини тўлаш мажбурияти тўғрисида.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Аукцион натижалари тўғрисидаги баённоманинг бир нусхаси аукцион ғолибига берилади. Иккинчи нусхаси савдо ташкилотчисида қолади, учинчи нусхаси эса сотиб олувчи томонидан сотилган мулкнинг баҳоси тўлиқ тўлангандан кейин тегишли тўлов ҳужжатининг нусхасини илова қилган ҳолда суд ижрочисига юборилади.
(24-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлимининг катта суд ижрочиси пул маблағлари келиб тушганлигини текширгандан сўнг аукцион ғолибига берилган баённома нусхасида тегишли белги қўйиб, муҳр билан тасдиқлайди.
25. Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома ва тўлов ҳужжати суд ижрочисига автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни банд солишдан ечиш, шунингдек уни аукцион ғолибига бериш учун асос бўлиб ҳисобланади.
Мулкни бериш суд ижрочиси ва аукцион ғолиби ёки унинг вакили томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади.
26. Аукцион қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб топилади:
а) аукционга иккитадан кам харидор келса;
б) аукцион иштирокчиларидан ҳеч қайси бири аукцион қадамидан қатъи назар, автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни аукцион ўтказувчи эълон қилган бошланғич нархда сотиб олиш истагини билдирмаса;
в) аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортса ёки белгиланган муддатда сотилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк қийматини тўлиқ тўламаса.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Агар аукцион ўтказилмаган деб топилиши муносабати билан автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк аукцион савдоларида сотилмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 26-банди «б» кичик бандида кўрсатилган асосга кўра аукцион ўтказилмаган деб топилиши бундан мустасно, савдо ташкилотчиси автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкнинг нархини арзонлаштириш ёки уларни қайтариш масаласини ҳал этиш учун суд ижрочисига хабарнома юборади.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Суд ижрочиси хабарномани олгандан кейин уч кундан кечиктирмай автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкнинг нархини арзонлаштириш ёхуд уларни қайтариш масаласини ҳал қилади:
давлат солиқ хизмати органи ва молия органи вакиллари иштирокида автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк нархининг 10 фоизидан ошмаган миқдорда — давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича;
автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк нархининг 10 фоизи миқдорида — бошқа ижро ҳужжатлари бўйича.
Арзонлаштириш тўғрисида белгиланган тартибда далолатнома тузилади, шундан сўнг арзонлаштирилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк такрорий аукционга қўйилади.
Гаровга қўйилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича мазкур мол-мулкни аукцион савдоларида сотишда, шунингдек ушбу Низомнинг 26-банди «б» кичик бандида кўрсатилган асосга кўра дастлабки аукцион ўтказилмаган деб эълон қилинганда, автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк арзонлаштирилмайди ва биринчи баҳоланган нарх бўйича такрорий аукционга қўйилади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк такрорий аукцион савдоларида сотилмаган тақдирда, у ушбу Низомнинг 29-бандига мувофиқ арзонлаштирилган нархда суд ижрочиси томонидан ундирувчига таклиф қилинади, давлат даромадига ижро ҳужжатлари бўйича ундириш қаратилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк эса сотилгунга қадар ушбу Низомда белгиланган тартибда яна арзонлаштирилиши ва такрорий аукцион савдоларида қўйилиши лозим. Гаровга қўйилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича ушбу мол-мулк сотилмаган тақдирда, суд ижрочиси гаровга олувчига мол-мулкни такрорий аукцион савдоларидаги бошланғич сотиш нархидан 10 фоизга камайтирилган суммада ўзида қолдиришни таклиф қилади
(30-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ-1900-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 2-сон, 16-модда)
31. Арзонлаштирилган автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулк бўйича аукцион ушбу Низомда белгиланган тартибда такрорий кимошди савдоси сифатида ўтказилади.
Бунда, арзонлаштирилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк бўйича такрорий кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома уни ўтказишдан камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Ижро ҳужжати беришга асос бўлган қарор бекор қилинган ёхуд ижро ҳужжатининг ижроси қонунда белгиланган тартибда тўхтатилган тақдирда, аукцион уни ташкил этиш ёки ўтказишнинг ҳар қандай босқичида тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бу ҳақда суд ижрочиси зудлик билан савдо ташкилотчисига ёзма хабар бериши лозим.
(32-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Савдо ташкилотчиси аукцион ўтказиш ҳақида илгари хабарнома эълон қилинган оммавий ахборот воситаларида аукцион тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида хабар бериши шарт. Савдо ташкилотчиси, шунингдек, суд ижрочисининг тегишли ёзма хабари келиб тушган кундан бошлаб 5 банк кунидан кечиктирмасдан, аукционда қатнашиш истагини билдирган шахслар томонидан ўтказилган закалат пули қайтарилишини таъминлайди.
(32-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартиби
33. Аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённома имзоланган кундан бошлаб 5 банк кунидан кечиктирмасдан аукционда сотиб олинган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк ҳақини тўлаши лозим. Бунда, закалат пули тўлов суммасига қўшиб ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Аукционнинг қолган барча иштирокчиларига аукцион натижалари тўғрисидаги баённома имзоланган кундан бошлаб 5 банк кунидан кечиктирмай улар ўтказган закалат пули белгиланган тартибда қайтариб берилади. Ушбу закалат пули иштирокчининг ёзма аризасига кўра такрорий кимошди савдосида иштирок этиш ёхуд бошқа автомототранспорт воситалари ёки кўчмас мулк савдосида иштирок этиш учун савдо ташкилотчисининг банк ҳисоб рақамида қолдирилиши мумкин. Бунда, закалат пули ўтказилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномасига (квитанциясида) савдо ташкилотчиси томонидан ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда тегишли ёзув киритилади.
(33-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Савдо ташкилотчиси аукционда сотилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк учун тўлов миқдори тўлиқ келиб тушган кундан бошлаб 2 банк кунидан кечиктирмасдан ушбу пул маблағларини хизмат ҳақини ушлаб қолган ҳолда суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобварағига, давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган маблағларни эса — махсус ҳисобварағига ўтказиб беради.
Кўрсатиб ўтилган маблағлар ўз вақтида ўтказиб берилмаган тақдирда суд ижрочисининг қарорига мувофиқ савдо ташкилотчисидан кечиктирилган ҳар бир кун учун ўтказиб берилмаган пул маблағининг 0,07 фоизи миқдорида пеня ундирилади.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
35. Суд ижрочилари бўлимининг депозит ҳисобварағига (махсус ҳисобварағига) автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган маблағларни тақсимлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
36. Аукцион ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатганлиги учун ҳақ миқдори савдо ташкилотчиси ва Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади ҳамда автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган пул маблағининг 1 фоизидан ошмаслиги лозим.
(36-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
37. Аукцион ғолиби 5 банк куни давомида автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни сотиб олмаган тақдирда, аукцион натижалари тўғрисидаги баённома бекор қилинади, қўйилган закалат пули эса қайтариб берилмайди. Бу ҳолда, шунингдек ғолиб аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, ғолиб томонидан тўланган закалат пули аукцион ўтказилган кундан бошлаб 10 банк кунидан кечиктирмай тўлалигича суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимининг депозит ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Аукционни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича савдо ташкилотчисининг харажатлари суд ижрочиси томонидан ушбу маблағлардан савдо ташкилотчиси томонидан тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қоплаб берилади.
(37-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
38. Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулк сотиб олинганлигини тасдиқловчи шартнома кучига эга бўлади ҳамда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ тегишлича ДЙҲХХ ва Ергеодезкадастр давлат қўмитаси томонидан аукцион натижалари тўғрисидаги баённоманинг туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлимининг катта суд ижрочиси томонидан тасдиқланган асл нусхасига асосланиб рўйхатга олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VII. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
39. Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари савдо ташкилотчилари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича аукцион савдоларининг ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан доимий назорат олиб борадилар.
(39-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
40. Мазкур Низомнинг бузилиши қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.
41. Ушбу Низомни қўллаш бўйича келиб чиқадиган низолар суд тартибда ҳал этилади.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш юзасидан автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
| | |
БУЮРТМА |
| |
| | | | | |
|
200__ йил «____» ___________ ____ -сонли шартномага мувофиқ сотиш учун қуйидаги автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк юборилмоқда. | ||||
| № | Мол-мулк тури (автомототранспорт воситалари ёки кўчмас мулк) | Мол-мулкнинг асосий тавсифлари | Бошланғич нарх | Ижро ҳужжатининг рақами ва санаси |
| | | | | |
| | | | | |
| | | | | |
|
| ||||
|
__________________________________________ |
___________________ |
____________________ |
| |
* суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари депозит ҳисоб рақамлари, давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни сотишда эса махсус ҳисоб рақам кўрсатилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПФ-4424-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 77-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 36-сон, 360-модда; 2007 й., 45-сон, 451-модда; 2010 й., 44-45-сон, 378-модда; 2012 й., 8-9-сон, 77-модда; 2013 й., 2-сон, 16-модда; 2016 й., 7-сон, 63-модда; 2017 й., 22-сон, 425-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.11.2017 й., 06/17/5227/0206-сон; 27.01.2021 й., 06/21/6146/0065-сон; 27.04.2024 й., 06/24/67/0307-сон; 16.08.2024 й., 06/24/111/0623-сон)