Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАРХЛАРНИ БОШҚАРИШ ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сонли «Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 1997 йил 31 мартдаги 165-сон Қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Нархларни бошқариш жамғармаси маблағларидан қатъиян белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминласин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1993 йил 14 июнда 284-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С.Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 22 июль,
368-сон
Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 15 майдаги Фармонига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 1997 йил 31 мартдаги 165-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Низом Нархларни бошқариш жамғармасининг мақсади ва вазифаларини белгилайди, уни шакллантириш, ундан фойдаланиш тартибини назарда тутади ҳамда (бўйсунишдан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар) барча корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар, шунингдек (юридик шахс бўлмасдан) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотлар, товарлар, ишлар ва хизматларни тайёрловчи ва сотувчи тадбиркорлар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Нархларни бошқариш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилади.
II. НАРХЛАРНИ БОШҚАРИШ ЖАМҒАРМАСИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Нархларни бошқариш жамғармаси аҳолини хўжалик юритувчи субъектлар-монополистлар маҳсулотларига нархларнинг асоссиз равишда ўсишидан ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш ва инфляция жараёнларини юмшатиш мақсадида ташкил этилади.
Қуйидагилар бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш Нархларни бошқариш жамғармасининг асосий вазифаси ҳисобланади:
монополист корхоналар, табиий монополиялар субъектлари маҳсулотлари, товарлари, ишлари ҳамда хизматларига нарх ва тарифларнинг ўсишини тўхтатиш;
монополист корхоналар ва табиий монополия субъектлари товарлари, ишлари, хизматлари рентабеллиги, нарх ва тарифлари чекланган даражасининг ошишидан, ишлаб чиқариш ҳажмларининг асоссиз қисқаришидан ҳамда монополист корхоналар ва табиий монополия субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, кўрсатаётган хизматлар сифатининг пасайишидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
республика товар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўли билан товарлар нархларини пасайтириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларини кўпайтириш учун иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;
давлат томонидан тартибга солиб бориш назарда тутилган товарлар, ишлар ва хизматларга нархлар ва тарифларни, устамаларни шакллантириш ва қўлланиш тартибига тушунтириш ишлари олиб бориш, шунингдек давлат монополияга қарши курашиш оганлари томонидан мунтазам текширишларни ташкил этиш йўли билан хўжалик субъектларининг риоя қилишларини таъминлаш.
III. НАРХЛАРНИ БОШҚАРИШ ЖАМҒАРМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нархларни бошқариш жамғармаси монополияга қарши қонунчиликни, Нархлар (тарифлар)ни ва устамаларни шакллантириш ва қўлланиш тартибини (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 31 матрдаги 165-сон қарори билан тасдиқланган) Табиий монополия субъектларининг товарлари (ишлари, хизматлари)га нархлар (тарифлар) белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом рентабелликнинг чекланган даражасини бузганлик, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учунхўжалик субъектларига белгиланган тартибда солинадиган иқтисодий санкциялар ва жарималардан тушадиган маблағлар ҳисобига шаклланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(III-бўлимнинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги 364-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 1-сон, 2-модда)
Нархлар (тарифлар)ни, устамаларни, рентабелликнинг чекланган даражасинишакллантириш ва қўлланишда монополияга қарши қонунчиликни, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ундирилган иқтисодий санкциялар ва жарималарнинг жами суммаси (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳодимларини ижтимоий ривожлантириш ҳамда моддий рағбатлантириш жамғармасига ўтказиладиган 15 фоиздан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Нархларни бошқариш жамғармасига йўналтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Нархларни бошқариш жамғармасига тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари махсус счётида тўпланади.
Маблағларнинг Нархларни бошқариш жамғармасига тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг молия органлари томонидан амалга оширилади.
IV. НАРХЛАРНИ БОШҚАРИШ ЖАМҒАРМАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ
Нархларни бошқариш жамғармасидан ижтимоий тусдаги харажатларни маблағ билан таъминлашда ва давлат томонидан бошқариладиган нархлар (тарифлар) бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматлар нархлари (тарифлари)даги тафовутни қоплашда, ҳукумат томонидан нархлари нисбатан наст даражада тутиб туриладиган (ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчилар гуруҳларини қўшган ҳолда) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда ва репсублика ҳукумати белгилайдиган бошқа мақсадларда фойдаланилади.
Нархларни бошқариш жамғармаси маблағлари давлат бюджетини тўлдиришга йўналтириши мумкин.
Кўрсатиб ўтилган мақсадларга маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Нархларни бошқариш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг тўғрилигини назорат қилиш амалдаги қонуниликка мувофиқ амалга оширилади.