Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ФРАНЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДАГИ МОЛИЯВИЙ ПРОТОКОЛ ДОИРАСИДАГИ ҚАРЗ МАБЛАҒЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА - ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор дастурларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 1998 йил 9 апрелдаги Молиявий Протоколни бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Франция Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1-илова*га мувофиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун Франция асбоб-ускуналарини сотиб олиш ва хизматлардан фойдаланишга 35 йил муддатга, шу жумладан 10 йил имтиёзли даврга, йиллик ставкаси 4 фоиз бўлган 48 млн Франция франки миқдорида Франция Ғазнаси кредити берилиши тўғрисида Молиявий Протокол имзоланганлиги;
* 1-илова берилмайди.
Молиявий Протоколни бажариш билан боғлик қарз маблағларидан Ўзбекистон Республикасида ундириладиган солиқлар ва божларни тўлаш учун фойдаланиш мумкин эмаслиги;
Молиявий Протокол шартларига мувофиқ қарзнинг асосий миқдорини қайтариш, фоизлар тўлаш ва Протоколни бажариш доирасида амалга ошириладиган бошқа ажратмалар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган солиқлар ва йиғимлардан озод қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Франция Ҳукумати номидан ва унинг топшириғи бўйича иш кўрувчи Натексис (Natexis) банки билан қарз бериш тўғрисидаги Битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ушбу ишга Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда Франция Республикаси Ҳукумати кредит линияси ҳисобига маблағ билан таъминланадиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун масъул ташкилот этиб;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Самарқанд шаҳрида ичимлик сув ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавийлаштириш ва тақсимлаш» ва «Мўйноқ шаҳри аҳолисининг ичимлик сув таъминоти учун сувни тозалаш қурилмаси ўрнатиш» лойиҳалари бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ҳудудий-коммунал бирлашмалари, «Жанубий (Мирзачўл) канални замонавийлаштириш - II босқич» лойиҳаси бўйича — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртмачилар этиб белгилансин.
4. Белгилансинки:
кўрсатиб ўтилган объектлар қурилиши даврида харажатларнинг маҳаллий улушини маблағ билан таъминлаш ва олинган кредитлар бўйича фоизларни тўлаш Инвестиция дастурида назарда тутиладиган капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлашга ажратилган давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
қурилиш тугаллангандан кейин асосий қарзни, олинган кредитлар бўйча фоизларни ва бошқа молиявий харажатларни тўлаш қарз бериш тўғрисидаги Битим шартлари билан белгиланган муддатларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмалари ҳисобига, «Жанубий (Мирзачўл) канални замонавийлаштириш - II босқич лойиҳаси бўйича эса — давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Кўрсатиб ўтилган объектлар бўйича Франция Республикаси Ҳукумати кредитини қайтаришнинг прогноз жадвалларига 2, 3, 4-иловалар*га мувофиқ розилик берилсин.
*2, 3, 4-иловалар берилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 сентябрдаги 429-ф-сон фармойиши билан «Самарқанд шаҳрида ичимлик сув ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавийлаштириш ва тақсимлаш» ва «Мўйноқ шаҳри аҳолисининг ичимлик сув таъминоти учун сувни тозалаш қурилмаси ўрнатиш» лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асослар тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Жанубий (Мирзачўл) канални замонавийлаштириш - II босқич» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини икки ҳафта муддатда пухта ишлаб чиқсин ҳамда уни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиғига киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Молиявий протокол доирасида маблағ билан таъминланадиган контрактларнинг уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 январдаги 17-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 1-2-сон, 11-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртманомалари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги буюртманомалари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг узайтирилишини, шунингдек вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни узайтиришни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Франция Республикаси Ҳукуматининг кредит линияси ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган асбоб-ускуналар ва моддий ресурслар бож тўлашдан озод қилинсин (бож йиғимлари бундан мустасно).
12. Кўрсатиб ўтилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш учун келаётган хорижий мутахассислар ва ташкилотларга яшаганлиги ва транспортнинг барча турларида юрганлиги, коммунал хизматлар ва бинолар ижараси учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.С. Ҳамидов ва Б.М. Олимжонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 17 июнь,
305-сон