Ўзбекистон Республикасининг қонуни
УМУМИЙ ФОЙДАЛАНИШДАГИ ҲАВО, ТЕМИР ЙЎЛ, ИЧКИ СУВ ВА АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИ ЙЎЛОВЧИЛАРИНИНГ МАЖБУРИЙ ШАХСИЙ ДАВЛАТ СУҒУРТАСИ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 9 июндаги ЎРҚ-388-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
Ушбу Қонун давлат суғурта органлари билан ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчилари ўртасидаги суғурта воқеаси бошланиши биланоқ ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий давлат суғуртасига (бундан буён «йўловчиларни суғурталашга») доир муносабатларни тартибга солади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-модда. Суғурта мақсади
1. Ушбу Қонуннинг мақсади йўловчиларнинг суғурта ҳимоясини таъминлаш ҳамда мажбурий давлат суғуртаси шартларини яхшилашдан иборатдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Йўловчиларни мажбурий суғурталаш тўғрисидаги қонунлар ушбу Қонундан ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат бўлади.
2-модда. Суғурта шакли
Сафар (парвоз) вақтида ёки тайёрагоҳ, шоҳбекат, бекат, бандаргоҳда рўй бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан давлат мажбурий суғуртасидан ўтказилиши керак бўлган ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчилари муқаррар тарзда суғурталанадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар:
шаҳар атрофига қатновчи темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчилари;
шаҳар ичида қатновчи автомобиль транспорти йўловчилари;
бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида қатновчи автомобиль транспорти йўловчилари учун 50 километр масофагача давлат мажбурий суғуртаси қўлланилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Суғурталаш объекти ва субъекти
Суғурталаш объекти йўловчиларнинг саломатлиги ва ҳаётидир.
Суғурталанувчилар – умумий фойдаланишдаги тайёралар, поездлар, автобуслар, кемалар ва паромларда йўловчиларни ташувчи транспорт ташкилотларидан чипталарни сотиб олган жисмоний шахслар (йўловчилар).
Суғурталовчи – давлат суғурта ташкилоти.
4-модда. Суғурта воқеалари
Суғурта муддати давомида рўй берган ҳамда бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги ҳужжат, даволаш-олдини олиш муассасасининг далолатномаси билан тасдиқланган шикастланиш, заҳарланиш ёки ҳалок бўлиш ҳоллари суғурта воқеаси ҳисобланади.
5-модда. Суғурта тўловлари
Суғурта тўлови чипта қийматига қўшилади ҳамда уни транспорт ташкилоти йўловчидан ундириб олади.
Суғурта пули ҳамда суғурта тарифини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспортида бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланувчи йўловчилар амалдаги қонунларга мувофиқ суғурта пули тўламаган ҳолда давлат мажбурий суғуртасидан ўтказилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Суғурта муддати ва суғурта амал қиладиган жой
Йўловчилар чипта сотиб олиб, дастлабки жўнаш жойи (тайёрагоҳ, шоҳбекат, бекат, бандаргоҳ) ҳудудига борган пайтларидан бошлаб транспорт воситаси жадвал бўйича жўнашига кўпи билан бир соат қолгунга қадар суғурталанган ҳисобланадилар.
Суғурта муддати йўловчи борар манзилидаги тайёрагоҳ, шоҳбекат, бекат, бандаргоҳ ҳудудидан чиққанидан кейингина тугайди.
7-модда. Суғурта суммаларини тўлаш
Суғурта қилинган йўловчи транспортда рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли шикастланган ёки умумий меҳнат қобилиятини йўқотгани тақдирда унга суғурта пулини турар-жойдаги давлат суғурта мубоширлиги тўлайди.
8-модда. Бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги ҳужжатни тузиш
Транспорт ташкилоти суғурта қилинган йўловчи билан транспортда рўй берган ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳақида ҳужжат тузади.
9-модда. Низоларни қараб чиқиш
Суғурта суммаларини тўлашга доир низолар давлат суғурта идоралари томонидан бир ой муддат ичида қараб чиқилади. Агар суғурталанувчи шахснинг талаби қондирилмаса, у судга мурожаат этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 7 май,
866-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й.,6-сон, 250-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й.,3-сон, 38-модда)