ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШЕРОБОД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Шеробод туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2027 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боби, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги 126-сон Фармонига мувофиқ, 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш билан таъминлаш учун иш ўринларини захирага қўйиш мақсадида, туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2026 йил 09-октябрдаги 22-13-01-09/1614-сонли хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Шеробод тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармонига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобилжойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг таклифлари маъқуллансин ва 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун жами 655 та иш ўрни захирага қўйилсин, шундан давлат ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бўйича 629 та, ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар бўйича 26 та иш ўрни белгилансин.
3. 2027 йилда захирага қўйиладиган иш ўринларининг:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) бўйича манзилли рўйхати 1-иловага;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) бўйича манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизини календар йил бошланишидан олдин 10 кундан кечиктирмай тайёр ҳолга келтирсин ҳамда бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ахборот тақдим этсин;
иш ўринларининг қолган қисмини календар йилнинг биринчи чораги давомида захирага қўйсин ҳамда биринчи чорак тугаганидан кейин 10 кун ичида бу ҳақда ахборот тақдим этсин;
ишга жойлаштирилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этиб борсин.
Иш ўринларини захирада сақлаш «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги 64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларни белгиланган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган иш берувчилар субсидия олиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 13, 34, 38, 39, 40 ва 41-моддаларига мувофиқ мазкур қарор талабларини бажармаган иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Жарима қўлланилиши иш берувчини захирага қўйилиши лозим бўлган иш ўринларини яратиш мажбуриятидан озод этмайди.
7. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (Ш.Ш. Эгамбердиев):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали иш берувчининг «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетига юборсин;
қарор ижроси устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширсин;
қарор талабларини бажармаган ёки фуқароларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Шеробод тумани Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси О. ТУРСУНОВ
Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани,
2026 йил 14 ноябрь,
VII-28-112-8-119-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.