ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАЙХОНТОҲУР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Шайхонтоҳур туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2027 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боби, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги 126-сон Фармонига мувофиқ, 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш билан таъминлаш учун иш ўринларини захирага қўйиш мақсадида, туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2026 йил 30-сентябрдаги 26/08-01/01-1612-сонли хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Шайхонтоҳур туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2026 йил 30-сентябрдаги 26/08-01/01-1612-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги 98-сон Фармонига мувофиқ ижтимоий эҳтиёжманд шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги ҳамда 126-сон Фармонига мувофиқ иш ўринларини мажбурий захиралаш тартиби белгиланганлиги ижро учун қабул қилинсин.
3. Шайхонтоҳур туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг таклифлари маъқуллансин ва 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун жами 2 591 та иш ўрни захирага қўйилсин, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун — 753 киши;
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун — 85 киши;
ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзолари учун — 1 671 киши;
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун — 53 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун — 17 киши;
одам савдосидан жабрланган шахслар учун — 12 киши.
4. 2027 йилда захирага қўйиладиган иш ўринларининг:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) бўйича манзилли рўйхати 1-иловага;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) бўйича манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизини календар йил бошланишидан олдин 10 кундан кечиктирмай тайёр ҳолга келтирсин ҳамда бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ахборот тақдим этсин;
иш ўринларининг қолган қисмини календар йилнинг биринчи чораги давомида захирага қўйсин ҳамда биринчи чорак тугаганидан кейин 10 кун ичида бу ҳақда ахборот тақдим этсин;
ишга жойлаштирилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этиб борсин.
Иш ўринларини захирада сақлаш «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги 64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларни белгиланган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган иш берувчилар субсидия олиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 13, 34, 38, 39, 40 ва 41-моддаларига мувофиқ мазкур қарор талабларини бажармаган иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Жарима қўлланилиши иш берувчини захирага қўйилиши лозим бўлган иш ўринларини яратиш мажбуриятидан озод этмайди.
8. Шайхонтоҳур туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (Л. Олжаев):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали иш берувчининг «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетига юборсин;
қарор ижроси устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширсин;
қарор талабларини бажармаган ёки фуқароларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини таъминласин.
9. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси, ижросини таъминлаш Шайхонтоҳур туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Мирсаматов зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси А. ГАФУРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 27 октябрь,
III-36-112-14-205-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.