ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ДАНҒАРА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Данғара туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2027 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боби, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги 126-сон Фармонига мувофиқ, 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш билан таъминлаш учун иш ўринларини захирага қўйиш мақсадида, туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2026 йил 30 сентябрдаги 32/08-01/16-10-сонли хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Данғара тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2026 йил 30 сентябрдаги 32/08-01/16-10-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги 98-сон Фармонига мувофиқ ижтимоий эҳтиёжманд шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги ҳамда 126-сон Фармонига мувофиқ иш ўринларини мажбурий захиралаш тартиби белгиланганлиги ижро учун қабул қилинсин.
3. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг таклифлари маъқуллансин ва 2027 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун жами 694 та иш ўрни захирага қўйилсин, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун — 298 киши;
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун — 47 киши;
ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзолари учун — 320 киши;
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун — 5 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун — 21 киши;
одам савдосидан жабрланган шахслар учун — 3 киши.
4. 2027 йилда захирага қўйиладиган иш ўринларининг давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) бўйича манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизини календар йил бошланишидан олдин 10 кундан кечиктирмай тайёр ҳолга келтирсин ҳамда бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ахборот тақдим этсин;
иш ўринларининг қолган қисмини календар йилнинг биринчи чораги давомида захирага қўйсин ҳамда биринчи чорак тугаганидан кейин 10 кун ичида бу ҳақда ахборот тақдим этсин;
ишга жойлаштирилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этиб борсин.
Иш ўринларини захирада сақлаш «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги 64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларни белгиланган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган иш берувчилар субсидия олиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 3-, 13-, 34-, 38-, 39-, 40- ва 41-моддаларига мувофиқ мазкур қарор талабларини бажармаган иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Жарима қўлланилиши иш берувчини захирага қўйилиши лозим бўлган иш ўринларини яратиш мажбуриятидан озод этмайди.
8. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Д. Дадамирзаев:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини «Бандлик хизмати» ахборот тизими орқали иш берувчининг «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетига юборсин;
қарор ижроси устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширсин;
қарор талабларини бажармаган ёки фуқароларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини таъминласин.
9. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
10. Қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Данғара тумани Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси Д.Дадамирзаев зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу қарор 2027 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси К. ДАДАБОЕВ
Фарғона вилояти, Данғара тумани,
2026 йил 23 октябрь,
VI-29-65-11-155-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.