ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАВБАҲОР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5- сонли қарорининг 7-бандида «ҳар йили 1 октябрга қадар новегетация даврида сув истеъмолчилари кесимида экинларни суғориш учун сув олиш ҳажмлари ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимитлар доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 28 август санасидаги «2026-2027 йилларнинг куз-қиш даври учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш ҳамда мавсум давомида ирригация мелиорация обектларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 208-сонли буйруғи ҳамда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2026 йил 11-сентябр санасидаги 114-сонли буйруқлари қабул қилинди.
Мазкур буйруқлар асосида Навбаҳор тумани ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун 2026–2027 йиллар куз-қиш, яъни новегетация даврига сув олиш лимитлари белгиланган.
Ушбу лимитлар доирасида тумандаги 367 та сув истеъмолчиси, жумладан, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 2026–2027 йиллар ҳосили учун экиладиган 7902 гектар ғалла майдонларини суғориш, 5866 гектар пахта майдонларида шўр ювиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, мавжуд боғ ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларидаги жами 9 371 гектар майдонда экилган тўқсонбости ва озуқабоп экинларни суғориш режалаштирилган.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун жами 59,81 миллион метр куб сув ажратилган. Мазкур сув ҳажмини истеъмолчилар билан тузилган шартномалар ва тақдим этилган буюртманомалар асосида, сув хўжалиги назоратчилари кўмагида белгиланган навбат ва график асосида етказиб бериш муассасамизнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг депутатлик гуруҳи ташаббус масаласини кенг муҳокама қилган ҳолда, «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Ж.Худайбердиевнинг 2026 йил 16-сентябрдаги 02-445-сонли хати ҳамда, халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссиясининг 2026 йилдаги 12-октябрдаги ДКҚ 03-04/116-26-сонли қарори ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига асосан, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижроси ҳамда Навбаҳор туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ж. Худайбердиевнинг ҳисоботи қониқарли деб топилсин.
2. Навбаҳор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Ж. Худайбердиев Навбаҳор тумани бўйича 2026-2027 йил новегетация даврида носуғориш ишлари учун ажратилган сув лимити тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари З. Ғуломов ва Навбаҳор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Ж. Худайбердиевларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлар туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (З. Ғуломов) қарор ижросини назорат қилишни халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссия раиси (Ф. Ражабов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Т. АБДИЕВ
Навоий вилояти, Навбаҳор тумани,
2026 йил 17 октябрь,
VII-30-112-5-73-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.