Ўзбекистон Республикасининг санитария қоидалари ва меъёрлари, гигиена
нормативлари
Ўзбекистон шароитида асбест таркибли чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва кўмиш
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур санитария қоидалари ва нормалари асбест таркибли чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва кўмиб ташлашга доир асосий талабларни белгилайди. Буларнинг мақсади ушбу чиқиндиларнинг инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, шунингдек, бундай чиқиндиларни қўшимча хомашё манбаи сифатида хўжалик айланмасига жалб этишдир.
1.2. Асбест — силикатлар синфига мансуб толали минералларнинг умумий номи бўлиб, кўпинча икки турда учрайди: хризотил-асбест ва амфибол-асбест. Асбест таркибли чиқиндилар асбест таркибли материалларни қазиб олиш, бойитиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш жараёнида ҳосил бўладиган хомашё, ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқа буюмларнинг қолдиқларидан иборат.
1.3. Ушбу санитария қоидалари ва нормалари Ўзбекистон шароитида асбест таркибли чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва кўмиш жараёнларида иштирок этадиган ёки уларни назорат қиладиган ДСЕНМ ҳудудий марказлари, вазирликлар, идоралар ва лойиҳа ташкилотлари ходимлари учун мўлжалланган.
2. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИНГ ҲОСИЛ БЎЛИШИ, ТАРКИБИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ
2.1. Асбест таркибли чиқиндилар асбестдан мустаҳкамловчи материал сифатида фойдаланиладиган ишлаб чиқаришларда ҳосил бўлади. Булар асбоцемент (қувурлар, том ёпиш тунукалари, плиталар) ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва қоғоз материалларда ёнишга қарши қўшимча, ишқаланиш материаллари, пластмассаларда тўлдирувчи, ишқорга чидамли материаллар ва буюмлар, кимё, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида фильтрловчи материаллар, изоляцион ва диэлектрик материаллар тайёрлашда қўлланилади.
2.2. Тоғ-кон бойитиш корхоналарида асбест рудасини қазиб олиш ва бойитишда икки турдаги чиқинди ҳосил бўлади: қопловчи тоғ жинслари (қазиб олиш чиқиндилари) ва бойитиш чиқиндилари. Улар кимёвий таркибига кўра сувли магний силикатларига киради. Қопловчи тоғ жинслари ишлатилган карерларни тўлдириш ва шағал тайёрлаш учун ишлатилади; бойитиш чиқиндилари эса қўшимча равишда сочилувчан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва ўз эҳтиёжлари учун — карер автомобиль ва темир йўллари полотносини тўкишда фойдаланилади.
2.3. Асбест-цемент ишлаб чиқаришда нам, қуруқ, чанг ва бошқа чиқиндилар ҳосил бўлади. Нам чиқиндилар қисман ишлаб чиқаришга қайтарилади, қолганлари эса кўмиш жойларига олиб кетилади. Қуруқ чиқиндилар асбест-цемент буюмларнинг яроқсиз чиқиши ва синиши натижасида ҳосил бўлади; чангли чиқиндилар эса қувур ва муфталарга механик ишлов бериш, листларни кесиш ва асбест қопларини очиш натижасида пайдо бўлади. Ҳар икки турдаги чиқинди ҳам бетон девор маҳсулотлари учун тўлдирувчи сифатида қисман қайта ишлатилади.
2.4. Асбест тоғ-кон бойитиш ишлаб чиқариши катта миқдордаги қопловчи тоғ жинсларини қазиб олиш ва кўчириш билан боғлиқ бўлиб, уларнинг тахминан 70 фоизи ағдармага чиқариб ташланади. Ишлаб чиқарилаётган асбестнинг 50 фоиздан ортиғини истеъмол қиладиган асбест-цемент ишлаб чиқариш чиқиндилари 2 фоиздан 15,5 фоизгача; асбест-техник ишлаб чиқариш чиқиндилари эса 35 фоизгача етади.
3. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИНГ ЗАҲАРЛИЛИК ДАРАЖАСИ БЎЙИЧА ТАСНИФИ
3.1. Ўзбекистон Республикаси СанҚваМ № 0128-02 «Ўзбекистон Республикаси шароитида заҳарли саноат чиқиндиларининг гигиеник таснифлагичи»га мувофиқ, таркибида асбест бўлган чиқиндилар икки синфга — 3 ва 4-синфга бўлинади.
Хавфлилик даражасининг 3-синфига (ўртача хавфли) асбестнинг ўзи, асбест газламалар ва толалар, қистирма материаллар, сальникли втулкалар киради.
Хавфлилик даражасининг 4-синфига (кам хавфли) қуйидагилар киради: қоғоз, картон ва улардан тайёрланган буюмлар чиқиндилари, тол, рубероид ва битум шимдирилган қоғоз, асбоцемент чиқиндилари, шағал, прессланган асбест ва резина-асбест буюмлар, минерал толалар, газламалар ва иплар, асбест силлиқлаш чанги, асбест аралашган тоғ жинслари чанги.
3.2. Таркибида асбест бўлган чиқиндиларни ишлаб чиқарувчи ёки эгаси Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ҳудудий органига чиқиндиларни ҳисобга олиш учун ариза ва чиқиндиларнинг ҳар бир тури бўйича бошланғич маълумотларни тақдим этади. Бу маълумотлар чиқиндиларнинг келиб чиқиши, уларнинг агрегат ҳолати, стандартлаштирилган тадқиқот усуллари билан аниқланган чиқиндиларнинг кимёвий таркиби ва хавфлилик даражаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
4. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ВАҚТИНЧАЛИК САҚЛАШ
4.1. Корхоналарни лойиҳалашда ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг прогноз қилинаётган ҳажмига мувофиқ кутилаётган саноат чиқиндилари (жумладан, таркибида асбест мавжуд бўлган чиқиндилар) миқдори, сифати ва хавфлилик синфлари ҳақидаги маълумотларни ҳамда атроф-муҳитни санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш чоралари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар тақдим этилиши шарт (ЎзР СанҚваМнинг 0127-02-сонли «Саноат чиқиндиларини инвентаризация қилиш, таснифлаш, сақлаш ва зарарсизлантиришнинг санитария қоидалари»га қаранг).
4.2. Корхоналарда асбест чиқиндилари ҳосил бўлишини энг самарали ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш орқали минимал даражага тушириш лозим. Чиқиндисиз технологияларни яратиш имкони бўлмаган тақдирда, чиқиндилардан иккиламчи хом-ашё сифатида максимал даражада фойдаланишни таъминлайдиган чора-тадбирлар мажмуасини кўзда тутиш зарур.
4.3. Механизмлар атрофидаги полда тўпланган майда қиринди ва чиқиндиларни чанг ҳосил бўлишига йўл қўймайдиган усуллар билан тозалаш керак. Қўлда тозалаш ҳолатида нафас олиш аъзоларини шахсий ҳимоя воситалари (респираторлар) билан ҳимоялаш шарт. Бошқа усуллар билан йиғилган сочилувчи материалларни сув ўтказмайдиган қопларга (контейнерларга) жойлаштириш лозим. Идишларни алмаштириш ва бўшатишни механизациялаштирилган усулда амалга ошириш керак.
4.4. Таркибида асбест бўлган қаттиқ чиқиндилар чиқариб ташланишини кутаётганда бузилмайдиган жойларда сақланиши шарт. Сочилувчан асбест толалари бўлган қопларни (ёки бошқа идишларни) махсус ажратилган жойда майдалаб ёки зич ташиладиган тойларга ўраб чиқариб ташлаш лозим. Асбестдан бўшаган қопларни макулатура ёки бошқа материаллар учун идиш сифатида қайта ишлатиш таъқиқланади. Уларни асбест-цемент ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда иккиламчи хомашё сифатида қўллаш мумкин.
4.5. Таркибида асбест бўлган суюқ чиқиндилар махсус контейнерлар, сиғимлар ёки тиндиргичларга жойлаштирилиши ва мунтазам равишда бўшатилиши керак. Шламнинг тўкилиб кетиши ва қуриб қолишига йўл қўйилмайди.
4.6. Контейнерлар, қоплар ёки идишлардаги чиқариб ташлашни кутаётган барча асбест чиқиндилари тегишли ёзувлар ва белгилар билан таъминланиши шарт.
4.7. Чиқиндиларни корхонанинг саноат майдонида ёпиқ ёки очиқ ҳолда жойлаштириш пайтида ҳавога ажралиб чиқиши мумкин бўлган зарарли моддалар иш зонаси ҳавосидаги РЕМнинг 30% дан ошмайдиган концентрацияда; тупроқ ва сув ҳавзаларига эса — мавжуд гигиеник меъёрлардан ошиб кетмайдиган миқдорда бўлиши рухсат этилади.
4.8. Асбест таркибли чиқиндиларни йиғиш ва вақтинча сақлаш бўйича барча тадбирлар ва жараёнларни бажаришда ишчилар тегишли ҳимоя кийимлари ва нафас олиш ниқобларини тақишлари шарт.
5. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТАШИШ
5.1. Саноат чиқиндиларини полигонга ташиш автомобиль ва темир йўл транспорти орқали амалга оширилиши мумкин; бунда таркибида асбест мавжуд чиқиндиларни транспортга юклаш, ташиш, тушириш ва полигонда кўмиш ЎзР СанҚваМ №0127-02 «Саноат чиқиндиларини хатловдан ўтказиш, таснифлаш, сақлаш ва зарарсизлантиришнинг санитария қоидалари»га мувофиқ корхона томонидан ишлаб чиқилган махсус йўриқнома асосида бажарилиши лозим.
5.2. Чиқиндиларни юклаш, ташиш, тушириш ва кўмиш билан боғлиқ ишлар механизациялаштирилган бўлиши шарт; чиқиндиларни ташишда йўлда йўқотишлар ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши эҳтимоли истисно этилиши керак. Қадоқланмаган асбестни очиқ юк машиналарида ва темир йўл платформаларида ташиш тақиқланади. Ташиш пайтида чиқиндилар тўкилган ҳолларда, унинг ҳажмига мос чораларни зудлик билан кўриш зарур. Агар тўкилган чиқиндилар ҳажми кичик бўлса, уларни дастлабки идишга йиғиш, катта бўлганда эса намлаб, шахсий ҳимоя воситаларидан (респираторлардан) фойдаланган ҳолда, барча эҳтиёт чораларини кўриб, олиб ташлаш лозим.
6. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИ КЎМИШ
6.1. Таркибида асбест бўлган чиқиндиларни кўмиш қаттиқ маиший чиқиндилар (ҚМЧ) ва утилизация қилинмаган қаттиқ саноат чиқиндилари полигонларида амалга оширилиши шарт (ЎзР СанҚваМ № 0127-02 «Саноат чиқиндиларини инвентаризация қилиш, таснифлаш, сақлаш ва зарарсизлантиришнинг санитария қоидалари» ҳамда ЎзР СанҚваМ № «Ўзбекистон шароитида махсус полигонларда қаттиқ маиший чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантиришга қўйиладиган санитария талаблари»га қаранг).
6.2. ҚМЧ полигонларига таркибида асбест бўлган 4-хавфлилик синфига мансуб чиқиндилар миқдорий жиҳатдан чекланмаган ҳолда қабул қилинади. 3-хавфлилик синфига мансуб чиқиндилар эса чекланган миқдорда (ҚМЧ массасининг 30 фоизидан ошмайдиган миқдорда) қабул қилиниб, маиший чиқиндилар билан биргаликда жойлаштирилади. Бундай чиқиндилар рўйхати ДСЕНМ ҳудудий марказлари билан келишилади.
6.3. Ҳудуддаги ДСЕНМ маркази полигонларнинг қурилиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат санитария назоратини олиб боради.
6.4. Полигонларни сув манбалари ва минерал сувлар санитария муҳофазаси зоналари ҳудудида, курортларнинг барча муҳофаза зоналарида, ёриқ тоғ жинсларининг ер юзасига чиқиш жойларида, сув қатламлари юзага чиқадиган жойларда, шунингдек аҳолининг оммавий дам олиш масканлари ва соғломлаштириш муассасалари ҳудудларида жойлаштириш тақиқланади.
6.5. Полигонлар аҳоли пунктларига нисбатан устунлик қилувчи шамол йўналишига қарши томондан жойлаштирилиши лозим; дарёлар оқими бўйича хўжалик-ичимлик сув таъминоти учун сув олиш жойларидан пастроқда, балиқларнинг оммавий кўпайиш ва ўсиш ҳудудларидан қуйи оқимда, хўжалик-ичимлик мақсадларида фойдаланиладиган очиқ сув ҳавзалари сув йиғиш майдонлари чегарасидан ташқарида бўлиши керак.
6.6. Полигонлар ер ости сувлари 20 метрдан чуқурроқда жойлашган ва фильтрация коэффициенти суткасига 10ъ6 метрдан ошмайдиган кам ўтказувчан жинслар билан қопланган жойларда жойлаштирилиши лозим. Кўмиш жойлари тубининг асоси ер ости сувлари сатҳининг энг юқори мавсумий кўрсаткичидан 4 метрдан кўп бўлмаган масофада бўлиши керак.
6.7. Полигонларнинг санитария-муҳофаза зонаси ўлчами амалдаги санитария-эпидемиология қоидалари ва меъёрларига мувофиқ белгиланади; санитария-муҳофаза зонаси ҳудуди ободонлаштирилган ва кўкаламзорлаштирилган бўлиши шарт.
6.8. Полигонлар қишлоқ хўжалиги ерлари ва транзит магистрал йўллардан камида 200 метр, дам олиш мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланмаган ўрмон массивлари ва дарахтзорлардан камида 50 метр масофада жойлаштирилиши керак. Полигон ҳудудининг саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги экинзорлари, ўрмонзорлар ва бошқа объектлар томон қиялиги 1,5 фоиздан ошмаслиги лозим.
6.9. Жарликларда, балкаларда, чўкувчан грунтли участкаларда, шунингдек карст жараёнлари ривожланган ҳудудларда; турар жой қурилиши, саноат корхоналарини кенгайтириш, соғломлаштириш муассасаларини қуриш ва ташкил этиш учун захирага олинган ҳудудларда ҳамда аҳолининг дам олиш жойларида полигонлар барпо этишга йўл қўйилмайди.
6.10. Полигон ҳудуди периметри бўйлаб ҳудудни сув босишдан ҳимоя қилиш мақсадида чуқур ер ости сувларини дренажлаш ва атмосфера ёмғир ҳамда қор сувларини ушлаб қолиш учун ҳалқасимон канал билан ўралади.
Полигон ҳудуди бутун ички периметри бўйлаб баландлиги 1,5 — 1,7 м, кенглиги 3,0 — 3,5 м бўлган тупроқ кўтарма билан ўралади.
7. АСБЕСТ ТАРКИБЛИ ЧИҚИНДИЛАРНИ КЎМИШ ХУСУСИЯТЛАРИ
7.1. Полигонга олиб чиқиладиган барча чиқиндилар учун чиқиндилар таркибининг техник тавсифи ва полигонда улар билан хавфсиз ишлаш чоралари қисқача баён этилган Паспорт тузилиши шарт.
7.2. Хавфлилик даражаси 4-синфга мансуб қаттиқ чиқиндилар полигонда қатлам-қатлам қилиб жойлаштирилади, ҳар бир қатлам текисланиб, зичланиши лозим.
Хавфлилик даражаси 3-синфга мансуб қаттиқ чангли ва чангсимон чиқиндиларни кўмиш ўлчамлари меъёрланмайдиган котлованларда амалга оширилиши керак. Чиқиндиларни котлованларга тўкиш уларни қатламма-қатлам зичлаган ҳолда олиб борилиши лозим. Котлованлардаги чиқиндиларнинг энг юқори сатҳи ҳудуднинг котлованларга туташган режалаштирилган белгисидан камида 2 м паст бўлиши шарт.
7.3. Чангсимон чиқиндиларни кўмиш котлованларда, чиқиндиларнинг тарқалишини олдини оладиган чоралар кўрилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Ушбу чиқиндиларни транспортдан тушириш пайтида шамол билан тарқалишини олдини олиш учун намлаш усулидан фойдаланиш ёки пакетларда ёхуд қоғоз қопларда ташиш лозим. Чангсимон чиқиндилар ҳар сафар котлованга юклангандан сўнг, улар тупроқ билан қопланиши шарт.
7.4. Қудуқлар ва шахталардан фақат таркибида асбест бўлган бўлакли чиқиндиларни сақлаш учун фойдаланиш мумкин.
7.5. Котлован лойиҳада кўрсатилган чегаравий сатҳгача чиқиндилар билан тўлдирилгандан сўнг, улар 0,25 метр қалинликдаги зичланган тупроқ қатлами билан қопланиши лозим. Полигондан фойдаланиш тугагандан сўнг, атроф-муҳитнинг табиий ҳолатини тиклаш бўйича чора-тадбирлар (рекультивация, кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш) кўзда тутилиши зарур.
8. ПОЛИГОНЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ НАЗОРАТИ
8.1. Полигондан фойдаланиш жараёнида корхона лаборатория хизмати томонидан чиқиндилар таркибига кирувчи заҳарли моддаларнинг ер ости сувларида, полигонга туташ ҳудуд тупроғида, полигон атрофидаги ўсимликларда, шунингдек, атмосфера ҳавосидаги миқдори Ўзбекистон Республикаси СанҚваМнинг «Ўзбекистон шароитида махсус полигонларда қаттиқ маиший чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантиришга қўйиладиган санитария талаблари»га мувофиқ мунтазам равишда назорат қилиниши шарт.
8.2. Полигон паспорти, намуналар олиш частотаси, намуналар олиш нуқталари ва ер ости сувлари, тупроқ, ўсимликлар ҳамда ҳаво намуналарини таҳлил қилиш жадваллари корхонанинг бош муҳандиси томонидан ДСЕНМ ҳудудий марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
8.3. Текширилаётган муҳитларда фонга нисбатан зарарли моддалар миқдори ошганлиги аниқланса, дарҳол бунинг сабабини ўрганиш ва зарарли моддаларнинг атроф-муҳитга кириб боришини бартараф этиш бўйича махсус чора-тадбирлар кўриш лозим.
8.4. Чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш ва полигонга қабул қилиш билан шуғулланувчи ходимлар корхоналар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган техника хавфсизлиги, ёнғинга қарши хавфсизлик ва саноат санитарияси қоидалари билан таништирилиши шарт. Раҳбарлар ушбу қоидаларнинг амалдаги талабларга мувофиқлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
8.5. Полигон ходимлари эҳтимолий заҳарланиш аломатлари ва биринчи ёрдам кўрсатиш усуллари ҳақида хабардор қилиниши, шунингдек, мавсумга мос равишда махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.