Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқадиган ташкилий-амалий вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқиб, истиқлол даврида, айниқса, ўтган ўн йил давомида мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотларнинг аҳамиятини ҳамда келгусида амалга ошириладиган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек юртимизда инсон қадрини янада юксалтириш бўйича Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган миллий дастурларни амалга оширишда парламентнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирлар бўйича «Йўл харитаси» (бундан буён матнда «Йўл харитаси» деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг медиа-режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Йўл харитаси»да назарда тутилган вазифалар ва тадбирлар бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосарлари, қўмиталари раислари ҳамда Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига «Йўл харитаси»да белгиланган тегишли тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг органларига белгиланган вазифаларни амалга оширишда илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Матбуот хизмати ҳамда Парламент ахборот-таҳлил маркази «Йўл харитаси» доирасида амалга оширилган ишларни оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлими «Йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида Қонунчилик палатасининг раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 сентябрь,
2518-V-сон