ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ДЕНОВ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Қаттиқ маиший чиқиндиларини олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-387-сонли қарори 8-бандида 2026 йил 1 январдан бошлаб ободонлаштириш бошқармалари томонидан туман (шаҳар)лар марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатишга рухсат берилиши, бунда чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатганлик бўйича тарифлар туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашларига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Санитар қоидалари ва меъёрларига асосан ҳудудлар бўйича ўрнатилган меъёрлардан истеъмолчининг фаолият туридан, жойлашувидан ва хизматидан фойдаланиш усулидан келиб чиқиб истеъмолчи томонидан 1 м3 ҚМЧ (қаттиқ маиший чиқиндилар) ҳажми учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларини марказий чиқинди сақлаш объектига олиб бориб жойлаштириш хизмат ҳаққи суммаси тасдиқланиши зарурлиги белгиланган.
Туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси, туман Санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлимлари билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ташкил этиши зарур.
Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифлари юзасидан, Денов тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси А. Тоштемировнинг маърузасини муҳокама қилиб, 2026 йил 15 июлдаги 01-37/805-сонли хатини, билдирилган фикр мулоҳазаларни инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Денов туман Кенгаши қарор қилади:
1. Денов тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси А. Тоштемировнинг Қаттиқ маиший чиқиндиларини олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифларини тасдиқлаш тўғрисидаги маърузаси ва 2026 йил 15 июлдаги 01-37/805-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2026 йил 3 февралдаги Вилоят ҳудудида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиб кетиш хизматлари тарифларини тасдиқлаш тўғрисида ВИИ-17-14-8-0-К/26-сонли қарори билан Денов тумани учун белгиланган тарифлар тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-387-сонли қарорининг 8.(а) бандига асосан Денов тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш тарифлари илова мувофиқ тасдиқлансин.
4. Денов тумани ҳудудида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатганлик бўйича тарифлар тўғрисидаги туман ҳокимлигининг туман Ободонлаштириш бошқармаси ва туман Иқтисодиёт ва молия бўлими билан келишилган ҳолда берган таклифи маъқуллансин.
5. Туман ҳокими ўринбосари — Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи (К. Касимов)га:
туман марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тақдим этган тарифлари амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда тузилганлигига шахсан масъул эканлиги белгилансин.
Шунингдек, ушбу тарифлар тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинлари еттилиги билан ҳамкорликда аҳоли ва тадбиркор субъектларига тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борсин.
аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган тарифлар бўйича эътирозлар туғилганида, шу билан биргаликда, зарурат туғилганида тарифларни қайта кўриб чиқиш учун туман Кенгашига киритилиши белгилансин.
6. Юқоридаги вазифалар ижроси юзасидан мутасадди раҳбарлар томонидан ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари туман Кенгашига маълумотлар тақдим этиб борилсин.
7. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (О. Ниязов) зиммасига юклатилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради
Кенгаш раиси А. ХОЛМАТОВ
Сурхондарё вилояти, Денов тумани,
2026 йил 26 сентябрь,
VII-24-68-8-111-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.